Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

«Ҳали пушт шаклида бўлганимда кўзларинг мени кўрган». (ЗАБУР 139:16)

Худо сизни тушунадими?

Худо сизни тушунадими?

ХУДОНИНГ ИЖОДЛАРИ БИЗГА НИМАНИ ЎРГАТЯПТИ?

Инсонлар ўртасидаги энг яқин муносабатлар, яъни бир тухумли эгизаклар ўртасидаги ришта ҳақида ўйлаб кўринг. Уларни ниҳоятда яқин ришталар боғлаб туради. «Эгизакларни тадқиқ қилиш маркази» директори Нэнси Сегалнинг айтишича, улардан баъзилари ҳатто «бошқаси унга нима демоқчи эканини тушунтирмасдан туриб у нимани назарда тутаётганини билади». Ненсининг ўзи ҳам эгизаклардан бири. Ўзи ва эгизаги ўртасидаги муносабатларни бир аёл қуйидагича таърифлайди: «Биз бир-биримиз ҳақимизда ҳамма нарсани биламиз».

Бир-бирини шу даражада тушунишни қандай изоҳласа бўлади? Тадқиқотлар шуни кўрсатяптики, муҳит ва тарбия муҳим аҳамиятга эга бўлса-да, бир тухумли эгизакларнинг ўхшаш ирсий белгилари асосий омил ҳисобланади.

ЎЙЛАБ КЎРИНГ: Ушбу ажойиб генетик материалнинг Яратувчиси ҳар биримизнинг таркибимизни ҳаммадан яхшироқ билади. Сано бастакори Довуд ҳам шундай деган: «Онам қорнида мени парда билан қоплагансан. [...] Мен пинҳон яратилганимда.., суякларим Сендан яширин эмас эди. Ҳали пушт шаклида бўлганимда кўзларинг мени кўрган... Уларнинг ҳар бирини.., Ўз китобингга ёзиб қўйгансан». (Забур 139:13, 15, 16) Худо нафақат бизнинг ирсиятимизни билади ва бутунлай тушунади, балки ҳаётимиз давомида бизни шакллантирган барча воқеалардан хабардор. Худо биз ва ирсиятимиз ҳақида ноёб билимга эга, бу эса У бизни ҳар тарафлама тушунишига ишонтиряпти.

МУҚАДДАС КИТОБДА ХУДО БИЗНИ ТУШУНИШИ ҲАҚИДА НИМА ДЕЙИЛГАН?

Довуд шундай ибодат қилган: «Эй Яҳова, Сен мени ўрганиб чиқдинг, Сен мени биласан. Қачон ўтириб, қачон туришимдан хабардорсан. Ўй-фикримни узоқдан туриб тушунасан. [...] Тилимга сўз келмай туриб, эй Яҳова, Сен нима дейишимни аллақачон биласан». (Забур 139:1, 2, 4) Бундан ташқари, Яҳова қалбимиз тубидаги ҳис-туйғулардан хабардор ва ҳатто «ҳар қандай ўй-фикрлару ниятларни кўради». (1 Солномалар 28:9; 1 Шоҳлар 16:6, 7) Мазкур оятлар Худо ҳақида нимани ошкор этяпти?

Гарчи ибодатда ўй-фикрларимиз ва туйғуларимизни сўзлар билан ифодалай олмасак-да, Яратувчимиз нафақат нима қилаётганимизни кўради, балки нега шундай йўл тутаётганимизни тушунади. Қолаверса, ҳатто имкониятимиз чегаралангани туфайли дилимиздаги истакни амалга ошира олмасак ҳам, У яхшилик қилиш ниятимиз борлигини кўриб туради. Тангри қалбимизга биринчи навбатда севги фазилатини жо қилгани боис, У севгига тўла бўлган ўйларимиз ва истакларимизни тезда пайқайди ва яхши тушунади. (1 Юҳанно 4:7–10)

Ҳеч нарса Аллоҳнинг назаридан четда қолмайди. Ҳатто бошқа одамлар қайғураётганимизни билмаса ёки туйғуларимизни охиригача тушунмаса ҳам У ҳаммасидан хабардор

Оятлар бизни қуйидагича ишонтирмоқда:

  • «Яҳованинг кўзлари одил кишиларни кўради, қулоқлари уларнинг илтижосини эшитади». (1 БУТРУС 3:12)

  • Худо шундай ваъда беряпти: «Сенга ақл-идрок ато этиб, юрадиган йўлингни кўрсатаман. Сендан кўзимни узмай, маслаҳат бераман». (ЗАБУР 32:8)

ТАНГРИ НИҲОЯТДА РАҲМДИЛ

Худо вазиятимиз ва ҳис-туйғуларимизни тушунишини билиш қийинчиликларни енгишимизга ёрдам берадими? Келинг, нигериялик Аннанинг мисолини кўриб чиқайлик. «Вазиятим мушкул бўлгани учун яшашимдан нима маъно бор дея ўзимдан сўрардим,— деб тушунтиради у. — Мен беваман, бунинг устига гидроцефалияга (бош истисқоси, яъни мияда ортиқча суюқлик йиғилиши) чалиниб, касалхонада ётган қизимга ғамхўрлик қилишим керак эди. Шу пайт ўзимга кўкрак саратони деб ташхис қўйишди. Менга жарроҳлик амалиёти ўтказишлари ҳамда кимётерапия, радиотерапия (рентген нурлари билан даволаш) қилишлари керак эди. Қизим бетоб бўла туриб, ўзим касалхонага ётишим қийин масала эди».

Анна буларни енгиб ўтишига нима ёрдам берди? У шундай дейди: «Мен айрим оятлар устида мулоҳаза юритдим, масалан, Филиппиликларга 4:6, 7 да: “Ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги қалбингизни ва онгингизни... ҳимоя қилади”,— дейилган. Ҳар сафар бу оятни эслаганимда, Яҳова билан мени яқин ришталар боғлаб турганини ҳис қилардим. У мени ўзимдан ҳам яхшироқ тушунишини билардим. Қолаверса, Яҳова Шоҳидларининг жамоатидаги азиз имондошларим мени қўллаб-қувватлашди.

Ҳали ҳам касаллик билан курашаётган бўлсам-да, қизим билан вазиятимиз анча яхшиланди. Яҳова биз билан бўлгани учун қийинчиликларга дуч келганда салбий фикр юритмасликни ўргандик. Ёқуб 5:11 даги: “Сабр-бардош қилганларни биз бахтиёр деб атаймиз. Сизлар Аюб пайғамбарнинг бардоши ҳақида эшитиб, оқибатда Яҳова унга қандай барака берганини кўргансизлар. Зеро Яҳова меҳр-шафқатли, раҳмдил Худо”,— деган сўзлар бизга ишонч бағишлаяпти». Яҳова Аюбнинг вазиятини яхши тушунганидек, биз ҳам қандай қийинчиликларни бошдан кечирмайлик, У бизни тушунишига амин бўлишимиз мумкин.