Салбий фикрларни енга олишингиз шубҳасиз!
Салбий фикрларни енга олишингиз шубҳасиз!
САЛБИЙ фикрлар сизда ҳам пайдо бўлиб турадими? Бу нарса кимга ҳам таниш эмас, дерсиз. Бугунги кунда рўзғор етишмовчилиги, зўравонлик ҳамда адолатсизлик кўпайиб кетган. Шу сабабдан руҳи тушкунлик, ҳаддан ортиқ ўзини айблаш ва ўзини ҳеч нарсага ярамайдиган деб ҳисоблаш каби салбий туйғулар кўпчиликни чулғаб олгани ажабланарли эмас.
Бундай туйғулар хавфли бўлиши мумкин. Улар ишончимизни сусайтириб, тўғри қарор чиқаришимизга халақит бериб, қувончдан маҳрум этади. Худонинг Каломида: «Ташвишли кунда ожиз бўлганнинг кучи камдир»,— дейилган (Ҳикматлар 24:10). Ҳа, ушбу нотинч дунёда яшаш учун биз бор кучимизни, бор қувватимизни ишга солишимиз керак. Салбий фикрларни назорат қилиш эса бундан-да муҳимроқдир *.
Салбий фикрларга қарши туришимиз учун, Муқаддас Китоб бизга кучли ҳимояни тақдим этмоқда. Ахир, уни бизга нозил қилган Аллоҳимиз Яҳова бутун борлиқнинг Парвардигори бўлиб, сиз тушкунликда ва умидсизликда юришингизни сира ҳам истамайди (Забур 35:10). Келинг, Унинг Каломи салбий туйғуларни енгишга қандай кўмаклашиши мумкинлигининг учта усулини кўриб чиқайлик.
Тангри сизга бефарқ эмас
Айримлар, Аллоҳ шунчалик бандки, Унинг мен билан иши йўқ, деб ўйлашади. Бу туйғу сизга ҳам танишдир? Аммо Муқаддас Китоб Яратган Эгамиз ҳиссиётларимизга бепарво эмаслигида бизни ишонтирмоқда. Сано бастакори бу борада мана нима деган: «Худованд дили вайронларга яқиндир, руҳи тушкунларни Ўзи қутқарар» (Забур 33:19). Оғир дамларимизда Тангри Таоло ёнимизда эканини билиш наҳотки тасалли бермаса?!
Аллоҳ қанақадир бағритош ва бепарво эмас. Зеро Муқаддас Китобда: «Худонинг Ўзи севгидир»,— дейилган (1 Юҳанно 4:8). У Зот одамларни севади ва қийналиб қолганларга ҳамдарддир. Мисол учун, бундан тахминан 3 500 йил муқаддам Худонинг халқи Миср қуллигида бўлганда, У шундай деган: «Халқимнинг Мисрда чеккан азобларини кўрдим, мадад сўраб назоратчилар зулми дастидан қилган фарёдларини эшитдим. Ҳа, халқимнинг чеккан ҳамма азобларини биламан. Шунинг учун Мен халқимни... қутқаргани келдим» (Чиқиш 3:7, 8).
Тангримиз ҳис-туйғуларимизни жуда яхши билади. Ахир «Унинг Ўзи бизни яратган» (Забур 99:3). Борди-ю, одамлар ҳиссиётларимизни тушунмаган тақдирда ҳам, У тушунишига амин бўлишимиз мумкин. Қаранг бир оятда нима дейилган: «Мен инсонлардай эмасман. Инсонлар ташқи кўринишига қарайди, Мен эса дилига қарайман» (1 Шоҳлар 16:7). Биласизми, Аллоҳ ҳатто қалбимизнинг тубидаги туйғуларни ҳам кўриб туради.
Тўғри, бизнинг хато ва камчиликларимиз Худойимизга аён. Бироқ, минг қатла шукурки, У кечиримли Зотдир. Ҳазрати Довуд ҳам шундай деганлар: «Ота фарзандларига қандай марҳамат қилса, Худованд Ундан қўрққанларга шундай марҳаматлидир. Бизнинг таркибимизни У билар, тупроқ эканлигимизни ёдга олар» (Забур 102:13, 14). Агарда биз ўзимизда фақатгина камчиликларни кўрсак, У бизга бошқача кўз билан қарайди. Гуноҳларимизда тавба қилсак, у бизни кечириб, яхши томонларимизни кўради (Забур 138:1–3, 23, 24).
Борди-ю, ўзимизни ҳеч нарсага яроқсиз инсон деб қийнаб юрган бўлсак, яхшиси бундай ҳиссиётлар билан курашайлик. Тангримиз бизга қандай нуқтаи назар билан қараётганини эса ҳеч унутмайлик (1 Юҳанно 3:20).
Худо билан дўстона муносабатларни ривожлантиринг
Тангримиз бизга қандай нуқтаи назар билан қараётганини билишнинг қандай фойдаси бор? Буни билиш, салбий туйғуларни енгишга ёрдам берадиган кейинги қадамни қўйишга кўмаклашади. Бу қадам — Худо билан дўстона муносабатларни ривожлантиришдир. Наҳотки бунинг имкони бўлса?
Худовандимиз Яҳова, У билан яқин бўлишимиз учун меҳрибон ота сингари бизга ёрдам беришни жудаям истайди. Инжилда бизга қаратилган шундай ундов мавжуд: «Худога яқинлашинглар, шунда У сизларга яқинлашади» (Ёқуб 4:8). Ушбу сўзлар инсонни ҳайратда қолдиради. Бир ўйлаб кўринг, биздек заиф ва гуноҳкор бандалар, бутун оламнинг Эгаси билан шахсан дўстлашиш имкониятига эга бўлса-я.
Бу Зот Ўзининг кимлигини Муқаддас Китобда очиб берган. Ушбу китобни мунтазам ўқиб, Аллоҳнинг жозибадор фазилатларини билиб оламиз. Бундан ташқари, билиб олганларимиз устидан мулоҳаза юритсак, Яҳовага тобора яқинлашаётганимизни ҳис этамиз. У чинакамига отадек меҳрибон ва ҳамдард эканини янада яққол кўра бошлаймиз.
Муқаддас Китобни қанчалик кўп ўқиб чуқур мулоҳаза юритсак, шунчалик хотиржамликка эга бўламиз. Агар Унинг фикрларини онгимизу қалбимизга жо қилиб, улар бизни тузатишига, бизга тасалли беришига ва бошқаришига йўл қўйсак, самовий Отамизга янада яқин бўламиз. Ва айниқса, тинчлигимизни бузиб, бизни қийнаётган фикрлару туйғулар билан курашаётган бўлсак, бундай қилишимиз зарур. Сано бастакори ҳам: «Ичимда қайғуларим тошиб борганида, таскинларингдан кўнглим қувончга тўлди»,— деб айтган эди (Забур 93:19). Дарҳақиқат, Худонинг Каломидан далда топиш мумкин. Бунинг учун камтаринлик билан ундаги ҳақиқатларни қабул қилишимиз керак. Шунда, салбий фикрлар ўрнини Аллоҳ берган тасалли ва хотиржамлик эгаллаётганини ҳис эта бошлаймиз. Меҳрибон ота бирор жойини уриб олган фарзандини юпатганидек, Яҳова ҳам бизга тасалли бериши шубҳасиздир.
Тангрининг дўсти бўлишнинг яна бир усули — У билан мунтазам суҳбат қилишдир. Муқаддас Китобда: «Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак, У бизга қулоқ солади»,— деган ишонтирарли сўзлар бор (1 Юҳанно 5:14). Мабодо дилимизда қандайдир қўрқув ёки хавотирлар бор бўлса, Аллоҳга ибодат қилиб ёрдам сўрасак бўлади. Агар юрагимиздагини Унга тўкиб-солсак, фикр-хаёлимиз хотиржам бўлади. Муқаддас Ёзувларда: «Ҳар доим ибодатда ва илтижода бўлиб, ҳар бир тилагингизни Худонинг олдида миннатдорчилик билан изҳор қилинглар. Шунда инсон хаёлига сиғмайдиган, Худо берган тинчлик сизнинг кўнглингиз ва фикр-хаёлингизни хотиржам қилади»,— дейилган (Филиппиликларга 4:6, 7).
Хуллас, Муқаддас Китобни мунтазам ўқиш, мулоҳаза юритиш ва ибодат орқали, шак-шубҳасиз самовий Отангиз билан яқин муносабатларни ривожлантирасиз. Бундай ришталар салбий туйғулар билан курашишда энг самарали қуролингиз бўлади. Хўш, бундай курашда яна нима ёрдам беради?
Умидингиз мустаҳкам бўлсин
Борди-ю бошимизга кўп қийинчиликлар тушса, ижобий фикр юритишдан чарчаманг. Бунинг иложи борми? Бор, ахир Худовандимиз бизга келажакка умид беряпти. Инжилда ушбу ажойиб умид қуйидаги сўзларда ифодаланган: «Худонинг аҳд қилгани бўйича, биз адолат ҳукм сурадиган янги ер ва янги осмонни кутаяпмиз» (2 Бутрус 3:13). Бу сўзларнинг маъноси нима экан, деб қизиқаётгандирсиз?
«Янги осмон» ибораси ҳукуматни, яъни Исо Масиҳ бошқарувидаги Худонинг Шоҳлигини билдиради. «Янги ер» эса Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлган ер юзидаги янги инсоният жамиятини англатади. «Янги осмон» бошқарганда, янги инсоният жамиятига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай нарса бартараф этилади. Муқаддас Китобдан, Тангри ўша ерда яшайдиган садоқатли одамларнинг «кўзидаги ҳар бир ёшни артиб олур. Энди ўлим сира бўлмас. Ҳузун ҳам, фарёд ҳам, оғриқ ҳам бўлмас», деган ишонтирарли сўзларни ўқиймиз (Ваҳий 21:4).
Юқорида келтирилган ажойиб ва руҳлантирувчи сўзларга сиз ҳам қўшилишингизга аминмиз. Шу сабабдан, Худо Ўз хизматчиларига ваъда қилган истиқбол, Муқаддас Китобда «муборак умид» деб аталган (Титусга 2:13). Агарда нигоҳимиз Аллоҳ инсониятга ваъда қилган келажакка ва нега бу ваъда ишончли эканига қаратилган бўлса, унда хаёлимиздан салбий фикрларни қувиб чиқара оламиз (Филиппиликларга 4:8).
Худонинг Каломида нажот умиди дубулға билан таққосланган (1 Салоникаликларга 5:8). Қадим замонларда дубулғасиз жангга чиқишга аскарнинг юраги дов бермасди. Чунки дубулға зарбани юмшатиб, отилган ўқлар зарар етказишидан уни ҳимоя қилишини биларди. Дубулға бошни асраганидек, умид ҳам онгимизни ҳимоя қилади. Умидга бой фикрлар билан яшаш бизни салбий, қўрқувга соладиган фикрлардан ва умидсизликдан асраб қолади.
Демак, салбий туйғуларни енгса бўлади. Бу сизнинг ҳам қўлингиздан келади! Бунинг учун, Тангримиз сизга қандай нуқтаи назар билан қараётганини эсда сақлашингиз, Унга яқинлашишингиз ва нигоҳингизни У ваъда қилган келажакка қаратишингиз керак. Ана ўшанда, салбий ҳиссиётлар ўрнини ижобий туйғулар тўлдирадиган кунни кўришга аниқ муяссар бўласиз (Забур 36:29).
[Изоҳ]
^ Кимки узоқ давом этадиган ёки чуқур депрессияга чалинган бўлса, бундайлар шифокорга мурожаат қилиши керак (Матто 9:12).
[19- саҳифадаги матн парчаси]
Халқимнинг чеккан ҳамма азобларини биламан. ЧИҚИШ 3:7, 8
[20- саҳифадаги матн парчаси]
Ичимда қайғуларим тошиб борганида, таскинларингдан кўнглим қувончга тўлди. ЗАБУР 93:19
[21- саҳифадаги матн парчаси]
Худо берган тинчлик сизнинг кўнглингиз ва фикр-хаёлингизни хотиржам қилади. ФИЛИППИЛИКЛАРГА 4:7
[20- ва 21- саҳифадаги рамка ва расм]
Худованд Яҳова тасалли манбаи
Мен Эгангман! Раҳмдил ва меҳрибон, сабр-тоқатли Худоман, собит севгим ва садоқатим мўлдир. ЧИҚИШ 34:6
Худованд дили вайронларга яқиндир, руҳи тушкунларни Ўзи қутқарар. ЗАБУР 33:19
Сен мурувватли ва кечиримлисан, эй Худованд. ЗАБУР 85:5
Худованд ҳар бир инсонга ҳиммат айлар, барча махлуқотга раҳм-шафқат кўрсатар. ЗАБУР 144:9
Мен Ўзим, Эганг Худо, ўнг қўлингни кучайтираман, Сенга: «Қўрқма, Ўзим ёрдамга келаман», деган Менман. ИШАЁ 41:13
Ҳар турли тасаллининг манбаи бўлган... Худога ҳамду санолар бўлсин! 2 КОРИНФЛИКЛАРГА 1:3
Биз ҳақиқат аҳли эканимизга ишонч ҳосил қиламиз ва Худо олдида кўнглимиз хотиржам бўлади. Агарда кўнглимиз бизни айбласа, Худо кўнглимиздан улуғ эканини биламиз. Чунки У ҳамма нарсани аниқ билади. 1 ЮҲАННО 3:19, 20
[22- саҳифадаги рамка ва расм]
Салбий туйғуларни улар енга олишди
«Отам ичкиликка ружу қўйгани учун, жуда кўп озор чекканман. Ўзимни таниганимдан бери, ҳеч нарсага яроқсиз эканимни ҳис этиб, қийналиб юрганман. Лекин Яҳованинг Шоҳидларидан бири билан Муқаддас Китобни ўрганишни бошлаганимда, ер юзида абадий ҳаёт бўлиши ҳақидаги ваъдани билиб олдим. Ушбу умид онг ва қалбимни қувончга тўлдирди. Муқаддас Китобни мунтазам ўқиш, ҳаётимнинг бир қисми бўлиб қолди. Мен уни ҳамиша ёнимда олиб юраман. Ёмон фикрлар хаёлимга келди дегунча, дарҳол Аллоҳнинг Каломидаги тасалли берадиган оятларни ўқишга тушаман. Худонинг ажойиб фазилатлари ҳақида ўқиганимда, У мени қанчалик қадрлаётганини ҳис қиламан». 33 ёшли Катя *.
«Мен илгари спиртли ичимликларни суиистеъмол қилардим. Бундан ташқари елим ҳидлардим, наша чекиб кокаин қабул қилардим. Хуллас, деярли бор нарсамдан ажралиб, қашшоқ бўлиб қолдим. Бироқ, Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаганимдан сўнг, ҳаётимни бутунлай ўзгартирдим. Қолаверса, Худо қандай шахс эканини билим олдим. Биласизми, ҳатто ҳеч нарсага яроқсиз деган бўлмағур фикрлардан ва айбдорлик ҳиссидан халос бўлиб, Аллоҳнинг қанчалик меҳр-иноятли эканини тушуниб етдим. Асосийси, Худойим салбий фикрларни енгишимга бундан кейин ҳам куч беришига аминман. Ҳа, Муқаддас Китобдаги билимларга эга бўлиш, ҳаётимдаги энг арзигулик иш эканини ҳис қиляпман». 37 ёшли Ренато.
«Болалигимда ўзимни ҳар доим акам билан солиштирар эдим. Шу сабабли, ўзимни бетайин ва қобилиятсиз ҳис қилардим. Аммо, охир-оқибат ушбу туйғуларимни енгишга муваффақ бўлдим. Бундай фикрлардан халос бўлиш учун, Яҳова Таолога тинмай ибодат қилардим ва У менга ёрдам берди. Худо мени яхши кўраётганини билганимдан ва Унинг ғамхўрлигини ҳис қилаётганимдан жуда хурсандман». 45 ёшли Роберта.
[Изоҳ]
^ Баъзи исмлар ўзгартирилган.