Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

4 | Муқаддас Китобда амалий маслаҳатлар бор

4 | Муқаддас Китобда амалий маслаҳатлар бор

МУҚАДДАС КИТОБДА ШУНДАЙ ДЕЙИЛГАН: «Муқаддас Ёзувларнинг ҳаммаси... фойдалидир». (2 ТИМЎТИЙГА 3:16)

Бу оят нимани англатади?

Муқаддас Китоб тиббий қўлланма бўлмаса ҳам, унда амалий ва фойдали маслаҳатлар бор. Улар руҳий саломатлик муаммолари билан курашаётганларга ёрдам бериши мумкин. Қуйида бу маслаҳатлардан баъзилари келтирилган.

Бу оятдаги принципни қандай қўлласа бўлади?

«Соғлар эмас, беморлар шифокорга муҳтож». (МАТТО 9:12)

Муқаддас Китобда айтилишича, баъзан тиббий ёрдамга муҳтож бўлишимиз мумкин. Руҳий касаллиги бор кўплаб одамлар муаммоси ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиб шифокорга мурожаат қилишган ва бу туфайли уларнинг аҳволи анча енгиллашган.

«Икки ҳовуч заҳмат ва шамол ортидан қувишдан кўра, бир ҳовуч ором яхшироқдир». (ВОИЗ 4:6)

Соғлиғингизга яхши таъсир қиладиган одатларга вақт ва куч сарфлаш руҳий саломатлигингизни яхшилашга ёрдам бериши мумкин. Бундай одатларга мунтазам жисмоний машқлар қилиш, соғлом овқатланиш ва етарлича ухлаш киради.

«Шод юрак шифобахш малҳамдайдир, эзилган руҳ эса суякларни қуритади». (ҲИКМАТЛАР 17:22)

Муқаддас Китобдаги далдали баёнотларни ўқиш ва оқилона, эришса бўладиган мақсадлар қўйиш қувончни йўқотмасликка ёрдам бериши мумкин. Диққатингизни ижобий нарсаларга қаратсангиз ва келажакда ҳаммаси яхши томонга ўзгаришига ишонсангиз, бу сизга руҳий саломатлик муаммолари билан курашишга кўмаклашади.

«Камтарларга... донолик хосдир». (ҲИКМАТЛАР 11:2)

Эҳтимол, сиз истаган барча нарсани ўзингиз қила олмаётгандирсиз, шунга бошқаларнинг ёрдамини бажонидил қабул қилинг. Ҳойнаҳой, дўстларингиз ва оила аъзоларингиз сизга кўмаклашишни истар. Лекин улар буни қандай қилишни билмаслиги мумкин. Шунинг учун сизга айнан қандай ёрдам кераклигини уларга айтинг. Улардан ҳаддан ташқари кўп нарсани кутманг ва тақдим этаётган кўмаги учун доим миннатдор бўлинг.

Муқаддас Китобдаги амалий маслаҳатларнинг фойдаси

«Менга нимадир бўлаётганини сезиб, шифокорга мурожаат қилдим. У менга ташхис қўйди. Бу менга аслида нима бўлаётганини тушунишга ва соғлиғимга яхшироқ ғамхўрлик қилиш учун қандай тиббий муолажалар борлигини билишга ёрдам берди». (Биполяр бузилишдан азият чекаётган Николь a)

«Шуни тушундимки, рафиқам билан Муқаддас Китобни мунтазам ўқиш кунни ижобий ва далдали фикрлар билан бошлашимга ёрдам беради. Муаммойим билан курашиш айниқса қийин бўлган пайтларда муайян оятлар менга тасалли беради». (Депрессиядан азият чекаётган Питер)

«Касалим ҳақида бошқаларга айтиш қийин эди, чунки роса уялардим. Дугонам мени диққат ила тингларди ва меҳрибонлик ила ҳис-туйғуларимни тушунишга ҳаракат қиларди. Унинг ёрдами билан аҳволим анча яхшиланди ва ёлғиз эмаслигимни ҳис қилдим». (Овқатланишнинг бузилиши билан курашаётган Жи-Ю)

«Муқаддас Китоб иш ва дам олишга нисбатан мулоҳазакор ҳамда мувозанатли бўлишимга ёрдам беряпти. Ундаги доно маслаҳатлар мени қийнаб келаётган ҳиссий муаммолар билан курашишимга кўмаклашяпти». (Обсессив-компульсив бузилиш билан курашаётган Тимоти)

a Баъзи исмлар ўзгартирилган.