Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ота-оналар ўз ўрнаги билан фарзандларига севги фазилатини ривожлантиришга кўмаклашади

ҚИЙИНЧИЛИКНИ ЕНГИШГА ҚАДАМ

Ахлоқий таълим-тарбия

Ахлоқий таълим-тарбия

Мактаб томонидан уюштирилган саёҳатларнинг бирида ўсмир ўғил болалар ўқувчи бир болани зўрлашда айбланишган. Уларнинг ҳаммаси Канаданинг нуфузли хусусий мактаб ўқувчилари бўлган. Бу нохуш воқеани Леонард Стерн «Оттава ситизен» газетасида шундай деб шарҳлаган: «Зукко, ўқимишли ёки жамиятнинг муайян табақасига тегишли бўлиш ёшларни ёмон хулқ-атворга қарши курашишга ундамаяпти».

Стерн яна шундай қўшиб қўйди: «Сиз “Фарзандларга ахлоқий таълим-тарбия бериш биринчи навбатда ота-онанинг зиммасида” деб ўйлашингиз табиий. Аммо ҳақиқат шундаки, аксарият ота-оналар фарзанди олий маълумотли бўлиши, катта маошли ишга кириши ҳақида кўпроқ қайғуради».

Тўғри, таҳсил олиш муҳим. Аммо энг олий ўқув юртларида ўқиш инсонга ёмон истак ва мойилликларга қарши курашишга ёрдам бермайди. Унда қаердан бу соҳаларга тегишли таълимни — ахлоқий йўл-йўриқни олишимиз мумкин?

МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ТАРБИЯ

Муқаддас Китоб кўзгуга ўхшайди. Унга диққат билан қарасак, камчилик ва нуқсонларимизни яхшироқ кўрамиз. (Ёқуб 1:23–25) Аммо Муқаддас Китоб бундан-да кўпроғига қодир. У зарурий ўзгаришларни қилишимизга, тинчлик ва якдилликка ҳисса қўшадиган фазилатларни ривожлантиришга ёрдам беради. Бу фазилатларга, шунингдек, ҳиммат, меҳрибонлик, сабр-тоқат, ўзини тута билиш ҳамда севги киради. Севги эса «инсонларни етук даражада бирлаштиради». (Колосаликларга 3:14) Нима учун севгига ўзгача урғу берилган? Муқаддас Китобда бу фазилат ҳақида нималар ёзилганига эътибор беринг.

  • «Севги сабр-тоқатли ва меҳрибондир. Севги рашк қилмайди, мақтанмайди, кеккаймайди, одобсизлик қилмайди, ўз манфаатини кўзламайди, аччиқланмайди, хафагарчиликларни ҳисоблаб юрмайди, адолатсизликка [ёмонликка] севинмайди, балки ҳақиқат ила қувонади. Севги ҳар нарсани кўтаради,.. ҳамма нарсага чидайди. Севги ҳеч қачон тугамайди». (1 Коринфликларга 13:4–8)

  • «Севги ўз яқинига зиён етказмайди». (Римликларга 13:10)

  • «Энг аввало, бир-бирингизни самимият билан севинглар, чунки севги кўпгина гуноҳларни қоплайди». (1 Бутрус 4:8)

Сизни севувчи инсонларнинг орасида бўлганингизда ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Албатта хавфсиз, тинч ва эркин ҳис қиласиз. Чунки бу инсонлар сизга доим яхшилик тилайди, улар ҳеч қачон сизга атайин зарар етказмайди.

Севги, шунингдек, қурбонликларга боришга, бошқаларнинг манфаати учун ҳатто ҳаёт тарзини ўзгартиришга ундайди. Бир киши, дейлик унинг исми Жорж, ўғил неварали бўлди, у невараси билан кўпроқ вақт ўтказишни жуда истарди. Аммо битта муаммо бор эди: Жорж кўп тамаки чекарди. Унинг куёви эса у чақалоқ ёнида тамаки чекишини хоҳламасди. Хўш, Жорж нима қилди? Гарчи у 50 йил давомида тамаки чеккан бўлса-да, неварасининг фойдаси учун бу одатини ташлади. Ҳа, севги мана шундай кучга эга!

Муқаддас Китоб ҳиммат, меҳрибонлик ва айниқса севги каби кўпгина яхши фазилатларни ривожлантиришимизга ёрдам беради

Севги фазилатини ривожлантиришимиз керак. Болаларида бу фазилатни ривожлантиришда ота-онанинг ўрни муҳим. Ота-она фарзандларини боқади, ҳимоя қилади, улар жароҳатланса ёки касал бўлса ёрдамга келади. Яхши ота-она болалари билан суҳбатлашади ва уларга таълим беради. Шунингдек, улар фарзандларига нима яхши ва нима ёмон эканини ўргатиб, уларни тарбиялайди. Бундан ташқари, яхши ота-она бу борада болаларига яхши ўрнак кўрсатади.

Афсуски, баъзи ота-оналар зиммасидаги вазифани бажармаяпти. Бу уларнинг фарзандлари яхши инсон бўлиб улғаймаслигини англатадими? Йўқ, албатта! Ҳатто кўпгина катта ёшли инсонлар, шу жумладан, нотинч ва ноқобил оилаларда ўсган кишилар ҳаётини тубдан ўзгартириб, ғамхўр ва ишончли бўла олишди. Кейинги мақолада ўзгаришига умид йўқдек туюлган инсонлар яхши томонга ўзгаргани ҳақида билиб оламиз.