Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Мен ҳеч қачон ўрганишдан тўхтамаганман

Мен ҳеч қачон ўрганишдан тўхтамаганман

УЛУҒ Устозим Яҳовадан ўрганиш шарафига эга бўлганим учун жуда миннатдорман. (Ишаё 30:20) У Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб, гўзал ижодлари ва ташкилоти орқали топинувчиларига таълим беради. Қолаверса, Яҳова бизга ёрдам бериш учун биродару опа-сингилларимиздан фойдаланади. Ёшим юзга бориб қолган бўлса ҳам, бу барча йўллар орқали Яҳовадан ўрганишда давом этяпман. Келинг, бу ҳақда айтиб бераман.

Оилам билан, 1948 йил

Мен 1927 йили АҚШнинг Иллинойс штатидаги Чикагога яқин шаҳарчада дунёга келдим. Оилада бешта фарзанд эдик. Опам Жета, акам Дон, мен, укам Карл ва синглим Жой. Яҳовага чин қалбдан хизмат қилиш қароримиз қатъий эди. Жета 1943 йили Гилад мактабининг иккинчи синфида ўқиди. Дон, Карл ва Жой эса навбатма-навбат 1944, 1947 ва 1951 йили Бруклиндаги (Нью-Йорк) Байтилда хизмат қилишни бошлади. Уларнинг, жумладан, ота-онамнинг ажойиб ўрнаги менга қаттиқ таъсир қилган.

ОИЛАМИЗ ҲАҚИҚАТНИ БИЛИБ ОЛДИ

Ота-онам Муқаддас Китобни ўқирди ва Худони яхши кўрарди. Улар биз болаларда ҳам Худога бўлган севгини ўстирган. Лекин отам Биринчи жаҳон урушида Европада аскар сифатида хизмат қилиб қайтгач, черковга бўлган ҳурматини йўқотган. Онам эса отам тирик қайтиб келганидан хурсанд эди ва ундан: «Карл, олдингидай черковга борамизми?» — деб сўради. Шунда отам: «Сизни олиб бораман, лекин ўзим ичкарига кирмайман»,— деди. Онам: «Нега?» — деб сўради. Отам: «Уруш пайти қарама-қарши тарафдаги биз каби христиан бўлган руҳонийлар аскарлар ва уларнинг қуролларини дуо қилди. Нима, Худо иккала тарафдамиди?» — деб айтди.

Кейинроқ ойим черковда бўлганида Яҳованинг иккита Шоҳиди уйимизга келди. Улар отамга Муқаддас Китобни ўрганиш учун мўлжалланган икки жилдли «Нур» китобини таклиф қилди. Унда Ваҳий китоби ёритилганди. Отам қизиқиб бу таклифга рози бўлди. Кейин ойим бу китобларни кўриб, ўқий бошлади. Бир куни ойим маҳаллий газетада кимга қизиқ бўлса «Нур» китоблари ёрдамида Муқаддас Китобни ўрганиш мумкинлиги ҳақида ўқиди. У келтирилган манзил бўйича йўл олди. Айтилган жойга борганида эшикни кекса бир аёл очди. Ойим бу китобларнинг бирини қўлида ушлаганча: «Буни шу ерда ўрганасизларми?» — деб сўради. Ўша аёл: «Ҳа, шириним, кира қолинг»,— деб жавоб берди. Кейинги ҳафта ойим бизни ҳам ўзи билан олиб борди. Ўшандан бошлаб Муқаддас Китобни мунтазам тадқиқ қиладиган бўлдик.

Йиғилишларнинг бирида учрашувни ўтказаётган биродар мендан Забур 144:15 ни ўқишни сўради. У ерда Яҳовага топинадиганлар бахтли экани айтилган. Бу ва яна иккита оят менга қаттиқ таъсир қилди. Бири 1 Тимўтийга 1:11. У ерда Яҳова тўғрисида «бахтиёр Тангри» дейилган. Иккинчиси эса Эфесликларга 5:1. Бу оятда «Аллоҳга тақлид қилинглар» деган ундов бор. Шуни тушундимки, Яратувчимга хизмат қилишдан бахтиёр бўлишим ва бу шараф учун Ундан миннатдор бўлишим керак. Бутун ҳаётим давомида бу иккита нарсани қилишга ҳаракат қилиб келяпман.

Чикагога энг яқин жамоат 32 километр узоқликда ўтказиларди. Шунга қарамай, биз у ерга борардик ва Муқаддас Китоб бўйича билимим ошарди. Бир марта учрашувни ўтказаётган биродар шарҳ бериши учун Жетадан сўради. Уни тинглаб «Мен ҳам буни билардим. Шарҳ бериш учун қўлимни кўтарсам бўларкан» деб ўйлаб қолдим. Шундан кейин ўзимнинг шарҳларимни тайёрлайдиган бўлдим. Асосийси, ака-укам, опа-синглим билан бирга маънан ўса бошладик. Мен 1941 йили сувга чўмдим.

АНЖУМАНЛАРДА ЯҲОВАДАН ЎРГАНИШ

1942 йили Огаёнинг Кливленд шаҳрида бўлиб ўтган ҳудудий анжуманни ўзгача эслайман. Ўшанда оиламиз бошқалар қатори анжуман бўлиб ўтган жой яқинида чодирларда тўхтаганди. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар бўйлаб 50 дан зиёд шаҳарлардан бўлган биродару опа-сингилларимиз дастурни телефон орқали тинглаганди. Иккинчи жаҳон уруши авжига чиққанди. Яҳованинг Шоҳидларига бўлган қаршиликлар ўсиб бораётганди. Оқшом пайти гуруҳ-гуруҳ бўлган биродарлар машиналарни чодирга тескари қилиб, парковка қилганини кўрдим. Улар туни бўйи ҳар бир машинанинг ичида қўриқчилик қилишга келишиб олди. Агар қандайдир хавф бўлса биродарлар ҳужумчиларнинг кўзларини қамаштириш ниятида машина чироқларини ёқарди ва сигнал чаларди. Шунда бошқалар ёрдамга кела оларди. «Яҳованинг халқи ҳамма нарсага яхши тайёрланган» деб ўйладим. Бу менга ишонч бахш этди. Мен маза қилиб ухладим. Ўша тунда ҳеч нарса бўлмади.

Йиллар ўтиб, ўша анжуман ҳақида ўйласам, ойим ҳеч нарсадан ташвишланмаганини ва қўрқмаганини тушуниб етаман. У Яҳова ва Унинг ташкилотига тўлиқ ишонган. Унинг ўрнагини асло унутмайман.

Анжумандан сал олдин ойим доимий кашшоф бўлиб хизмат қила бошлаганди. Шунга у тўла вақтли хизмат билан боғлиқ нутқларни ўзгача эътибор билан тинглади. Уйга қайтаётганимизда у шундай деди: «Мен доимий кашшофлигимни давом эттирмоқчиман. Бироқ уй ишлари билан бу қўлимдан келмайди». Кейин у биздан бу борада ёрдам сўради. Биз унга кўмаклашишимизни айтдик. Шунинг учун ойим ҳар биримизга нонуштадан олдин бир ёки иккита хонани тозалашни тайинлади. Мактабга кетганимиздан кейин ойим уй саранжом эканига амин бўлгач, хизматга чиқиб кетарди. У жуда ҳам банд бўлса-да, биз фарзандларни ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмаган. Мактабдан қайтганимизда ва тушлик қилиш учун уйга келганимизда, ойим доим биз учун вақт ажратарди. Баъзида мактабдан кейин ойим билан хизматга чиқардик. Бу бизга кашшоф бўлиш нимани англатишини тушунишимизга кўмаклашган.

ТЎЛА ВАҚТЛИ ХИЗМАТНИ БОШЛАШ

16 ёшимда доимий кашшоф бўлдим. Дадам ҳали Яҳованинг Шоҳиди бўлмаса-да, хизматим билан қизиқарди. Бир оқшом дадамга шунча ҳаракат қилганимга қарамай, Муқаддас Китобни ўрганишни истайдиган одам топа олмаганимни айтдим. Кейин эса: «Мен билан тадқиқ қилишни истайсизми? — деб сўрадим. Дадам бир зум ўйлагач, шундай деди: «Йўқ дейишга сабаб топа олмаяпман». Биринчи Муқаддас Китоб тадқиқини дадам билан ўтказганман. Бу мен учун катта шараф эди.

Биз «Ҳақиқат сизларни озод қилади» номли китобдан ўрганишни бошладик. Тадқиқ қилганимиз сайин, отам менга Муқаддас Китобни яхшироқ ўрганишга ва таълим беришга кўмаклашаётганини тушуниб етдим. Мисол учун, бир сафар у битта хатбошини кўриб чиққач, шундай деди: «Муқаддас Китобда нима дейилаётганини тушуняпман, лекин унда ёзилганлар тўғри эканини қаердан биласан?» Мен нима дейишни билмасдим, шунга отамга қуйидагича дедим: «Ҳозир бу саволга тайёр эмасман. Лекин кейинги сафаргача жавоб топиб келаман» ва шундай қилдим ҳам. Муҳокама қилаётган мавзуимизни ёритиб берадиган оятларни топдим. Шундай кейин тадқиқга яхшироқ тайёрланадиган ва изланиш ўтказадиган бўлдим. Бу ҳам менинг, ҳам отамнинг маънавийлигига яхши таъсир қилди. У ўрганаётганларини амалда қўллади ва 1952 йили сувга чўмди.

ЯНГИ МАҚСАДЛАР ТУФАЙЛИ КЎПРОҚ НАРСАЛАРНИ ЎРГАНА ОЛДИМ

17 ёшимда уйдан кетдим. Жета a тўла вақтли махсус ваъзгўй, Дон эса байтилчи эди. Уларнинг иккови ҳам хизматини севарди ва бу менга қаттиқ таъсир қилди. Шунинг учун ҳам Байтилга, ҳам Гилад мактабига ариза тўлдирдим ва қолганини Яҳовага топширдим. Натижаси қандай бўлди? 1946 йили мени Байтил хизматига таклиф қилишди.

Йиллар давомида Байтилда турли хил вазифаларни бажардим. Шунга кўпгина янги нарсаларни ўргандим. Байтилда 75 йиллик хизматим давомида мен китоб тайёрлашни ва бухгалтерия ҳисоботини юритишни ўргандим. Шунингдек, экспорт ва импорт савдосини ҳам ўрганиб олдим. Менга энг кўп ёқадиган нарса бу Байтилда эрталабки топиниш ва Муқаддас Китобга асосланган нутқлар орқали мунтазам маънавий таълим олишдир.

Жамоат оқсоқоллари мактабида дарс беряпман

Қолаверса, укам Карлдан ҳам ўрнак олганман. У Байтил хизматини 1947 йили бошлаган. Карл Муқаддас Китобни зўр биларди ва яхши таълим берарди. Бир сафар нутқ тайёрлаганимда ундан ёрдам сўраганман. Унга жуда кўп маълумот йиғганимни, лекин ундан қандай фойдаланишни билмаётганимни айтганман. Шунда Карл биргина савол: «Жойл, мавзуинг нима?» — деб, менга ечим берди. Шунда у нима демоқчи эканини тушундим. Мен фақатгина мавзуга тегишли маълумотдан фойдаланишим керак эди. Бу сабоқни ҳеч ҳам унутмайман.

Байтилда қувонч топиш учун ваъзгўйликда қўлимиздан келганча ҳиссамизни қўшишимиз керак эди. Бу туфайли далдали воқеаларнинг гувоҳи бўлардик. Масалан, Нью-Йорк шаҳрида кечга яқин юз берган бир воқеани эслайман. Мен ва биродар илгари «Қўриқчи минораси» ҳамда «Уйғонинг!» журналларини олган бир аёлникига бордик. Биз ўзимизни таништириб: «Ҳозир одамлар билан Муқаддас Китобдаги далдали фикрларни бўлишяпмиз»,— деб айтдик. У эса: «Гап Муқаддас Китоб ҳақида кетаётган бўлса, ичкарига киринглар»,— деб айтди. Биз унга Худонинг Шоҳлиги ва келаётган янги дунё билан боғлиқ бир нечта оятларни ўқиб бердик ва муҳокама қилдик. Бу ўша аёлга жуда ёқди. Шунинг учун келаси ҳафта у баъзи дўстларини суҳбатга таклиф қилди. Кейинроқ у ва унинг эри Яҳованинг садоқатли хизматчилари бўлишди.

ТУРМУШ ЎРТОҒИМДАН САБОҚ ОЛДИМ

Рафиқамни учратмагунимча тахминан 10 йил давомида турмуш ўртоқ қидирдим. Муносиб турмуш ўртоқни топишимга нима ёрдам берди? «Оила қурганимдан кейин нима қилмоқчиман?» деган савол устида ибодат ила фикр юритдим.

Хотиним Мери билан туман нозирлик хизматида

1953 йили Янки стадионида бўлиб ўтган ҳудудий анжуманда Мери Аниол исмли синглимизни учратдим. У опам Жета билан Гилад мактабининг иккинчи синфида ўқиганди ва тўла вақтли махсус ваъзгўйлик хизматида опамнинг ҳамкори эди. Мери Кариб оролларидаги вазифалари ва йиллар давомида ўтказган Муқаддас Китоб тадқиқлари тўғрисида иштиёқ билан гапириб берарди. Ўзаро яқинроқ танишганимиз сайин, маънавий мақсадларимиз бир хил эканини тушундик. Бир-биримизга бўлган севгимиз ошди ва 1955 йили апрелда турмуш қурдик. Мери жуда кўп йўллар орқали Яҳованинг ҳадяси бўлди ва тақлид қилишга арзийдиган ўрнак қолдирди. У ҳар қандай вазифани бажаришдан хурсанд бўларди. Мери меҳнаткаш эди ва самимийлик ила бошқаларга ғамхўрлик қиларди. Шоҳлик ишларини доим биринчи ўринга қўярди. (Мат. 6:33) Биз уч йил давомида туман нозирлик хизматида қатнашдик ва 1958 йили жуфтлик сифатида Байтилга таклиф қилиндик.

Меридан кўп нарсани ўргандим. Мисол учун, турмушимизнинг бошида Муқаддас Китобни бирга ўқишга келишдик ва ҳар сафар 15 та оятни ўқирдик. Келишилган оятларни биттамиз ўқирдик ва уларга нисбатан фикрларимизни айтардик, олган сабоқларимизни ҳаётимизда қандай қўллашимиз мумкинлиги борасида гаплашардик. Мери кўпинча Гиладда ва тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлганида билиб олган нарсаларини бўлишарди. Бу суҳбатлар фаҳм-идрокимни ва нутқларимни яхшилашимга ёрдам берди. Ҳамда опаларга яхшироқ далда берадиган бўлдим. (Ҳик. 25:11)

Азизам Мери 2013 йили ҳаётдан кўз юмди. Янги дунёда уни кўришни интиқиб кутяпман. Ҳозир эса бутун қалбим билан Яҳовага таяниб, ўрганишда давом этиш қарорим қатъий. (Ҳик. 3:5, 6) Янги дунёда Яҳова хизматчилари учун нималар қилиши тўғрисида ўйлаганимда, таскин ва қувонч ҳис қиламан. Шуниси аниқки, бу Улуғ Устозимиздан ва Улуғ Устозимиз тўғрисида янги нарсаларни ўрганишни ўз ичига олади. Дарҳақиқат, Яҳова шу кунгача менга ўргатганлари ва кўрсатган инояти учун Унга қанча раҳмат айтсам кам!