Худо ҳамдардми?
ХУДОНИНГ ИЖОДЛАРИ БИЗГА НИМАНИ ЎРГАТЯПТИ?
Ҳамдардлик сўзига «кимсанинг ҳис-туйғулари ва ғам-қайғусига шериклик, ўзини унинг ўрнига қўйиб кўра олиш қобилияти» деб таъриф берилади. Психолог шифокор Рик Хэнсон: «Ҳамдардлик қонимизда бор»,— дейди.
ЎЙЛАБ КЎРИНГ: Нега барча мавжудотлар ичида фақат бизда ҳамдардлик билдириш қобилияти бор? Муқаддас Китобда тушунтирилишича, Худо инсонларни Ўзига монанд ёки ўхшаш қилиб яратган. (Ибтидо 1:26) Бу дегани биз Худонинг шахсиятини ва ажойиб фазилатларини муайян даражада акс эттира оламиз. Демак, ҳамдардлик инсонларни бошқаларга ёрдам беришга ундаганида, улар раҳмдил Яратувчиси Худованд Яҳованинг ҳамдардлигини акс эттирган бўлишади. (Ҳикматлар 14:31)
МУҚАДДАС КИТОБДА ХУДОНИНГ ҲАМДАРДЛИГИ ҲАҚИДА НИМА ДЕЙИЛГАН?
Худо бизга ҳамдард ва азоб чекаётганимизни кўриш Унга оғир ботади. Мисрда қуллик машаққатидан азоб чеккач, 40 йил саҳро кезган қадимги Исроил халқи тўғрисида Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Улар азоб чекканда, У ҳам азоб чекди». (Ишаё 63:9) Аҳамият беринг, Худо уларнинг азоб чекаётганидан шунчаки хабардор бўлмаган, У халқнинг дардини ҳис қилган. Аллоҳ: «Улар қанчалик азоб тортаётганини яхши биламан»,— деган. (Чиқиш 3:7) У: «Ким сизларга тегса, Менинг кўз қорачиғимга теккан бўлади»,— деб айтган. (Закариё 2:8) Бошқалар бизга озор берса, У ҳам биз билан азоб чекади.
Биз ўзимизни ҳукм қилиб, Худонинг ҳамдардлигига нолойиқдек ҳис қилсак-да, Муқаддас Китоб бизни: «Худо қалбимиздан улуғ ва Унга ҳар нарса аён»,— деб ишонтирмоқда. (1 Юҳанно 3:19, 20) Худо бизни ўзимиздан ҳам яхшироқ билади. Унга бизнинг шароитимиз, фикрларимиз, ҳис-туйғуларимиз аён ва У бизга ҳамдардлик кўрсатяпти.
Худо бизга тасалли, донолик ҳамда мадад беришини кутишимиз мумкин.
Оятлар бизни қуйидагича ишонтирмоқда:
-
«Сен чақирасан, Яҳова жавоб беради. Ёрдам сўраб ёлворасан, У эса: “Мен бу ердаман!” — дейди». (ИШАЁ 58:9)
-
«Сизлар ҳақингизда қилган ниятларимни Ўзим яхши биламан, — демоқда Яҳова. — Мусибат эмас, тинчлик келтириш ниятидаман, сизларга порлоқ келажак ва умид бахш этаман. Сизлар Мени чақирасизлар, келиб Менга ибодат қиласизлар ва Мен сизларни эшитаман». (ЕРЕМИЁ 29:11, 12)
-
«Кўз ёшларимни мешингга йиғиб қўй. Ахир Сен уларни битта қолдирмай китобингга ёзиб қўйгансан-ку!» (ЗАБУР 56:8)
ХУДО ЭЪТИБОР БЕРАДИ, ТУШУНАДИ ВА ҲАМДАРДЛИК КЎРСАТАДИ
Аллоҳ бизга ҳамдард эканини билиш қийинчиликларни енгишимизга ёрдам бера оладими? Мариянинг мисолини кўриб чиқайлик.
«18 яшар ўғлим икки йил саратон билан курашгач, оламдан ўтганида ниҳоятда азоб чекдим. Шунда ҳаёт жуда оғир ва адолатсиз деган хулосага келдим. Вазиятга аралашмагани ва ўғлимни соғайтирмагани учун Яҳовадан жаҳлим чиқди.
Орадан олти йил ўтиб, жамоатдаги меҳрибон ва ҳамдард бир дугонамга ўзимни Яҳова мени яхши кўрмайдигандай ҳис қилаётганимни айтдим. У гапимни бўлмай, мени бир неча соат тинглади. Сўнг 1 Юҳанно 3:19, 20 даги мана бу сўзларни эслатди: “Худо қалбимиздан улуғ ва Унга ҳар нарса аён”. Бу сўзлар менга қаттиқ таъсир қилди. Дугонам, Яҳова дардларимизни тушунишини таъкидлади.
Шунга қарамай, жаҳлдан тушишим қийин бўлди. Кейин Забур 94:19 даги: “Ташвишлар гирдобида қолганимда, менга тасалли бериб, кўнглимни кўтардинг”,— деган сўзларни ўқидим. Бу оят худди мен учун ёзилгандай эди! Яҳова мени тинглаётгани ва тушунаётганини билиб, Унга дардимни айта олганимдан кўнглим кўтарилди».
Худо бизни тушуниши ва ҳамдард эканини билиш қанчалик тасалли беради-я! Бироқ нега азоб-уқубат шунчалик кўп? Бунинг сабаби Худо бизни хатоларимиз учун жазолаётганидами? Азобларга чек қўйиш учун У нимадир қиладими? Кейинги мақолалар айнан шу масалаларга бағишланган.