Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

БЕШИНЧИ БОБ

Тўлов — Худонинг қимматбаҳо ҳадяси

Тўлов — Худонинг қимматбаҳо ҳадяси
  • Тўлов ўзи нима?

  • У қандай тўланган?

  • Тўлов билан қандай қут-баракалар боғлиқ?

  • Тўловни қадрлашингизни қандай кўрсата оласиз?

1, 2. а) Қандай ҳадяни қимматбаҳо деб билар эдингиз? б) Нега тўловни энг қимматбаҳо ҳадя деб билиш мумкин?

ҚАНДАЙ ҳадяни қимматбаҳо деб билар эдингиз? Унинг нархи баланд бўлиши шарт эмас, ахир ҳадянинг қадри доим ҳам пул билан ўлчанмайди-ку. Аслида энг қимматбаҳо ҳадя, сизга айнан керакли ва сизни бахтиёр қила оладиган ҳадядир.

2 Ҳадялар ичида энг қимматбаҳо бўлган ҳадя бор. Унинг қадр-қимматини ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди. Бу, Худонинг инсониятга берган ҳадясидир. Аслида Худойимиз Яҳова бизга кўп ҳадялар берган, аммо улардан энг қимматбаҳоси — Исо Масиҳни биз учун тўлов сифатида бергани. (Матто 20:28 ни ўқинг.) Ушбу бобдан тўлов энг қимматбаҳо ҳадя эканини билиб оламиз, чунки айнан бу тўлов сизни бахтиёр қила олади ва у орқали энг муҳим эҳтиёжларингиз қондирилади. Тўлов Аллоҳ Яҳованинг сизга нисбатан кучли севгисининг далилидир.

ТЎЛОВ ЎЗИ НИМА?

3. Тўлов ўзи нима ва тўлов ҳақидаги таълимотни англаб олиш учун нимани кўриб чиқиш лозим?

3 Қисқача айтганда, тўлов — Яҳова Таоло инсониятни гуноҳ ва ўлимдан халос қилиш учун қўллайдиган восита. (Эфесликларга 1:7) Муқаддас Китобнинг тўлов ҳақидаги таълимотини англаб олиш учун Адан боғида нима юз берганини кўриб чиқиш лозим. Одамато гуноҳ қилиб нимани қўлдан бой берганини билиб олсак, тўлов нақадар қимматбаҳо эканини тушуна оламиз.

4. Мукаммал инсон бўлмиш Одаматони қандай келажак кутаётган эди?

4 Худовандимиз Яҳова Одаматони мукаммал қилиб яратди. Бу нимани англатишини кўриб чиқайлик. Мукаммал тана ва онг соҳиби бўлмиш Одаматони касаллик, қарилик ва ўлимдан холи келажак кутаётган эди. Мукаммал инсон сифатида Одамато Худо билан ўзгача муносабатга эга эди. Уларнинг муносабатлари меҳрибон ота билан ўғли ўртасидаги муносабатларга ўхшаб кетар эди. Шу сабабли, Муқаддас Китобнинг бир оятида Одамато «Худонинг ўғли», деб айтилади. (Луқо 3:38) Яҳова эса Одамато билан мулоқот қилиб, унга қизиқарли вазифалар берар ва ундан нималар кутаётганини тушунтирар эди. (Ибтидо 1:28–30; 2:16, 17)

5. Қайси маънода Худо Одаматони «Ўзига ўхшаш қилиб» яратган?

5 Худо Одаматони «Ўзига ўхшаш қилиб» яратган эди. (Ибтидо 1:27) Албатта, бу унинг ташқи қиёфаси Аллоҳникига ўхшаганини англатмайди. Бу китобнинг 1- бобидан билиб олганимиздай, Аллоҳ Яҳова руҳий Шахс. (Юҳанно 4:24) Шундай экан, Худонинг эт ва қондан иборат танаси йўқ. Худо Одаматони Ўзига ўхшаш қилиб яратгани унда илоҳий фазилатлар, жумладан, севги, донолик, адолат ва қудрат борлигини билдиради. Шунингдек, Одамато яна бир муҳим томони билан Парвардигорга ўхшар эди. У ирода эркинлигига эга эди. Демак, у муайян дастур бўйича ишлайдиган робот каби эмас, балки яхши ва ёмоннинг фарқига бориб, шахсий қарор чиқара оладиган инсон сифатида яратилган эди. Агар Одамато Худога итоаткор бўлганида, жаннатмакон ерда абадий яшашни давом эттирарди.

6. Худога итоатсизлик қилиб Одамато нимадан маҳрум бўлди ва бу бизга қандай таъсир қилди?

6 Одаматонинг итоатсизлиги ачинарли оқибатга олиб келди. Гуноҳи оқибатида у мукаммал ҳаёти билан бирга барча қут-баракалардан маҳрум бўлиб, ўлимга маҳкум қилинди. (Ибтидо 3:17–19) Афсуски, Одамато нафақат ўзининг, балки келажак авлодининг қимматбаҳо ҳаётига зомин бўлди. Муқаддас Китобда: «Битта одам [Одамато] дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳ орқали эса ўлим. Шу тариқа ўлим барча инсонларга ўтди, демак уларнинг барчаси гуноҳ қилган»,— деб айтилади. (Римликларга 5:12) Ҳа, Одаматодан гуноҳ барчамизга ўтди. Шу сабабли, Муқаддас Китобга кўра, у ўзинию авлодларини гуноҳ ва ўлим қуллигига сотган. (Римликларга 7:14) Одамато билан Момоҳаво келажакдан маҳрум бўлишди, чунки била туриб Худога бўйсунишмади. Аммо уларнинг авлодлари бўлмиш биз ҳақимизда нима дейиш мумкин?

7, 8. Тўлов сўзининг маъносини аниқлашда қандай иккита нарса аҳамиятга эга?

7 Яҳова Таоло инсонларни қутқариш учун севги ила тўлов тақдим этди. Қизиқ, тўлов ўзи нима? Бу сўзнинг маъносини аниқлашда иккита асосий нарса аҳамиятга эга. Биринчидан, тўлов — бирор кишини, масалан, асирни озод этиш ёки гаровга қўйилган буюмни қайтариш учун тўланадиган пул. Иккинчидан, тўлов — бирор нарсанинг баҳосини қоплайдиган маблағ. Мисол учун, аварияда айбдор бўлган киши етказган зиённи қоплайдиган ҳақни ёки тенг баҳони тўлаши керак.

8 Хўш, Одамато етказган зиённи қоплаб, инсониятни гуноҳ ва ўлим қуллигидан қандай озод этиш мумкин эди? Келинг, Тангримиз Яҳова тақдим этган тўловни ва бу қандай қут-баракалар келтиришини кўриб чиқайлик.

ЯҲОВА ТЎЛОВ ТАҚДИМ ЭТДИ

9. Тўлов қандай талабга жавоб бериши керак эди?

9 Мукаммал ҳаёт қўлдан бой берилгани сабаб, ҳеч бир номукаммал инсон уни қайтариб олиш учун тўлов бера олмас эди. (Забур 49:7, 8) Тўлов тенг қийматли бўлиши шарт эди. Бу Муқаддас Китобдаги адолатли меъёрга мувофиқ бўлган. Зеро у ерда: «Жон эвазига жон»,— деб ёзилган. (Қонунлар 19:21) Хўш, Одамато йўқотган мукаммал ҳаёт ёки жон эвазига нима ҳавола қилиниши мумкин эди? Бошқа бир мукаммал кишининг ҳаёти «муносиб тўлов» бўла оларди. (1 Тимўтийга 2:6)

10. Тангримиз Яҳова тўловни қандай ҳавола қилди?

10 Тангримиз Яҳова тўловни қандай ҳавола қилди? У ер юзига фаришталаридан бирини, ўғлидай азиз бўлган бир зотни юборди. (1 Юҳанно 4:9, 10 ни ўқинг.) Бу зот тайёрлик билан самовий маконни тарк этди. (Филиппиликларга 2:7) Ўтган бобдан билиб олганимиздай, Яҳова мўъжизавий тарзда бу зотнинг ҳаётини Марямнинг бачадонига кўчирди. Аллоҳнинг муқаддас руҳи орқали Марям Исо исмли гуноҳдан холи, яъни мукаммал фарзанд кўрди. (Луқо 1:35)

Яҳова Ўз Ўғлини тўлов сифатида берди

11. Қандай қилиб бир инсон миллионлаб инсонлар учун тўлов бериши мумкин?

11 Бироқ қандай қилиб бир киши миллионлаб инсонлар учун тўлов бериши мумкин? Одамлар қандай қилиб гуноҳкор бўлиб қолгани ёдингиздами? Одамато гуноҳ қилиб мукаммал ҳаётни қўлдан бой берган эди. Шундай экан, у авлодларига гуноҳ ва ўлимдан бўлак ҳеч нарсани мерос сифатида қолдира олмас эди. Аммо Муқаддас Китобда «охирги Одамато» деб аталган Исо гуноҳдан холи, мукаммал инсон эди. (1 Коринфликларга 15:45) Шуни айтиш жоизки, Исо бизни гуноҳдан қутқариш учун Одаматонинг ўрнини эгаллади. Худога итоаткор қолиб, у биз учун мукаммал ҳаётини фидо қилди ва шу йўсин Одамато қилган гуноҳнинг ҳақини батамом тўлади. Шундай қилиб Исо Одаматонинг авлодларига умид ато этди. (Римликларга 5:19; 1 Коринфликларга 15:21, 22)

12. Азоб-уқубатни бошдан кечириб Исо нимани исботлади?

12 Муқаддас Китобда Исо чеккан азоб-уқубатлар батафсил ёзилган. Жумладан, қамчиланиши, устунга михланиши ва жуда қийналиб жон бериши. (Юҳанно 19:1, 16–18, 30; 204–206- саҳифалардаги Иловага қаранг.) Нима сабабдан Исо буни бошдан кечириши керак эди? Кейинги бобдан, Яҳованинг хизматчилари синов остида садоқатли қолишини Шайтон шубҳа остига қўйганини билиб оламиз. Лекин Исо азоб-уқубатларга қарамай Худога содиқ қолиб, Шайтоннинг даъвосига аъло тарзда жавоб берди. У шуни исботладики, ирода эркинлигига эга бўлган мукаммал инсон Иблиснинг ҳийлаларига қарамай Худога содиқ қолиши мумкин. Яҳовага азиз бўлган зотнинг садоқати Унинг қалбини жуда қувонтирган! (Ҳикматлар 27:11)

13. Тўлов қандай берилган эди?

13 Тўлов қандай берилган эди? Милодий 33 йили, яҳудийларнинг нисон ойининг 14 куни Худо ушбу мукаммал зотнинг қатл қилинишига йўл қўйди. Шу йўсин Исо ўз мукаммал ҳаётини «биратўла» қурбон қилди. (Ибронийларга 10:10) Учинчи куни эса Яҳова Исони тирилтиргач, у руҳий шахс бўлди. Исо осмонга қайтгач, Одаматонинг авлодларини қутқариш учун тўлов сифатида берган мукаммал ҳаётининг баҳосини Аллоҳга тақдим этди. (Ибронийларга 9:24) Инсонларни гуноҳ ва ўлим қуллигидан озод этиш учун Исо тақдим этган тўловнинг баҳосини Яҳова қабул қилди. (Римликларга 3:23, 24 ни ўқинг.)

ТЎЛОВ БИЛАН БОҒЛИҚ ҚУТ-БАРАКАЛАР

14, 15. «Гуноҳларимиз кечирилиши» учун нима қилишимиз лозим?

14 Гуноҳкор бўлишимизга қарамай, Худонинг ҳадяси бўлмиш тўлов туфайли ажойиб қут-баракаларга эга бўлишимиз мумкин. Келинг, бу қут-баракаларнинг айримларини кўриб чиқайлик.

15 Гуноҳларнинг кечирилиши. Номукаммал бўлганимиз сабабли, тўғри йўл тутиш учун биздан қатъий ҳаракат талаб этилади. Барчамиз тилда ҳам, ишда ҳам хато қиламиз. Аммо Исонинг тўлов қурбонлиги туфайли гуноҳларимиз кечирилиши мумкин. (Колосаликларга 1:13, 14) Бундан фойда кўришимиз учун, ушбу қурбонлик асосида тавба қилиб, камтаринлик ила Тангри Яҳовадан кечирим сўрашимиз лозим. (1 Юҳанно 1:8, 9 ни ўқинг.)

16. Нима туфайли Худога пок виждон билан хизмат қила оламиз ва унга эга бўлишнинг қандай фойдаси бор?

16 Худо олдида пок виждон. Агар виждонимиз нопок бўлса, осонликча умидсизликка тушиб, ўзимизни яроқсиздек ҳис этамиз. Бироқ Яҳова гуноҳларимизни кечириш учун меҳр ила тўлов тақдим этди. Бу туфайли номукаммаллигимизга қарамай, Унга пок виждон ила хизмат қилиш имконига эгамиз. (Ибронийларга 9:13, 14) Қолаверса, Тангри Яҳовага бемалол ибодат қила оламиз. (Ибронийларга 4:14–16) Шунингдек, пок виждон хотиржамликни ҳис этишимизга, ўз ҳурматимизни билишга ва бахтли бўлишимизга ҳисса қўшади.

17. Исо ўз жонини биз учун фидо қилиб қандай баракаларга йўл очди?

17 Жаннатмакон ерда абадий яшашга бўлган умид. Муқаддас Китобда: «Гуноҳнинг эвази — ўлим»,— деган сўзларни ўқиймиз. Давомида: «Худонинг инъоми эса Ҳазратимиз Исо Масиҳ воситасида абадий ҳаётдир»,— деб айтилган. (Римликларга 6:23) Бу китобнинг 3- бобида кўриб чиққанимиздай, жаннатмакон ерда ҳаёт жуда ҳам гўзал бўлади. (Ваҳий 21:3, 4) Бу барча баракаларга, жумладан, абадий ҳаёт ва мукаммал саломатликка Исо ўз жонини биз учун фидо қилгани туфайли эришамиз. Аммо тўловни қадрласаккина, бу қут-баракаларга эга бўламиз.

ТЎЛОВНИ ҚАДРЛАШИНГИЗНИ ҚАНДАЙ КЎРСАТА ОЛАСИЗ?

18. Нима сабабдан тўлов учун Яҳовадан миннатдор бўлишимиз даркор?

18 Нима сабабдан тўлов учун Яҳовадан миннатдор бўлишимиз даркор? Хўш, агар кимдир вақти, кучи ва маблағини аямай сиз учун ҳадя тайёрласа, ундан миннатдор бўлмасмидингиз? Бундай ҳадя унинг самимий севгисининг изҳори бўлмасмиди? Тўлов эса энг қимматбаҳо ҳадядир. Нега дейсизми? Муқаддас Китобда: «Аллоҳ инсониятни шу қадар қаттиқ севдики, ҳатто улар учун ягона Ўғлини берди»,— деб ёзилган. (Юҳанно 3:16) Ҳа, Яҳова одамларни севишининг яққол далили тўловдир. Шунингдек, тайёрлик ила ўз жонини фидо қилган Исонинг ҳам севгисидан далолат. (Юҳанно 15:13 ни ўқинг.) Тўлов, Яҳова Таоло ҳамда Исо ҳар биримизни севишига бизни ишонтирмоқда. (Галатияликларга 2:20)

Тўлов учун миннатдорчилик билдиришнинг йўлларидан бири Яҳовани таниб-билишдир

19, 20. Тўловни қадрлашингизни қандай кўрсата оласиз?

19 Худонинг ҳадяси бўлмиш тўловни қадрлашингизни қандай кўрсата оласиз? Аввало, бу ҳадяни тақдим этган Яҳова Таолони таниб-билишга интилинг. (Юҳанно 17:3) Бунда сизга, қўлингиздаги китоб ёрдамида Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш кўмаклашади. Яҳовани таниб-билганингиз сайин, Унга бўлган севгингиз ҳам ортиб боради. Севги эса ўз навбатида, сизни барча нарсада Худони мамнун этишга ундайди. (1 Юҳанно 5:3)

20 Исонинг тўлов қурбонлигига ишонинг. Исо ҳақида: «Ўғилга ишонган киши абадий ҳаётга эгадир»,— деб айтилган. (Юҳанно 3:36) Хўш, унга қандай ишониш мумкин? Имонни фақат сўзда ифодалаб бўлмайди, чунки Муқаддас Китобга биноан, «ишларсиз имон ҳам ўликдир». (Ёқуб 2:26) Чиндан ҳам, ҳақиқий имон «ишлар» билан тасдиқланади. Исога ишонишнинг йўлларидан бири нафақат сўзда, балки амалда унинг ўрнагига эргашиш демакдир. (Юҳанно 13:15)

21, 22. а) Нима сабабдан Қутлуғ Кечлик маросимига қатнашишимиз лозим? б) Кейинги 6- ва 7- бобларда нимани кўриб чиқамиз?

21 Қутлуғ Кечлик маросимига қатнашинг. Исо милодий 33 йили 14 нисон куни Муқаддас Китобда «Ҳазратимизнинг кечлик таоми» деб аталган ўзгача маросимни уюштириб, уни нишонлашни буюрди. (1 Коринфликларга 11:20; Матто 26:26–28) Бу маросим Қутлуғ Кечлик деб ҳам аталади. Исо унинг барча издошлари, у ўз мукаммал ҳаётини тўлов сифатида фидо қилганини ёдда тутишлари учун бу маросимни жорий этган эди. Бу тўғрисида Исо: «Буни мени эслаб туриш учун қилинглар»,— деган. (Луқо 22:19) Қутлуғ Кечлик маросими, Худойимиз Яҳова ҳамда Исо Масиҳнинг кучли севгисини бизга эслатиб туради. Ҳар йили ўтказиладиган маросимга келсак, Исо берган тўлов учун миннатдор эканимизни кўрсатамиз *.

22 Яҳова Таоло ҳавола этган тўлов чиндан ҳам қимматбаҳо ҳадядир. (2 Коринфликларга 9:14, 15) Бу ҳадя ҳатто ўлганларга ҳам фойда келтириши мумкин. Навбатдаги 6- ва 7- боблардан бунинг қандай имкони борлигини кўриб чиқамиз.

^ абз. 21 Қутлуғ Кечлик маросими ҳамда унинг маъноси ҳақида 206–208- саҳифалардаги Иловадан кўпроқ билиб олишингиз мумкин.