Яҳова бизнинг паноҳимиз
Эй Раббий, насллар оша Сен паноҳимиз бўлган эдинг. ЗАБ. 89:2
1, 2. Худонинг хизматчилари бу дунёда ўзларини қандай ҳис қилишади ва уларнинг қанақа уйи бор?
БУ ЁВУЗ дунёда ўзингизни уйингизда юргандек хотиржам ва эркин ҳис қиласизми? Агар йўқ бўлса, унда сиз ҳам Яҳованинг бошқа хизматчилари сингари туйғуларни бошдан кечиряпсиз. Минг йиллар давомида Худони чин дилдан севганларнинг барчаси бу дунёда ўзларини мусофир ва бегонадек ҳис қилишган. Масалан, Канъон юртида бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юрганда, Худонинг садоқатли хизматчилари «мусофир ҳамда вақтинчалик фуқаролар эканини очиқдан-очиқ эълон этишган» (Иброн. 11:13).
2 Шу каби «осмон фуқаролари» бўлган Масиҳнинг мойланган издошлари, ўзларини «ушбу дунёда мусофир ҳамда вақтинчалик фуқаролар» деб ҳисоблашади (Филип. 3:20; 1 Бутр. 2:11). Исо Масиҳ «дунёга тегишли бўлмагани»дек, унинг «бошқа қўйлари» ҳам, бу «дунёга тегишли эмаслар» (Юҳан. 10:16; 17:16). Лекин бу, Худо халқининг том маънода уйи йўқлигини англатмайди. Бизнинг имон кўзлари билан кўра оладиган мажозий уйимиз бор. Унда биз ўзимизни ҳар қачонгидан ҳам хавфсиз ва хотиржам ҳис қиламиз. Бу борада Мусо шундай ёзган: «Эй Раббий, насллар оша Сен паноҳимиз бўлган эдинг» (Заб. 89:2). Хўш, қандай қилиб Яҳова қадимда яшаган садоқатли хизматчилари учун «паноҳ» бўла олган? Шунингдек, бугунги кунда У Ўзининг халқи учун қай йўсин «паноҳ» бўлиши мумкин? Ниҳоят қандай қилиб У келажакда ягона «паноҳимиз» бўла олади?
ЯҲОВА ҚАДИМГИ ХИЗМАТЧИЛАРИ УЧУН ПАНОҲ БЎЛГАН
3. Забур 89:2 да қандай мавзу, тимсол ва ўхшатма бор?
3 Муқаддас Китобдаги кўпгина мажозий иборалар, жумладан Забур 89:2 ҳам мавзу, тимсол ва ўхшатмадан иборат. Бу оятда мавзу — Яҳова, тимсол — паноҳ ёки уйдир. Яҳова эса мана шундай паноҳ ёки уйга ўхшатилган. Нега? Чунки У Ўз халқига ҳимоя беради. Бу эса У севги Худоси эканлигини кўрсатмоқда (1 Юҳан. 4:8). Шунингдек У тинчлик Худоси бўлиб, садоқатли хизматчиларини «омон сақлайди» (Заб. 4:9). Мисол учун, У қадимги садоқатли хизматчилари билан қандай муносабатда бўлганини кўриб чиқайлик. Аввалига Иброҳимдан бошлаймиз.
4, 5. Яҳова Иброҳим учун қандай қилиб «паноҳ» бўлди?
4 Келинг, ўша пайтда Ибром деб аталган Иброҳимга Яҳова мана бу сўзларни айтганда нимани ҳис қилганини фақат тасаввур қила оламиз: «Ўз юртингдан, қариндош-уруғларинг олдидан... чиқиб кет. Мен сенга бир юртни кўрсатаман, ўша ерга борасан». Мабодо Иброҳим хавотирни ҳис этган бўлса, Яҳова Худо унга қуйидаги сўзларни айтгандан сўнг кўнгли жойига тушгани шубҳасиз: «Буюк халқнинг отаси қиламан сени, барака бераман сенга, улуғ қиламан сенинг номингни... Мен барака берурман сени дуо қилганларга, сени лаънатлаганларни Мен лаънатлайман. Сен орқали барака берурман ер юзидаги жамики халқларга» (Ибт. 12:1–3).
5 Ушбу сўзлар билан Тангри Яҳова Иброҳим ва унинг авлодлари учун паноҳ бўлишга тайёрлигини кўрсатди (Ибт. 26:1–6). У Ўз ваъдаси устидан чиқди. Масалан, У Миср фиръавни ва Гарор шоҳи Абумалек Иброҳимни ўлдириб, Сорайни тортиб олишга йўл қўймади. Шунингдек, Исҳоқ билан Ривқони ҳам шу тариқа асраган эди (Ибт. 12:14–20; 20:1–14; 26:6–11). Бу борада шундай сўзларни ўқишимиз мумкин: «Ҳеч ким уларни эзишларига Эгамиз йўл қўймади, уларни деб шоҳларга танбеҳ берди. Айтдики: “Мен танлаганларга тегманглар, пайғамбарларимга зарар келтирманглар”» (Заб. 104:14, 15).
6. Исҳоқ ўғли Ёқубга нима деди ва Ёқуб нимадан хавотирланган бўлиши мумкин?
6 Худо ҳимоя қилган пайғамбарлар қаторида Ёқуб ҳам бор эди. Ёқубнинг уйланадиган пайти келганда отаси Исҳоқ унга шундай деди: «Канъонлик қизларга уйланма. Ҳозироқ Паддон-Орамга — бобонг Батувалнинг хонадонига жўна. У ерда тоғанг Лобоннинг қизларидан бирортасига уйлан» (Ибт. 28:1, 2). Ёқуб отасининг айтганларини дарҳол бажарди. У яқинларини қолдириб, якка ўзи юзлаб километр узоқлиқда жойлашган Хорон томонга йўл олди (Ибт. 28:10). Эҳтимол у: «Уйдагилар билан қанча вақт кўришолмайман? Тоғам мени яхши кутиб олармикин? Яҳовани севадиган хотин топа олармиканман?» Мабодо шундай хавотирлар кўнглидан ўтган бўлса ҳам, Бэршэва шаҳридан 100 км нарида жойлашган Луз шаҳрига етганида, бу шубҳалар тарқаб кетди. Хўш, Луз шаҳрида нима юз берган экан?
7. Туш орқали Яҳова Ёқубни нимада ишонтирди?
7 Лузда Яҳова Ёқубнинг тушида зоҳир бўлиб, мана бу сўзларни айтди: «Шуни билгинки, Мен сен билан биргаман, қаерга бормагин, Мен сени сақлайман. Шу юртга сени яна қайтариб олиб келаман. Мен сени ҳеч қачон тарк этмайман, берган ваъдаларимни охиригача бажараман» (Ибт. 28:15). Далда бахш этувчи бу сўзларни эшитиб, Ёқубнинг кўнгли тоғдай кўтарилгани шубҳасиз! Ушбу воқеадан кейин Ёқуб, Яҳованинг ваъдаси қандай амалга ошишини диққат билан кузатган бўлса керак. Эҳтимол сиз ҳам уйингизни ташлаб, чет элда хизмат қилаётгандирсиз. Унда сиз учун Ёқубнинг туйғулари таниш бўлса керак. Аммо сиз турли томондан Яҳованинг ғамхўрлигини ўзингизда ҳис қилганингиз тайин.
8, 9. Қайси маънода Яҳова Таоло Ёқуб учун «паноҳ» бўлди ва бундан биз қандай сабоқ олдик?
8 Ёқуб Хоронга етиб келгач, тоғаси Лобон уни яхши кутиб олди ва кейинчалик унга қизлари Леахни ва Роҳилани хотинликка берди. Лобон Ёқубни текин ишлатиш мақсадида, унинг иш ҳаққини нақд ўн марта ўзгартирди! (Ибт. 31:41, 42). Лекин Ёқуб Худоси Яҳова бундан буён ҳам унга ғамхўрлик қилишига амин бўлгани учун бу адолатсизликка чидади. Натижада Яҳова унга барака берди. Худованд Ёқубга Канъонга қайтишни айтганида, уни «кўплаб қул ва чўрилар, туялар ва эшаклар» билан тақдирлаган эди (Ибт. 30:43). Ёқуб миннатдорчилик ила ибодатида шундай деди: «Мен, қулингга кўрсатган садоқатингга, иноятингга лойиқ эмасман. Илгари Иордан дарёсини кечиб ўтганимда, таёғимдан бошқа ҳеч нарсам йўқ эди. Энди оила аъзоларим икки қўрғонни тўлдирадиган бўлди» (Ибт. 32:10).
9 Ҳа, бу мисолдан Мусонинг мана бу сўзлари ҳақиқат эканини кўряпмиз: «Эй Раббий, насллар оша Сен паноҳимиз бўлган эдинг» (Заб. 89:2). Мазкур сўзларни бугунги кунда ҳам қўллаш жуда ўринлидир. Чунки Яҳова, «ўзгарувчан кўланка сингари ўзгармайдиган Тангри» бўлиб, садоқатли хизматчиларига ғамхўрлик қилишдан ва улар учун паноҳ бўлишдан чарчамаяпти (Ёқб. 1:17). Келинг, бу қандай бўлиши мумкинлигини кўриб чиқамиз.
ЯҲОВА БИЗНИНГ ПАНОҲИМИЗ
10. Нима учун Яҳова бундан кейин ҳам бизнинг паноҳимиз бўлишига аминмиз?
10 Фараз қилинг, сиз халқаро жиноий ташкилотга қарши судда гувоҳлик беряпсиз. Унинг бошлиғи жуда ақлли, қудратли, ўтакетган ёлғончи ва қотил. Суд залидан чиққач, ўзингизни хавфсиз ҳис қилармидингиз? Амримаҳол. Бундай пайтда ҳимоя сўраш учун сизда асосли сабаблар бор. Бу мисол бугунги кунда жасорат ила Яҳованинг ёнини олиб, Унинг ашаддий душмани Шайтоннинг ёвуз ишларини қўрқмасдан фош қилаётган Яҳова Шоҳидларининг вазиятини яққол тасвирлаб бермоқда! (Ваҳий 12:17 ни ўқинг). Бироқ Шайтон, Яҳова Шоҳидларининг оғзини ёпа олдими? Йўқ! Охирги кунларда яшаётганимизга қарамай, Яҳова «паноҳимиз» бўлгани учун, биз маънан гуллаб яшнамоқдамиз (Ишаё 54:14, 17 ни ўқинг) *. Аммо Шайтон бизни алдаб паноҳимиздан ташқарига чиқарса, Яҳова биз учун ҳимоя бўла олмайди.
11. Худонинг қадимги хизматчиларидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?
11 Келинг, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг мисолларидан яна бир сабоқ олайлик. Гарчи улар Канъонда яшаган бўлса-да, у ерлик аҳолидан ажралиб туришган ва уларнинг ёвуз ва ахлоқсиз ишларидан нафратланишган (Ибт. 27:46). Худонинг меъёрларига амал қилишгани учун, уларга нима қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисидаги руйхатнинг кераги йўқ эди. Яҳова ҳамда Унинг шахсиятини яхши тушуниш, улар учун етарли эди. Яҳова уларнинг паноҳи бўлгани боис, улар дунёга яқинлашишни исташмаган. Аксинча дунёдан имкон қадар узоқлашишга ҳаракат қилишган. Ҳа, уларнинг ўрнагига тақлид қилса арзийди! Сиз ҳам дўстлар ва ўйин-кулги танлашда, ушбу садоқатли хизматчиларга тақлид қилишга ҳаракат қиляпсизми? Афсуски, жамоатдаги баъзилар қайсидир жиҳатдан Шайтоннинг дунёсида ўзларини эркинроқ ҳис қилишаётганини кўрсатишяпти. Сизда ҳам, озгина шунақа туйғулар пайдо бўлаётган бўлса, бу борада ибодат қилинг. Шуни ёдда тутингки, бу дунё совуқ ва мағрурлик ҳукм сурган Шайтоннинг дунёсидир (2 Кор. 4:4; Эфес. 2:1, 2).
12. а) Яҳова Ўзининг хизматчиларига нимани тақдим этмоқда? б) Бу тадбирларга нисбатан сиз нима ҳис қиласиз?
12 Шайтоннинг ҳийлаларига қарши туришни истасак, Яҳова Ўз хизматчиларига тақдим этаётган маънавий тадбирлардан тўла фойда олишимиз зарур. Ушбу тадбирларга, йиғилишларимиз, оилавий топиниш ҳамда «ҳадялар сифатида инсонлар», яъни Худо томонидан тайинланган оқсоқоллар киради. Бу кишилар қийинчиликларга дуч келганимизда бизга далда ва тасалли беришга тайёр (Эфес. 4:8–12). Кўп йиллар давомида Етакчи кенгаш аъзоси бўлган Жорж Гангас биродаримиз шундай фикр билдирган эди: «Худонинг халқи ичида ўзимни худди оила аъзоларим орасида бўлгандек хавфсиз ва эркин ҳис қиламан». Сиз ҳам буни ҳис қиласизми?
13. Ибронийларга 11:13 дан нимани ўрганиб олдик?
13 Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубда тақлид қилишга арзийдиган яна бир фазилат бор. Улар атрофдаги халқлардан ажралиб туришдан қўрқишмаган. Биринчи хатбошида айтилганидек, улар «ўша юртда бошқаларга ҳам мусофир ҳамда вақтинчалик фуқаролар эканини очиқдан-очиқ эълон этишган» (Иброн. 11:13). Сиз ҳам дунёдан ажралиб туришга қатъий қарор қилганмисиз? Албатта буни қилиш осон бўлмайди. Лекин Худонинг мадади ва имондошларнинг ёрдами билан сиз бунинг уддасидан чиқа оласиз. Бу курашда сиз ёлғиз эмаслигингизни унутманг. Яҳовага хизмат қилишни истаётган барча, Шайтон ва унинг дунёсига қарши курашади! (Эфес. 6:12). Агар Яҳовага таяниб, Уни паноҳимиз деб билсак, бу курашда албатта ғалаба қозонамиз.
14. Иброҳим қандай «шаҳар»ни кутган?
14 Яна бир нарса диққатга сазовор: Иброҳимдан ўрнак олиб, нигоҳингизни мукофотга қаратишга қатъий қарор қилинг (2 Кор. 4:18). Ҳаворий Павлус ёзганидай, Иброҳим пайғамбар «пойдевори мустаҳкам, лойиҳачиси ва бунёдкори Аллоҳ бўлган шаҳарни» кутган (Иброн. 11:10). Бу «шаҳар», Масиҳий Шоҳлик экани шубҳасиздир. Гарчи Иброҳим бу шаҳарни кутган бўлса-да, бизга буни қилишнинг ҳожати йўқ. Чунки бу Шоҳлик ҳозир осмонда бошқармоқда. Муқаддас Китобдаги башоратга кўра, яқин орада бу Шоҳлик бутун ер юзи устидан ҳукмронлик қила бошлайди. Бу Шоҳлик мавжудлигига шахсан сиз ишонасизми? Унда бу ишонч ҳаётга бўлган муносабатингиздан, дунёга нисбатан нуқтаи назарингиздан ҳамда ҳаётингизда нима устувор эканидан кўриняптими? (2 Бутрус 3:11, 12 ни ўқинг).
БИЗНИНГ ҲАҚИҚИЙ ПАНОҲИМИЗ
15. Бу дунёга таянганларни қандай келажак кутмоқда?
15 Шайтон дунёси ўз ниҳоясига етгани сайин, аҳвол «тўлғоқ» сингари янада баттарлашади (Мат. 24:7, 8). Вазият буюк қайғу пайтида оғирлашиб кетиши аниқ. Дунёдаги барча тузумлар емирилишни бошлаганида, одамлар ваҳимага тушади (Хаб. 3:16, 17). Боши берк кўчага кирган одамлар, «ғорларга ва тоғларнинг қоялари орасига» яшириниб, паноҳ топмоқчи бўладилар (Ваҳ. 6:15–17). Бироқ, том маънодаги ғорлар ҳам, тоғ каби бўлган сиёсат ва тижорат ташкилотлари ҳам, уларга ҳимоя бера олмайди.
16. Жамоат учрашувларига қандай муносабатда бўлишимиз керак ва нега?
16 Бироқ Яҳованинг халқи «паноҳ»дан, яъни Худоси Яҳовадан ҳимоя топиб хурсандчилик қилаверади. Улар Хабаққуқ пайғамбар каби: «Эгамдан шод бўлурман. Нажоткорим Худодан қувонурман»,— деб айтишади (Хаб. 3:18). Яҳова мана шундай нотинч даврда «паноҳ» бўла олишини қандай кўрсатади? Биз фақат кутишимиз ва кузатишимиз мумкин. Аммо бир нарсада амин бўлишимиз мумкин: саҳрода юрган қадимги исроилликлар сингари, «улкан оломон» ҳам ташкилаштирилган бўлиб, илоҳий йўл-йўриққа амал қилишга тайёр туради (Ваҳ. 7:9; Чиқиш 13:18 ни ўқинг). Бу йўл-йўриқ ташкилотимиздан, эҳтимол жамоат орқали келади. Чиндан ҳам дунё бўйлаб минглаб жамоатлар, Ишаё пайғамбар айтган ҳимоя берувчи «ичкари хоналар»га ўхшайди (Ишаё 26:20 ни ўқинг) *. Жамоат учрашувларини муҳим деб биласизми? Яҳова ташкилоти орқали етказаётган йўл-йўриқларга амал қилишга қарорингиз қатъийми? (Иброн. 13:17).
17. Қайси маънода Яҳова Таоло, ҳаётдан кўз юмган хизматчилари учун «паноҳ» бўлиб қолаверади?
17 Буюк қайғу бошланишидан олдин, мабодо Яҳованинг садоқатли хизматчилари вафот этса ҳам, Аллоҳимиз улар учун «паноҳ» бўлиб қолаверади. Қандай қилиб? Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг ўлимидан кўп йиллар ўтгач, Яҳова Таоло Мусога шундай деган эди: «Мен ота-боболаринг — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман» (Чиқиш 3:6). Исо ҳам бу сўзларни такрорлагач, қуйидагини қўшиб қўйди: «У ўликларнинг эмас, тирикларнинг Тангриси. Зеро У учун ҳамма тирикдир» (Луқо 20:38). Демак, ҳаётдан кўз юмган садоқатли хизматчиларини Тангри Яҳова тирик деб билар экан. Уларнинг тирилиши муқаррар (Воиз 7:1).
18. Янги дунёда қандай маънода Яҳова Ўз халқи учун «паноҳ» бўлади?
18 Яқинлашаётган янги дунёда, Яҳова Ўзининг халқи учун яна бошқа маънода «паноҳ» бўлади. Ваҳий 21:3 да шундай дейилган: «Мана, Аллоҳнинг чодири инсонлар орасида. Худонинг Ўзи улар билан бирга яшайди». Яҳова Исо Масиҳ орқали минг йил давомида ер юзи устидан бошқаради. Минг йилнинг охирида Исо Масиҳ Худонинг ер учун ниятини тўлиқ амалга оширгач, Шоҳликни Отасининг қўлига топширади (1 Кор. 15:28). Бундан сўнг Яҳова мукаммал инсоният устидан бевосита бошқаради. Нақадар гўзал келажак! Ҳозир эса келинг, Яҳовани ўзимизнинг «паноҳимиз» деб билиб, қадимда яшаган садоқатли хизматчиларга тақлид қилишга жон кўйдирайлик.
^ 10- х.б. Ишаё 54:14, 17: «“Ўз солиҳлигим билан сени ўрнатаман. Зулм сендан узоқда бўлади, сен ҳалокатдан қўрқмайсан, чунки у сенга яқинлашмайди. Сенга қарши ясалган ҳеч қандай қурол ғалаба қилмайди. Сен билан даъволашган ҳар бир одамнинг даъволарини сен йўққа чиқарасан. Ана шулар Менинг қулларимнинг улушидир, уларни Мен оқлайман.” Эгамизнинг каломи шудир».
^ 16- х.б. Ишаё 26:20, ЯДТ: «Эй халқим, ичкари хоналарингга кириб, эшикларингни қулфланглар. Ғазаб пайти ўтиб кетмагунча, бироз вақтга беркининглар».