МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ
Бейсбол ҳаётим мазмуни эди
-
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1928
-
МАМЛАКАТИ: КОСТА-РИКА
-
ЎТМИШДА: ПРОФЕССИОНАЛ СПОРТЧИ ВА ҚИМОРБОЗ БЎЛГАН
ОЛДИНЛАРИ.
Мен порт шаҳар Лимонда туғилиб ўсганман. У Коста-Риканинг шарқий қирғоғида жойлашган. Оилада саккизта фарзанд эдик, мен еттинчиси эдим. Саккиз ёшлигимда отам вафот этдилар ва ойим бизни ёлғиз ўзлари катта қилдилар.
Бейсбол ҳаётимда доим муҳим ўрин эгаллаган. Бу спорт турини болалигимданоқ яхши кўрардим. Юқори синфларда ўқиганимда, ҳаваскорлар жамоасига қўшилдим. Ёшим 20 дан ошганида, қобилиятлари ўйинчиларни излаб юрадиган бир киши мени Никарагуадаги профессионал жамоада ўйнашга таклиф қилди. Аммо онам оғир касал бўлгани ва мен унга ғамхўрлик қилганим учун Никарагуага кўчиб ўтолмасдим. Шу боис ҳам унинг таклифини рад этдим. Кейин эса моҳир ўйинчиларни излаб юрадиган бошқа бир киши мени Коста-Риканинг миллий жамоасига таклиф қилди. Бу жамоа ҳаваскорлар жамоасидаги энг зўр ўйинчилардан ташкил топганди. Бу сафар рози бўлдим. Коста-Риканинг миллий жамоасида 1949–1952 йилгача ўйнадим. Мен Куба, Мексика ва Никарагуадаги бир қатор ўйинларда иштирок этдим. Моҳир бейсболчи эдим ва ҳатто 17 та ўйинда бирор марта мағлубиятга учрамадим. Одамлар исмимни баланд овозда айтиб чақиришганида, менга бу ёқарди.
Афсуски, ахлоқсиз ҳаёт тарзини олиб борардим. Гарчи яхши кўрган қизим бўлса-да, бошқа аёллар билан юриб, унга хиёнат қилардим. Ичкиликка муккасидан кетган эдим. Бир куни шунчалик кўп ичган эдимки, эрталаб каравотимда уйғонсам, уйга қандай қайтганимни эслолмадим. Шунингдек, лоторея ва пул тикиб домино ўйнардим.
Мен шундай ҳаёт кечирган пайтимда онам Яҳованинг Шоҳиди бўлди. У менга ўзининг эътиқоди ҳақида айтишга ҳаракат қиларди. Лекин фикру хаёлим спортда бўлгани учун унинг гаплари қулоғимга кирмасди. Машқлар қилганимда, ҳатто оч қолганимни ҳам сезмасдим. Бутун хаёлим ўйин билан банд эди. Бейсбол ҳаётим мазмуни эди.
Лекин 29 ёшлигимда ўйин пайтида коптокни ушлайман деб, жиддий жароҳат олдим. Тузалганимдан кейин эса профессионал спортни тарк этдим. Аммо уйим яқинидаги ҳаваскорлар жамоасида мураббийлик қиладиган бўлдим.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ
1957 йилда мени Яҳова Шоҳидларининг анжуманига таклиф қилишди. Бу анжуман мен қачонлардир бейсбол ўйнаган стадионда ўтганди. Томошабинлар қаторида ўтирар эканман, хушмуомала Яҳованинг Шоҳидлари бейсбол ўйинларида шовқин-сурон кўтарадиган мухлислардан кескин фарқ қилишини кўрдим. Анжуманда кўрганларим Муқаддас Китоб тадқиқини бошлашга ҳамда уларнинг учрашувларига қатнашга ундади.
Муқаддас Китобдаги кўплаб ҳақиқатлардан ҳайратда эдим. Масалан, Исо охирзамонда унинг шогирдлари Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни дунё бўйлаб ваъз қилишларини айтган. (Матто 24:14) Шунингдек, Исонинг ҳақиқий издошлари ўз хизматини моддий наф кўриш учун адо этмаслигини билиб олдим. Бежизга Исо шундай демаган: «Текинга олгансизлар, текинга беринглар». (Матто 10:8)
Муқаддас Китобни тадқиқ қилганим сайин, билиб олганларимни Яҳованинг Шоҳидлари орасида кузатганларим билан солиштирардим. Улар Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни дунё бўйлаб эълон қилиш учун жон куйдириши мени лол қолдирди. Қолаверса, улар Исо издошларига айтганидек, фидойилик руҳини намоён этишини кўрдим. Шунинг учун, Исонинг Марк 10:21 даги «менинг издошим бўлинг» деган таклифини ўқиганимда, мен ҳам Яҳованинг Шоҳиди бўлишни истадим.
Лекин ҳаётимни ўзгартириш учун муайян вақт керак бўлди. Масалан, кўп йиллар давомида таниқли лотореяда иштирок этардим ва ҳар сафар омадли рақамимни қўярдим. Аммо Муқаддас Китобдан Яҳова «омад худоси»га топинувчиларни ҳамда очкўз инсонларни қоралашини билиб олдим. (Ишаё 65:11; Колосаликларга 3:5) Шундай қилиб, қимор ўйинларини ўйнашни бас қилдим. Лоторея ўйнашни бас қилган эдимки, ўша якшанба куни менинг омадли рақамим ютуқли бўлиб чиқди. Ўша ҳафта лоторея ўйнамаганим учун одамлар устимдан кулиб, яна ўйнашга ундашди. Аммо мен унамадим. Ўшандан бери қимор ўйинларини ўйнамай қўйдим.
Яҳова Шоҳидларининг анжуманида сувга чўмганимдан кейин дарҳол яна бир васвасага дуч келдим. (Эфесликларга 4:24) Ўша оқшом меҳмонхонага қайтсам, эшигим олдида илгари яхши кўриб юрган қизим турган экан. У менга: «Юрақол, Сэмми, вақтичоғлик қиламиз»,— дерди. Мен эса қатъиян: «Йўқ!» — дедим ва Муқаддас Китобдаги юқори ахлоқий меъёрлар бўйича яшашимни айтдим. (1 Коринфликларга 6:18) У бўлса: «Нима дединг?» — деб ҳайрон бўлди. Кейин у жинсий ахлоқсизлик борасидаги Муқаддас Китоб меъёрлари устидан кулиб, «муносабатларимизни тиклайлик» деб туриб олди. Лекин мен жимгина хонамга кириб, ортимдан эшикни қулфлаб олдим. Бугунги кунда эса 1958 йили Яҳованинг Шоҳиди бўлганимда танлаган ҳаёт тарзим бўйича яшаб келаётганимдан хурсандман.
ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ
Менимча, Муқаддас Китобда ёзилганларга амал қилиб, қандай фойда олганим борасида битта китоб ёзса бўлади. Масалан, ҳозир ажойиб дўстларим бор, ҳаётим мазмун ва чинакам бахтга тўла.
Мен ҳали-хануз бейсболни яхши кўраман. Аммо ҳозир қадриятларим ўзгарди. Бейсбол туфайли шуҳрат қозониб, кўп пулга эга бўлдим, аммо бу нарсалар ўткинчи. Яҳова билан дўстона муносабатлар ҳамда биродарлик ришталари эса абадийдир. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Дунё ҳам, унинг нафси ҳам ўтиб кетади, Худонинг иродасини бажараётган киши эса абадий яшайди». (1 Юҳанно 2:17) Ҳозир Тангри Яҳовани ва Унинг халқини ҳам нарсадан кўпроқ яхши кўраман.