Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ИЛОВА

Жон билан руҳ нима ўзи?

Жон билан руҳ нима ўзи?

ЖОН ва руҳ сўзларини эшитганда хаёлингизга нима келади? Кўплар бу сўзлар остида инсон ичида яшайдиган кўринмас ва ўлмас нарсани тушунади. Уларнинг фикрича бу нарса инсон ўлганида танани тарк этиб яшашни давом эттиради. Бу эътиқод жуда кенг тарқалган. Бироқ бу эътиқод Муқаддас Китобга асосланмаганини эшитиб кўплар ҳайрон қолади. Хўш, Худонинг Каломига биноан жон ва руҳ нима ўзи?

ЖОН НИМА ЎЗИ?

Авваламбор, жон тушунчасини кўриб чиқайлик. Муқаддас Китоб илк бор иброний ва юнон тилларида ёзилгани сабаб, жон сўзига нисбатан ибронийча нефеш ва юнонча психе сўзлари қўлланилган. Муқаддас Ёзувларда бу иккала сўз 800 мартадан ошиқроқ учрайди. Ўзбек тилидаги «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»да бу сўзлар «жон», «инсон», «киши» ёки «ҳаёт» деб таржима қилинган. Муқаддас Китобдаги нефеш ва психе сўзлари қандай қўлланганини ўрганиб чиқсангиз, жон сўзи остида асосан 1) одамлар, 2) ҳайвонлар ёки 3) одамлар ва ҳайвонлар ҳаёти тушунилишини кўрасиз. Келинг, жон сўзи ушбу учала маънода қўлланилган баъзи оятларни кўриб чиқайлик.

Одамлар. «Нуҳ пайғамбарнинг даврида... бир неча киши, яъни атиги саккиз жон [юнонча психе] сувдан омон қолган эди». (1 Бутрус 3:20) Бу оятдаги психе ёки «жон» сўзи остида одамлар, яъни Нуҳ пайғамбар, унинг рафиқаси, учта ўғли ва келинлари назарда тутилган. Бошқа оятда исроилликларга қарата шундай амр берилган эди: «Чодирингизда неча киши [ибронийча нефеш] борлигига қараб, ҳар бир одамга бир омирдан олинглар». (Чиқиш 16:16) Демак, чодирда нечта одам яшашига қараб ҳар бирига етарлича манна йиғиб олиш керак эди. Жон сўзи остида одамлар назарда тутилганини Муқаддас Китобдаги бошқа оятлардан ҳам кўриш мумкин. Масалан: Ибтидо 46:18; Ҳаворийлар 27:37 ва 1 Коринфликларга 15:45.

Ҳайвонлар. Муқаддас Китобда яратилиш даври ҳақида шундай дейилган: «Кейин Худо: “Сувлар тирик жонзотлар билан тўлиб-тошсин ва ер узра, осмонда қанотли жониворлар учиб юрсин”,— деб айтди». «Сўнг Тангри: “Ер турига қараб тирик жонзотларни: ўз турига қараб уй ҳайвонларини, ўрмалаб юрувчи жонзотларни ва ёввойи ҳайвонларни пайдо қилсин”,— деди ва айнан шундай бўлди». (Ибтидо 1:20, 24) Бу оятлардан кўриняптики, балиқлар, уй ҳайвонлари ва ёввойи ҳайвонларнинг барчаси «жонзотлар» деб аталган. Қуйидаги оятларда паррандалар ва бошқа ҳайвонлар жон дейилган. Масалан: Ибтидо 9:10 ва Саҳрода 31:28.

Одам ҳаёти. Баъзида жон сўзи остида одамнинг ҳаёти назарда тутилади. Масалан, Яҳова Таоло Мусо пайғамбарга шундай деган эди: «Жонингни олмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси ўлди». (Чиқиш 4:19) Хўш, Мусо пайғамбарнинг душманлари нимани олмоқчи эди? Унинг жонини, яъни ҳаётини. Энди Роҳила билан юз берган воқеани олайлик. Ўғли Беняминни туғаётганида «унинг жони [«ҳаёти», изоҳ] узилай деб турганида, у ўғлини Бенўн деб номлади». (Ибтидо 35:16–19) Шу пайт Роҳила ҳаётдан кўз юмди. Энди эса Исонинг сўзларига эътибор беринг. «Мен яхши чўпонман. Яхши чўпон қўйлари учун ўз жонини [«ҳаёти», изоҳ] ҳам аямайди». (Юҳанно 10:11) Исо ўз жонини, яъни ҳаётини инсоният учун фидо қилган. Бу оятларнинг барчасида жон сўзи остида одамнинг ҳаёти назарда тутилади. Яна кўп оятларда ва изоҳида бу сўз ишлатилган. Масалан: Чиқиш 21:23; Матто 10:39; Юҳанно 15:13 ва Ҳаворийлар 20:10.

Муқаддас Китобни тадқиқ қилган сайин, ҳеч бир оятда жон ўлмас ёки абадий деган фикрни ўқимайсиз. Аксинча, Муқаддас Китобда жон ўлади, деб айтилган. (Ҳизқиё 18:4, 20) Шунинг учун ўлган киши Муқаддас Китобда «ўлган жон» дейилган. (Левилар 21:11, изоҳ)

РУҲ НИМА ЎЗИ?

Энди эса Муқаддас Китобга кўра руҳ нима эканини кўриб чиқайлик. Баъзиларнинг фикрича руҳ билан жон бир хил маънога эга. Лекин аслида бундай эмас, чунки Муқаддас Китобда руҳ ва жон сўзлари умуман бошқа-бошқа нарсаларни билдиради. Уларнинг фарқи нимада?

Муқаддас Китобда «руҳ» сўзига нисбатан ибронийча руах ва юнонча пневма сўзлари қўлланилган. Бу сўзларнинг маъносини Муқаддас Китобнинг ўзидан билиб олишимиз мумкин. Масалан, Забур 104:29 да Яҳова Таолога қарата шундай дейилган: «Юзингни яширганингда, улар саросимага тушади. Улардан ҳаёт учқунини [руах] олиб қўйсанг, улар ўлиб тупроққа қайтади». Ёқуб 2:26 да эса: «Руҳсиз [пневма] тана ўлик»,— деб айтилган. Бу оятларда «руҳ» сўзи танага ҳаёт бағишловчи кучни билдиради. Дарҳақиқат, бадан руҳсиз яшай олмайди. Айнан шу сабабдан баъзи оятларда руах сўзи нафақат «руҳ», балки «ҳаёт нафаси» ёки «ҳаёт руҳи» деб ўгирилган. Масалан, Нуҳ пайғамбар даврида Худованд шундай деган эди: «Мен ер юзига тўфон юбориб, фалак остидаги ҳаёт нафаси [руах] бор бўлган барча жонзотларни қириб ташламоқчиман». (Ибтидо 6:17; 7:15, 22) Хуллас, руҳ кўзга кўринмас куч (ҳаёт учқуни) бўлиб, барча тирик жонзотларнинг ҳаётини таъминлайди.

Жон ва руҳ бир маънога эга эмас. Радио ишлаши учун электр қуввати керак бўлганидек, тана учун руҳ зарурдир. Мисол тариқасида батарея билан ишлайдиган радиони олайлик. Унга батарея қўйсак у ишлайди. Лекин батареясиз у ишламай қолади, яъни «ўлади». Электр тармоғидан ишлайдиган радио тармоқдан узилса у ҳам ишламай қолади. Худди шунга ўхшаб, одам яшаши учун унинг ҳаётини таъминловчи руҳ бўлиши керак. Электр қуввати каби руҳнинг ҳис-туйғулари йўқ ва у фикрлаш қобилиятига эга эмас. Руҳ шахс эмас, балки кучдир. Руҳ ёки ҳаётни таъминловчи куч бўлмаса, Забурда айтилгандай танамиз «ўлиб тупроққа қайтади».

Одамнинг ўлими ҳақида Муқаддас Китобда қуйидагилар айтилган: «Тупроқ [одамнинг танаси] ўз олинган ерига қайтади, ҳаёт нафаси [«руҳи», изоҳ] эса уни тортиқ этган Аллоҳга қайтади». (Воиз 12:7) Руҳ ёки ҳаётни таъминловчи куч танани тарк этса, тана ўлади ва у олинган ерига, яъни тупроққа қайтади. Шунга ўхшаб ҳаётни таъминловчи куч уни берганга, яъни Худога қайтади. (Аюб 34:14, 15; Забур 36:9) Бу, ҳаётни таъминловчи куч том маънода осмонга кетишини эмас, балки ўлган одам яна ҳаётга қайтиши фақат Тангри Яҳовага боғлиқ эканини англатади. Бошқача айтганда, унинг ҳаёти Парвардигорнинг қўлидадир. Ҳа, фақатгина Аллоҳнинг қудрати ила руҳ ёки ҳаётни таъминловчи куч одамга қайтадан ато этилади ва у яна яшай олади.

Худо «мозорларда бўлган ҳамма»ни тирилтирмоқчи эканини билиш тасалли бахш этяпти. (Юҳанно 5:28, 29) Тирилиш пайтида Яҳова ўлганларга янги тана беради ва яшаши учун уларга руҳ ёки ҳаётни таъминловчи кучни ато этади. Тирилиш инсониятга кўп шодлик келтиради!

Жон билан руҳ тушунчалари тўғрисида кўпроқ маълумотни «Ўлимдан сўнг нима содир бўлади?» (рус) номли рисоладан ва кўп тилларда нашр этилган «Муқаддас Китоб асосида музокара» номли китобнинг «Жон» ва «Руҳ» мавзуларидан билиб олишингиз мумкин. Иккала адабиёт ҳам Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган.