Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади
Муқаддас Китоб ҳаётни ўзгартира олади
СЎКИНИБ, спиртли ичимликка ружу қўйиб, наркотик истеъмол қилган официантка қандай қилиб ҳаётини ўзгартирди? Диндан нафратланган сиёсатчи қандай қилиб художўй инсонга айланди? Россиялик қўл жанги мураббийси Яҳованинг Шоҳиди бўлиш учун қанақа қийинчиликларга дуч келди? Улар ўзи ҳақида нима деганини ўқиб кўринг.
«Онам билан муносабатимни қайта тикладим». НАТАЛИ ХАМ
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1965
МАМЛАКАТИ: АВСТРАЛИЯ
ЎТМИШДА: ГИЁҲВАНД МОДДА ИСТЕЪМОЛ ҚИЛГАН
ТАРЖИМАИ ҲОЛИ. Мен Жанубий Австралиянинг Роб номли балиқчилар шаҳарчасида туғилиб ўсганман. Бу ерда меҳмонхоналар бўлиб, маҳаллий аҳоли у ерда тез-тез йиғилиб турарди. Ота-оналар ҳам вақтларини мана шундай меҳмонхоналарда ўтказгани учун, болалари сўкиниб, сигарет чекиб юрадиган пиёнисталар орасида ўсарди.
Энди 12 ёшга кирганимда, чекишни ва сўкинишни ўрганган эдим. Боз устига онам билан чиқишолмасдим. 15 ёшга тўлганимда, ота-онам ажрашиб кетдилар, 18 ойдан кейин эса мен уйдан чиқиб кетдим. Ичкиликка берилиб, наркотик қабул қилганим дастидан ахлоқсиз ҳаёт кечиришни бошладим. Ҳаётдан норози бўлиб, нима қилишимни билмай юрардим. Бироқ беш йил яккакураш жанги санъатини ўрганиб, аёллар ўзини ҳимоя қилиш дарсидан сабоқ олдим. Мулоҳаза юритиш учун ёлғиз қолган пайтларимда тушкунликка тушиб, Худога ибодат қилардим. Илтижоларимда эса: «Фақатгина черковга боришга мажбур қилма»,— деб айтардим.
Кўп вақт ўтмай, ўзини диндор деб ҳисоблаган, лекин бирон черковга қарашли бўлмаган дўстим менга Муқаддас Китобни берди. У бошқа дўстларим каби наркотик қабул қиларди. Қизиғи шундаки, у Худога эътиқод қилиши ҳақида очиқчасига айтар ва ҳатто мени ҳам чўқинишга кўндирди. Биз яқин атрофдаги кўлга бордик ва у мени чўқинтирди. Ўша пайтлардан бошлаб, мен Худо билан ўзгача муносабатларга эга деб ўйлардим. Аммо Муқаддас Китобни ўқишга ҳеч вақт топа олмасдим.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ. 1988- йили, иккита киши эшигимни тақиллатиб келишди. Улардан бири: «Худонинг исмини биласизми?» — деб мендан сўради. Кейин эса ўзининг Муқаддас Китобидан: «Билсинларки, Сенинг исминг — Яҳовадир, бутун дунёда энг олий ёлғиз Сенсан»,— деган оятни ўқиб берди (Забур 83:18, ЯДТ [82:19]). Бу янгилик мени ҳайратда қолдирди. Аммо улар кетиб бўлгач, бу исмни Муқаддас Китобнинг бошқа таржималари билан солиштириб, луғатда ҳам текшириб кўрмоқчи бўлдим. Шунда 56 километр узоқликда жойлашган диний китоблар сотиладиган бир дўконга бордим. Худонинг исми Яҳова эканида амин бўлганимдан кейин, яна нималарни билмас эканман, деб ўйланиб қолдим.
Онам Яҳованинг Шоҳидлари шубҳали одамлар деб айтарди. Мен улар тўғрисида кичиклигимданоқ эшитганман. Улар менга, зерикарли ҳамда вақтичоғлик қилишни билмайдиган одамлардек туюларди. Кейинги сафар уларга эшикни очмасликка қарор қилдим. Бироқ ўша вақт келганида, уларни ичкарига таклиф қилиб, Муқаддас Китобни ўрганишни бошладим.
Ҳар сафар билиб олганларим ҳақида дўстим Крейг билан бўлишардим ва кўп ишларни нотўғри қилаётганимизни айтардим. Бу гаплар Крейгнинг жонига тегди. Охири қўлимдан китобимни тортиб олиб, ўзи ўқиб кўрмоқчи бўлди. Атиги уч ҳафтадан кейин, Крейг Худо ҳақидаги ҳақиқатни топиб олганида ишонч ҳосил қилди. Иккаламиз ҳам наркотик истеъмол қилишни ва ичкиликбозликни тўхтатдик, мен эса официанткалик ишимни ташладим. Муқаддас Китоб меъёрларига мувофиқ ҳаёт кечириш учун никоҳимизни расмийлаштирдик.
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ. Крейг билан иккаламиз Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни ўрганишни бошлаган пайтларда муносабатларимиз жуда таранглашган эди. Бугунги кунда Крейг ажойиб оила боши. Боз устига бир-биридан ширин иккита фарзандимиз бор. Шунингдек, эътиқодимизга шерик бўлган кўпгина дўстлар орттирдик.
Яҳованинг Шоҳидлари билан эндигина танишганимда, онам мендан жаҳли чиқиб юрарди. Бироқ у, дўстларим ҳақда нотўғри тасаввурга эга бўлгани учун биздан хавотирланаётганини тушунардим. Ҳозир, онам билан муносабатимни қайта тикладим. Қачонлардир ҳаётдан совиб юрган пайтларимдан энди асар ҳам қолмади. Мазмунли ҳаётдан қувонч топиб, аниқ йўл-йўриқ ва мақсадларим бор. Устига-устак Худо билан яқин муносабатга эга бўлдим (Матто 5:3).
«Муқаддас Китобдан кўп нарсаларни билиб олдим». ИЗАКАЛА ПАЕНИУ
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1939
МАМЛАКАТИ: ТУВАЛУ
ЎТМИШДА: СИЁСАТЧИ
ТАРЖИМАИ ҲОЛИ. Мен Тинч океанининг Нукулаэлаэ маржон оролида (ҳозир Тувалу давлатининг таркибига кирган) дунёга келганман. Самоадаги коллежда таҳсил олган руҳонийлар оролда яшовчиларнинг ҳаётида муҳим ўринни эгаллашган. Мисол учун, руҳонийлар ва уларнинг оилаларини уй-жой, озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш, оролдаги аҳолининг зиммасига юкланган эди. Ўша одамлар, ҳатто ўз оиласига етарлича овқат етказа олишмаган тақдирда ҳам, руҳонийларга буни албатта етказиб беришлари шарт эди.
Оролимиздаги бир руҳоний қишлоғимиздаги мактабда дин, математика ва географиядан таълим берар эди. У ўқувчиларни қонга белаб дўппослагани ҳали-ҳануз эсимдан чиқмайди. Ўшанда унга ҳеч ким, ҳатто ота-оналар ҳам бир оғиз сўз айта олмасди. Чунки руҳонийларни Худонинг вакиллари сифатида кўришарди.
Ўн ёшга тўлганимда эса, оролдаги давлат мактабида ўқиш учун уйимни тарк этдим.
Мактабни битирганимдан кейин, ҳокимиятда ишлашни бошладим. Ўша пайтларда Тувалу ороллари Буюк Британия колониясининг бир қисми бўлиб, Гилберт ва Эллис ороллари деб номланарди. Ҳар ҳафта нашр этиладиган янгиликлар газетасининг муҳаррири бўлишдан аввал, маҳаллий ҳокимиятнинг турли бўлимларида ишладим. Тинчгина ишлаб юрган пайтларимда, инглиз тахтининг вориси «Уэльс шаҳзодаси»нинг ташрифига кўп пул сарфлангани ҳақида норозилик билдирган бир киши махфий мактуб юборади. Мактубни ёзган инсон исмини ўзгартирган эди. Бошлиғим унинг асл исмини мендан суриштирди. Мен эса бундай йўл тутишдан бош тортдим ва орамиздаги келишмовчилик тезда шов-шув бўлиб кетди.Бу кўнгилсиз воқеадан кейин, ишдан бўшаб, сиёсатга ўтиб кетдим. Нукулаэлаэда ўтган сайловда энг кўп менга овоз беришгани учун мени савдо-сотиқ ва табиат захиралари вазири қилиб тайинлашди. Кейинчалик, Кирибати (олдин Гилберт) ва Тувалу (олдин Эллис) ороллари Буюк Британия мустамлакасидан озод бўлиб, мустақилликка эришдилар. Шунда ҳоким менга Тувалу маъмуриятининг бошлиғи бўлишни таклиф қилди. Бироқ ўша пайтдаги бошқарув тизими билан ҳеч қандай алоқа қилмасликка қарор қилдим. Шунинг учун ҳокимнинг таклифини рад этиб, унинг кўмагисиз вазир бўлиб сайланишга ўз номзодлигимни бердим. Лекин ютқазгандим. Шундан кейин оддий ҳаёт кечириш мақсадида, хотиним билан бирга оролдаги уйимизга қайтиб кетдик.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ. Оролда ҳар якшанба куни Шаббат байрами нишонланарди ва бу кунни барча муқаддас санаб, ҳеч қандай иш қилишмасди. Мен эса ўша куни ҳам балиқ овлаб, уни сотар эдим. Чунки одамлар мени диндор инсон сифатида кўришларини ҳеч ҳам истамас эдим. Отам, бу қилмишим уни ва бошқаларни ўта ранжитаётганини айтарди. Шунга қарамасдан черковнинг таъсирига берилмасликка қатъи қарор қилгандим.
Бир куни Тувалунинг пойтахти бўлмиш Фунафути оролига борганимда, укам мени Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига таклиф қилди. Кейинчалик, Яҳованинг Шоҳидларидан бири менга бир тўплам «Қўриқчи минораси» ҳамда «Уйғонинг!» журналларини ўқишга берди. Шунингдек, у менга жуда қизиқарли бир китоб берди. Бу китобда христиан оламига тегишли бўлган черковларнинг таълимоти бутпарастликдан келиб чиққанини фош этилган эди. Мен бу китобни бир неча марта ўқиб чиқдим. Муқаддас Китобдан кўп нарсаларни билиб олдим. Масалан, масиҳийлар Шаббат қонунига * амал қилмасалар ҳам бўлар экан. Бу янгиликни хотиним билан бўлишдим. Ўша кундан бошлаб, у черковга боришни бас қилди.
Мен дин билан умуман ҳеч қандай алоқа қилмасликка қатъи қарор қилган эдим. Аммо икки йил ўтган бўлса-да, билиб олганларим менга асло тинчлик бермасди. Охири Фунафутида яшовчи ўша Яҳованинг Шоҳидига хат ёзиб, ҳаётимни ўзгартиришга тайёр эканлигимни айтдим. Имкон туғилиши билан у ёрдамга келди. Отам Яҳованинг Шоҳиди бўлиш истагим ҳақида эшитганида ғазаби қайнади. Бироқ мен отамга, Яҳованинг Шоҳидларидан Муқаддас Китоб ҳақида умрим давомида билмаган нарсаларни ўрганиб олдим, деб тушунтирдим.
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ. 1986- йили ҳаётимни Худога бағишлаб, Яҳованинг Шоҳиди бўлдим. Бир йил ўтар-ўтмас хотиним ҳам менга қўшилди. Иккита қизимиз ҳам Муқаддас Китобни ўрганиб, Яҳованинг Шоҳиди бўлишга қарор қилишди.
Биринчи асрдаги масиҳийлар ўзларини бир-биридан устун қўймаган ва бундай жамоат бугунги кунда ҳам мавжуд бўлиб, мен эса унга аъзо бўлганимдан беҳад бахтиёрман (Матто 23:8–12). Яҳованинг Шоҳидлари ҳам камтаринлик ила Ҳазрати Исонинг ўрнагига эргашиб, Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилмоқдалар (Матто 4:17). Тангри Яҳова менга Ўзини ҳамда халқини танитганидан беҳад миннатдорман!
«Яҳованинг Шоҳидлари мен нимага эътиқод қилишим кераклигини айтмадилар». АЛЕКСАНДР СОСКОВ
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1971
МАМЛАКАТИ: РОССИЯ
ЎТМИШДА: ҚЎЛ КУРАШ ЖАНГИ МУРАББИЙСИ
ТАРЖИМАИ ҲОЛИ. Мен собиқ Совет Иттифоқининг пойтахти Москвада таваллуд топганман. Оиламиз кўп қаватли бинода яшарди. Қўшниларимизнинг аксарияти битта заводда ишларди. Кичиклигимда улар мен ҳақда: «Бу жуда шўх бола-да. Бу кетишда у ё қамалади ё бевақт ҳаётдан кўз юмади»,— деб айтишгани ҳали-ҳануз эсимда. Ҳақиқатан ҳам, 10 ёшга тўлганимда милицияга тушган эдим.
18 ёшга кирганимда, ҳарбий хизматга жўнадим ва чегарачи бўлиб хизмат қилдим. Икки йилдан кейин уйга қайтиб, заводда ишлай бошладим. Бироқ ишим жуда зерикарли эди. Шу сабабли милициянинг жиноятчиларга қарши кураш олиб борувчи махсус бўлинмасида қўл кураш жанги мураббийси бўлиб ишлашни бошладим. Мен Москвадаги жиноятчиларни қўлга туширишга ёрдам берардим. Шунингдек мамлакатнинг ғалаёнлар авж олган жойларига борардим. Ишдан асабларим таранглашиб кетарди. Уйга қайтганимда, баъзида ҳатто хотинимдан алоҳида хонада ётардим. Чунки ухлаб ётганимда, унга бирор зарар етказиб қўйишдан қўрқардим.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ. Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаганимда, ишим зўравонлик билан боғлиқ бўлгани учун Худога маъқул келмаётганини англаб етдим. Бундан ташқари чекишни ҳамда кўп спиртли ичимликларни ичишни бас қилишим кераклигини тушундим. Аммо ишимни ўзгартира олмасдим. Чунки оиламни боқиш учун қўлимдан бошқа иш келмасди. Боз устига Яҳованинг Шоҳидлари қатори уйма-уй ваъз қилиб юришни ҳаёлимга ҳам келтира олмасдим.
Бироқ Муқаддас Китобда ҳақиқат ёзилганида ишонч ҳосил қилган эдим. У ердаги қуйидаги сўзлар менга тасалли берар эди: «Агар фосиқ барча гуноҳларидан қайтиб ҳамда қонун-қоидаларимга риоя қилиб, адолат ва ҳаққоният билан йўл тутса, албатта яшайди. У ўлмайди. У қилган гуноҳларнинг ҳеч бири ёдга олинмайди» (Ҳизқиё 18:21, 22, ЯДТ).
Яҳованинг Шоҳидлари мен нимага эътиқод қилишим кераклигини айтмадилар, аксинча билиб олган нарсалар ҳақда мулоҳаза юритишга кўмаклашишди. Мен 40 та ёки ундан кўпроқ журналларни олиб, уч ҳафта ичида ўқиб чиқдим ва ҳақиқий динни топганимга амин бўлдим.
ҲАЁТИМ ҚАНДАЙ ЯХШИЛАНДИ. Муқаддас Китобни тадқиқ қилишдан олдин, мен хотиним билан ажрашиш арафасида турган эдим. Ҳозир эса никоҳимиз мустаҳкам бўлди. Мен Муқаддас Китобни ўрганишни бошлаганимда, хотиним ҳам менга қўшилди. Эндиликда бахтиёр оилалардан биримиз. Бундан ташқари мен Худонинг меъёрларига зид бўлмаган иш ҳам топдим.
Биринчи марта уйма-уй хушхабарни айтиб юрганимда, олдинги ишимда бўлган, яъни бостириб қўлга олиш туйғуси қайтадан уйғонарди. Бунинг дастидан жуда асабий бўлардим. Ҳозир эса кимдир атайлаб жаҳлимни чиқармоқчи бўлса ҳам, парво қилмай, хотиржамликни сақлашни ўргандим. Вақт ўтгач, одамларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлишни ҳам ўргандим. Шунча пайтгача ҳаётимни беҳуда нарсаларга сарфлаганимдан афсусланаман, аммо ҳозир мазмунли ҳаёт кечираётганимдан мамнунман. Бутун кучимни Тангри Яҳовага ва бошқаларга хизмат қилишга бераётганимдан чексиз хурсандман.
[Изоҳ]
^ Шаббат қонуни ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси» журналининг 2010- йил 15- июнь сонидаги 25- саҳ., 1-, 2- х.б., шунингдек 2010- йил 1- февраль сонидаги 11–15- саҳ. (рус) қаранг.