Ўқувчиларнинг саволлари
Сулаймон маъбадидаги даҳлизнинг баландлиги қанча бўлган?
Даҳлиз маъбадда Энг муқаддас хонанинг киравериш қисми бўлган. 2013 йилгача ўгирилган «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг нашрларига кўра, «бу уйнинг олд қисмидаги даҳлиз узунлиги уйнинг энидай 20 тирсак, баландлиги 120 эди». (2 Сол. 3:4, изоҳ) Бошқа таржималарда ҳам даҳлиз баландлиги «120 тирсак» бўлгани келтирилган. Бу 53 метрли минора дегани!
Лекин «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг инглиз тилидаги 2023 йилги нашрида Сулаймон маъбадининг даҳлизи ҳақида шундай дейилган: «Унинг баландлиги 20 тирсак эди» a. Бу тахминан тўққиз метрга тенг. Нега бундай ўзгариш киритилганининг бир нечта сабабини кўриб чиқайлик.
Даҳлиз баландлиги 3 Шоҳлар 6:3 да тилга олинмаган. Еремиё мазкур оятда даҳлизнинг баландлиги эмас, балки узунлиги ва эни тўғрисида ёзган. Кейинги бобда эса у маъбаднинг бошқа эътиборга лойиқ тафсилотлари, жумладан, шакли думалоқ қуйма ҳовуз, ўнта арава ҳамда даҳлиз ташқарисида турган иккита мис устун ҳақида ёзган. (3 Шоҳ. 7:15–37) Агар даҳлиз баландлиги 50 метрдан ошиқ ва у бутун маъбаддан анча баланд бўлган бўлса, нега Еремиё бу ҳақда айтмаган? Ҳатто асрлар ўтгач, яҳудий ёзувчилар даҳлиз Сулаймоннинг бутун маъбадидан баландроқ бўлмаганини айтиб ўтган.
Тадқиқотчилар маъбад деворлари 120 тирсакка тенг баландликдаги даҳлизни кўтара олишини шубҳа остига қўймоқда. Қадимда тошдан ва ғиштдан қурилган баланд иншоотлар, масалан, Миср маъбади дарвозаларининг пойдевори жуда кенг бўлган ва у тепага қараб торайиб борган. Лекин Сулаймоннинг маъбади бундай эмасди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, маъбад деворларининг қалинлиги 6 тирсакдан, яъни 2,7 метрдан ошмаган. Архитектура соҳаси бўйича тарихчи Теодор Бусинк қуйидагича хулоса қилди: «[Маъбад кираверишининг] девор қалинлиги, яъни даҳлиз 120 тирсак [баландликда] бўла олмасди».
2 Солномалар 3:4 нотўғри кўчирилган бўлиши мумкин. Гарчи айрим қўлёзмаларда бу оятда «120» деб ёзилган бўлса-да, бешинчи асрга тегишли Александрия кодекси ва олтинчи асрга оид Амвросиан кодекси каби ишончли манбаларда «20 тирсак» деб айтилган. Нега «120» деб нотўғри кўчирилган бўлиши мумкин? Ибронийчада «юз» ва «тирсак» сўзларининг ёзилиши ўхшаш. Шундай экан, нусха кўчирган одам, эҳтимол, «тирсак» сўзи ўрнига «юз» сўзини ёзган бўлиши мумкин.
Албатта, Сулаймон маъбадига оид тафсилотларни тушунишга ва уни аниқроқ тасаввур қилишга интиламиз, аммо диққатимизни маъбад ниманинг сояси бўлганига — рамзий маъбадга қаратамиз. Яҳова барча хизматчиларини бу маъбадда топинишга таклиф қилгани учун жуда миннатдормиз! (Иброн. 9:11–14; Ваҳ. 3:12; 7:9–17)
a Изоҳда «айрим қадимги қўлёзмаларда “120”, бошқаларида эса “20” тирсак дейилгани очиб берилган».