Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

73- БОБ

Меҳрибон самариялик

Меҳрибон самариялик

ЛУҚО 10:25–37

  • АБАДИЙ ҲАЁТГА ЭРИШИШ УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

  • МЕҲРИБОН САМАРИЯЛИК

Исо ҳали Қуддус яқинида экан, яҳудийлар унинг ёнига келишади. Баъзилар ундан таълим олмоқчи, бошқалар эса уни синамоқчи. Тавротни яхши билган бир киши Исонинг олдига келиб, ундан: «Устоз, абадий ҳаётга эришиш учун нима қилишим керак?» — деб сўрайди. (Луқо 10:25)

Бу киши саволни бекорга бермаганини Исо пайқайди. Балки у Исонинг оғзидан яҳудийларни ранжитадиган бирон-бир гап чиқишини кутаётгандир. Исо у одамнинг бу масалада ўз фикри борлигини билади. Шу сабабли, Исо донолик ила ўша кишини ўз фикрини айтишга ундайди.

Исо ундан: «Тавротда нима ёзилган? Ўқиганларингиздан нимани тушундингиз?» — деб сўрайди. Бу кишининг жавобидан у Тавротни яхши билиши аён бўлади. Чунки у Қонунлар 6:5 ва Левилар 19:18 даги сўзларни келтиради: «“Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз, бутун қувватингиз ва бутун онгингиз билан севинг” ҳамда “яқинингизни ўзингизни севгандай севинг”». (Луқо 10:26, 27) Хўш, унинг жавоби тўғрими?

Исо ўша кишига: «Тўғри жавоб бердингиз. Шундай йўл тутсангиз, абадий ҳаётга эга бўласиз»,— деб айтди. Лекин суҳбат шу билан тугамайди. Бу кишининг нияти саволига тўғри жавоб олиш эмас, балки «ўзининг одиллигини кўрсатиш». У нуқтаи назари тўғрилигига ва бошқаларга адолат билан муомала қилаётганига тасдиқ олишни хоҳлайди. Шунинг учун у Исодан: «Менинг яқиним ким?» — деб сўрайди. (Луқо 10:28, 29) Бир қарашда савол оддий бўлиб кўриниши мумкин, лекин унинг орқасида чуқур маъно бор.

Яҳудийлар фақат уларнинг одатларига риоя қиладиганларни «яқиним», деб билишади. Бу фикрни Левилар 19:18 тасдиқлаётгандек туюлиши мумкин. Шунинг учун яҳудийлар ўзга халқ вакиллари билан яқин муносабатда бўлишни «қонунга зид» деб ўйлашади. (Ҳаворийлар 10:28) Демак, бу кишининг ва эҳтимол, Исонинг баъзи шогирдларининг ўйлашича, одил бўлиш учун яҳудийларга нисбатан меҳрибон бўлиш етарли. Лекин ўзга халқ вакилларига меҳрибонлик қилмаса ҳам бўлади, чунки улар яҳудийларнинг «яқини» эмас.

Хўш, Исо қандай қилиб тингловчиларининг дилини оғритмай, уларнинг нуқтаи назарини тўғрилай оларкан? У қуйидаги воқеани айтиб беради: «Бир одам Қуддусдан Ерихога кетаётиб, йўлда қароқчиларга дуч келибди. Улар унинг кийимини ечиб, ўзини роса уриб, чала ўлик қилиб кетишибди. Ўша йўлдан бир руҳоний ҳам бораётган экан. Бу кишини кўрибди-ю, аммо йўлнинг нариги томонига ўтиб кетаверибди. Шунга ўхшаб бир леви ҳам ана шу ерга етганда, ўша кишини кўриб, уни четлаб ўтибди. Бир самариялик йўловчи бу жойдан ўтаётиб, уни кўриб қолибди ва унга раҳми келибди». (Луқо 10:30–33)

Ўша киши кўп руҳонийлар ва маъбадда хизмат қилаётган левилар Ерихода истиқомат қилишини билиши аниқ. Улар маъбаддан уйга қайтаётганда деярли 23 километр йўлни босиб ўтишади. Бу йўл жуда хавфли бўлиб, йўловчилар қароқчиларга дуч келишлари мумкин. Руҳоний ва левидан бошига кулфат тушган яҳудийга ёрдам бериш кутилмасмиди?! Исо айтиб берган воқеада улар бундай қилишмайди. Жабр кўрган кишига яҳудийлар нафратланган самариялик ёрдам беради. (Юҳанно 8:48)

Хўш, самариялик киши яҳудийга қандай кўмаклашди? «Унинг ёнига келиб, яраларига мой ва шароб қуйиб, боғлабди,— деб тушунтиради Исо.— Кейин уни уловига миндирибди-да, меҳмонхонага олиб келиб, унга ғамхўрлик қилибди. Эртаси куни эса икки динор чиқариб, меҳмонхонанинг эгасига берибди-да: “Унга яхши қаранг, агар кўпроқ сарф-харажат қилсангиз, келганимда тўлайман”,— деб айтибди». (Луқо 10:34, 35)

Бу воқеани айтиб бергандан сўнг, Улуғ Устоз Исо ўша кишини фикрлашга ундаш учун: «Нима деб ўйлайсиз, бу учовидан қай бири қароқчиларнинг қўлига тушган кишининг яқини ҳисобланади?» — деб сўрайди. Эҳтимол, ўша кишининг «самариялик», деб айтишга тили айланмайди. Шунинг учун у: «Унга раҳм-шафқат кўрсатган киши-да!» — дейди. Исо эса: «Боринг, сиз ҳам шундай йўл тутинг»,— деб айтади. Шунда у бу воқеани нега айтиб бергани аниқ бўлади. (Луқо 10:36, 37)

Таълим беришнинг нақадар самарали усули, шундай эмасми?! Агар Исо ўша кишига, яҳудий бўлмаганлар ҳам унинг «яқини» эканини айтганида, эҳтимол, у ва тинглаб турган яҳудийлар буни қабул қила олишмасди. Аммо Исо айтиб берган бу воқеа ҳаммага таниш ва тушунарли бўлгани учун: «Менинг яқиним ким?» — деган саволнинг жавоби аниқ бўлди. Яқинимиз бу, севги ва меҳрибонликни намоён этадиган кишидир. Муқаддас Китобда айнан шундай йўл тутишга ундаляпмиз.