Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ҳа, ҳаёт яшашга арзийди!

Ҳа, ҳаёт яшашга арзийди!

Файзалнинг хотини вафот этганидан тахминан бир йил ўтгач, унинг юрагида жиддий операция ўтказилиши керак бўлди. У шундай деди: «Аюб китобини ўқиганимда, Яҳова бу парча Муқаддас Китобга киритилишини бежизга истамаганини тушунаман. Муқаддас Китобда бизникига ўхшаш вазиятларга тушган кишилар ҳақида ўқиганимизда, бу бизга тасалли бахш этади». Сўнг у: «Ҳа, ҳаёт яшашга арзийди»,— деб қўшиб қўйди.

Таршанинг онаси оламдан ўтганида, у ҳали жуда ёш эди. Тарша қуйидагиларни айтди: «Муаммоларим кўп бўлса-да, Яратувчини яқиндан билиш ҳаётимга мазмун, умид ва қувонч бағишлайди. Яҳова бизни қўллаб-қувватлашига ва ёрдам беришига амин бўлишимиз мумкин».

ОЛДИНГИ мақолаларда кўриб чиққанимиздай, ҳаётимиз турли фалокатлар дастидан қийинчиликка тўла бўлиши мумкин. Муаммоларингиз билан курашаётган экансиз, сизни ҳам: «Ҳаёт яшашга арзийдими?» ёки «Менинг кимгадир керагим борми?» — деган саволлар қийнаши мумкин. Шунга амин бўлингки, Худо дардингизга бефарқ эмас. Сиз Унинг назарида ниҳоятда қадрлисиз.

Забур китобининг 86- саносини ёзган киши Худога бўлган ишончини қуйидаги сўзлар билан изҳор қилган: «Мусибат кунимда Сенга юзланаман, боиси, Сен менга жавоб берасан». (Забур 86:7) Эҳтимол, сиз «Қандай қилиб Худо “мусибат кунимда” менга жавоб бериши мумкин?» деб ўйлаётгандирсиз.

Тўғри, Аллоҳ муаммоларингизни шу заҳотиёқ ҳал қилиб бермас, аммо У бардошли бўлишингиз учун Ўз Каломи орқали сизга ички хотиржамлик ато этишини айтмоқда. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳеч нарсадан ташвишланманглар, лекин ибодат ва илтижода тилакларингизни миннатдорчилик билан Аллоҳга билдиринглар. Шунда ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги қалбингизни ва онгингизни... ҳимоя қилади». (Филиппиликларга 4:6, 7) Илтимос, қуйидаги оятлар қай йўсин Худо бизга ғамхўрлик қилаётганига ишонтириши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг.

Худо сизга ғамхўрлик қиляпти

«Аллоҳ улардан [чумчуқлардан] биттасини ҳам унутмаган... Сизлар кўпгина чумчуқлардан кўра қадрлироқсиз». (Луқо 12:6, 7)

ЎЙЛАБ КЎРИНГ. Чумчуқлар каби кичкина қушчаларга инсонлар аҳамият беришмас, лекин Худо уларга ғамхўрлик қилади. Бу қушчаларнинг бирортаси ҳам Худонинг назаридан четда қолмайди; уларнинг ҳар бири қадрли тирик мавжудот. Инсонлар эса Аллоҳ учун чумчуқлардан ҳам қадрли. Улар Худонинг ер юзидаги ижодлари ичида энг ноёби. Чунки инсонлар Худога «ўхшаш» қилиб яратилган, яъни улар Унинг ажойиб фазилатларини ўзида ривожлантириб, намоён эта олишади. (Ибтидо 1:26, 27)

«Эй Яҳова, Сен мени ўрганиб чиқдинг, Сен мени биласан... Ўй-фикримни... тушунасан... Мени текшириб, ташвишли ўй-фикрларимдан хабардор бўл». (Забур 139:1, 2, 23)

ЎЙЛАБ КЎРИНГ. Худо сизни жуда яхши билади. У қалбингиз тубидаги ҳис-туйғуларингиз ва ташвишларингиздан хабардор. Эҳтимол, бошқалар муаммою қийинчиликларингизни тушунмас, бироқ Аллоҳ сизга ғамхўрлик қилади ва ёрдам беришни истайди. Шундай экан ҳаёт яшашингизга арзийди.

Худо сизни қўллаб-қувватлайди

«Эй Яҳова, ибодатимни эшит, ёрдам сўраб қилган фарёдим Сенга етиб борсин... Эгилиб менга қулоқ тут, чақирганимда менга тез жавоб бер... У муҳтожларнинг илтижосига эътибор беради». (Забур 102:1, 2, 17)

ЎЙЛАБ КЎРИНГ. Яҳова инсонлар азоб-уқубатлар дастидан тўккан ҳар бир кўз ёш ҳақида билади. (Забур 56:8) Шу жумладан сизнинг кўз ёшларингиз ҳақида ҳам. У сизни ниҳоятда қадрлагани учун барча қийинчилигу кўз ёшларингизни ёдида тутади.

«Даҳшатга тушма, Мен сенинг Худойингман. Сенга куч ато этаман, ёрдам бераман... Мен, Тангринг Яҳова, ўнг қўлингдан ушлаб: “Қўрқма! Сенга ёрдам бераман”,— дейман». (Ишаё 41:10, 13)

ЎЙЛАБ КЎРИНГ. Аллоҳ сизга ёрдам беришга тайёр. Агар йиқилсангиз ҳам У сизни кўтаради.

Порлоқ келажакка умидимиз бор

«Аллоҳ инсониятни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди. Токи унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки мангу ҳаётга эга бўлсин». (Юҳанно 3:16)

ЎЙЛАБ КЎРИНГ. Аллоҳ сизни шунчалик қадрлайдики, сиз учун Ўз Ўғли Исо Масиҳни тайёрлик ила қурбон қилган. Ушбу қурбонлик туфайли сиз тоабад бахтли ва мазмунга тўла ҳаёт кечиришингиз мумкин *.

Ҳаётингиз қийинчиликларга тўлиб, тушкунликка тушганда ҳам Аллоҳнинг Каломини синчковлик билан ўрганинг ва Унинг ваъдалари амалга ошишига бўлган ишончингизни мустаҳкамланг. Бу сизни бахтиёр қилиб, ҳаёт яшашга арзигулик эканига ишонч бахш этади.

^ Исонинг қурбонлиги сизга қандай фойда келтириши мумкинлиги ҳақида кўпроқ билиб олиш учун www.mt1130.com сайтига кириб, «Исо Масиҳнинг ўлимини хотирланг» номли видеони томоша қилинг. БИЗ ҲАҚИМИЗДА > ҚУТЛУҒ КЕЧЛИК сарлавҳаси остига қаранг.