Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

7- ҚИСМ

Худо исроилликларни халос этади

Худо исроилликларни халос этади

Яҳова Мисрга фалокат юборади, Мусо пайғамбар эса исроилликларни мамлакатдан олиб чиқади. Худо Мусо орқали Исроил халқига Таврот қонунини беради

ИСРОИЛЛИКЛАР Мисрда узоқ вақт яшагач, гуллаб-яшнаб, ниҳоятда кўпайиб кетишди. Мамлакатни Юсуфни танимайдиган янги фиръавн бошқараётган эди. Ушбу золим ҳукмдор исроилликларнинг кўпайиб кетаётганидан қўрқиб, уларни қул қилади. Янги туғиладиган ўғил болаларни эса, Нил дарёсига чўктиришни буюради. Лекин бир жасоратли аёл, ўз ўғлини сақлаб қолиш ниятида, уни саватга солади-да, қамишзор орасига қўйиб кетади. Чақалоқни фиръавннинг қизи топиб олиб, унга Мусо деб исм беради ва уни ўз ўғлидек вояга етказади.

Мусо 40 ёшда бўлганида, бир исроиллик қулни мисрликнинг қўлидан халос қиламан деб, муаммо орттиради. Шундан сўнг, узоқ юртларга қочиб, у ерларда мусофир бўлиб кун кечиришга мажбур бўлади. 80 ёшга кирганида эса, Яҳова уни қайтадан Мисрга жўнатади. У фиръавнга Худонинг халқини қўйиб юбориш талаби билан мурожаат қилиши керак эди.

Фиръавн ҳеч иккиланмай рад жавобини бергани учун, Худо Мисрга ўнта фалокатни юборади. Мусо ҳар сафар фиръавнни огоҳлантирмоқчи бўлиб, унга фалокатнинг олдини олиш имкониятини беради. Аммо ўжар фиръавн Мусонинг хабарини ҳам, унинг Худоси Яҳовани ҳам тан олмайди. Ўнинчи жазо келганда Мисрдаги барча жонзотнинг тўнғичи ўлдирилади. Лекин Аллоҳга қулоқ солиб, қурбон қўзисининг қонини эшикларининг ромига суртган кишиларнинг бошига бундай кулфат тушмайди. Қирғин келтирган Худонинг фариштаси уларнинг уйини четлаб ўтади. Бундан буён, исроилликлар бу ажойиб кунни ҳар йили Фисиҳ байрами сифатида нишонлайдиган бўлишади.

Фиръавн тўнғич ўғлидан айрилиб қолганидан сўнг, Мусога ва барча исроилликларга Мисрни тарк этишни буюрди. Улар ўша куннинг ўзидаёқ Мисрдан чиқишди. Бироқ, фиръавн ниятидан қайтиб, кўплаб аскарларию араваларини олиб исроилликларни қувишга тушди. Исроилликлар Қизил денгизга етиб келишганида, улар гўё тузоққа тушиб қолишган эди. Лекин Яҳова денгизни иккига бўлганида, улар қуп-қуруқ ердан ўтиб кетишди. Исроилликларнинг кетидан мисрликлар тушиб келишганида эса, Худо сув деворларини қўйиб юборди, шунда фиръавн ва унинг аскарлари чўкиб кетишди.

Кейинчалик исроилликлар Синай тоғи ёнбағрида йиғилишганида, Яҳова улар билан аҳд тузди. Мусо пайғамбар орқали, Худо уларга қонунларини берди. Мана шу қонунлар ҳаётнинг ҳар бир соҳасида улар учун ҳимоя ва йўл-йўриқ бўлиб хизмат қилиши керак эди. Исроилликлар Аллоҳнинг бошқарувига итоатли бўлишга ваъда беришди. Ўз навбатида, Худованд ҳам улар билан бўлиб, мана шу халқ орқали бошқаларни баракали қилишини айтди.

Аммо исроилликларнинг аксарияти ишончсизлик қилиб, Худони ранжитишди. Шунинг учун, Яҳова ушбу наслни 40 йил саҳрода саргардон бўлиб юришга мажбур қилди. Сўнг эса, Мусо ишончли кишини, яъни Ёшуани ўзининг ўрнига бош қилиб тайинлади. Халқ, Худо Иброҳим Халилуллоҳга ваъда қилган ернинг остонасида турган эди.

Чиқиш, Левилар, Саҳрода ва Амрлар китобларга, шунингдек Забур 135:10–15 ва Ҳаворийлар 7:17–36- оятларга асосланган.