Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

29- БОБ

Шаббат кунида савоб ишлар қилиш

Шаббат кунида савоб ишлар қилиш

ЮҲАННО 5:1–16

  • ИСО ЯҲУДИЯДА ВАЪЗ ҚИЛАДИ

  • У ҲОВУЗ ОЛДИДАГИ КАСАЛ КИШИНИ СОҒАЙТИРАДИ

Исонинг Жалиладаги кенг фаолияти кўп самара келтиради. Аммо «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни мен бошқа шаҳарларда ҳам ваъз қилишим керак», деб айтганида Исо фақатгина Жалила ҳудудини эмас, балки бошқа жойларни ҳам назарда тутган. Шу сабабли, у «Яҳудиядаги ибодатхоналарда ваъз» қилишга боради. (Луқо 4:43, 44) Ҳозир баҳор фасли ва ҳар йили Қуддусда бўладиган байрам яқинлашиб қолгани боис, у шундай йўл тутади.

Инжилда Исонинг Яҳудияда қилган хизматидан кўра Жалиладаги хизмати тўғрисида кўпроқ ёзилган. Исонинг хизматига Яҳудияда илиқ муносабат кўрсатишмайди, аммо қаерга боришидан қатъи назар, у ғайрат ила хушхабарни ваъз этиб, савоб ишлар қилиб юради.

Кўп вақт ўтмай, Исо мил. 31 йилнинг Фисиҳ байрамини нишонлаш учун Яҳудиянинг асосий шаҳри бўлмиш Қуддусга йўл олади. Шаҳарнинг серқатнов жойида, Қўй дарвозаси олдида Байтзата деган ҳовуз бор. У ерга кўпгина касал, кўр ва чўлоқ одамлар келади. Бу одамлар нега у ерга келишади? Сабаби улар сув тўлқинланганда одам ҳовузга тушса, соғайиб кетиши мумкин, деб ишонишади.

Шаббат куни Исо ҳовуз олдига бориб, у ерда 38 йилдан бери касал бўлган бир одамни кўради. Исо ундан: «Соғайишни истайсизми?» — деб сўрайди. Касал одам Исога шундай жавоб беради: «Тақсир, сув тўлқинланганда мени ҳовузга туширадиган ҳеч кимим йўқ. Ўзим етиб боргунимча, бошқаси мендан олдин тушиб олади». (Юҳанно 5:6, 7)

Исонинг: «Қани, ўрнингиздан туриб, тўшагингизни кўтаринг-да, юраверинг»,— деган жавоби ўша касал одамни ҳам, буни эшитганларни ҳам ҳайрон қолдиради. (Юҳанно 5:8) Касал одам айнан шундай қилади. У шу заҳотиёқ соғайиб кетади ва тўшагини қўлига олади-да, юра бошлайди!

Бундай ажойиб мўъжизани кўриб қувонишнинг ўрнига, яҳудийлар ўша кишини ҳукм қилиб, унга: «Бугун Шаббат ва тўшак кўтариб юришинг ноқонуний»,— дейишади. Ўша одам эса уларга жавобан шундай дейди: «Мени соғайтирган одам: “Тўшагингизни кўтаринг-да, юраверинг”,— деган». (Юҳанно 5:10, 11) Бу яҳудийлар Шаббат куни соғайтирган кишини ҳам ҳукм қилишади.

Улар соғайган кишидан: «Ким у, сенга: “Тўшагингизни кўтаринг-да, юраверинг”,— деган?» — деб сўрашади. Улар нега бундай савол беришади? Сабаби, «Исо ўша ердаги оломонга аралашиб, кўздан ғойиб» бўлади, соғайган киши эса унинг исмини ҳам билмайди. (Юҳанно 5:12, 13) Лекин ўша киши Исони яна учратади. У Исони маъбадда кўриб, ҳовуз олдида уни соғайтирган киши айнан Исо эканини билиб олади.

Шундан сўнг, соғайган одам ўша яҳудийларни излаб топади-да, уни Исо соғайтирганини айтиб беради. Буни билган яҳудийлар Исонинг олдига боришади. Улар Исонинг олдига у қандай қилиб бундай мўъжизалар ярата олишини билиш учун боришадими? Йўқ. Улар Исони Шаббат куни савоб ишлар қилаётгани учун ҳукм қилиб, ҳатто таъқиб қила бошлашади.