2- дарс
Худо ким?
1. Нега Худога топинишимиз лозим?
Ҳақ Худо бутун борлиқнинг Яратувчисидир. Унинг ибтидоси бўлмаган, интиҳоси ҳам йўқ. (Забур 90:2) У Муқаддас Китобда баён этилган хушхабарнинг Манбаидир. (1 Тимўтийга 1:11) Тангри бизга ҳаётни ато этган экан, фақат Унга топинишимиз даркор. Ваҳий 4:11 ни ўқинг.
2. Худо Ўзи қанақа?
Аллоҳ руҳий шахс бўлгани боис, ҳеч бир инсон Уни кўрмаган. Бу дегани, У бизникидан анча юксак бўлган ҳаёт шаклига эга. (Юҳанно 1:18; 4:24) Шундай бўлса-да, Худо яратган нарсаларни кузатиб, У тўғрисида билиб олиш мумкин. Мисол учун, турли-туман мевалару гуллар У севги ва доноликка бой эканидан далолат беради. Чексиз Коинот эса Тангри куч-қудратга эга эканини кўрсатиб туради. Римликларга 1:20 ни ўқинг.
Муқаддас Китобни ўқиш орқали Аллоҳ ҳақида янада кўпроқ билиб олса бўлади. Масалан, унда Худо нимани ёқтириш-ёқтирмаслиги, инсонларга қандай муносабатда эканлиги ва турли вазиятларда қандай йўл тутиши борасида айтилган. Забур 103:7–10 ни ўқинг.
3. Аллоҳнинг исми борми?
Исо пайғамбар: «Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин»,— деган. (Матто 6:9) Гарчи Худонинг турли унвонлари бор бўлса-да, исми фақат битта. Ҳар хил тилларда у турлича талаффуз этилади. Ўзбек тилида «Яҳова» дея талаффуз қилинади. Забур 83:18 ни ўқинг.
Муқаддас Китобнинг кўп таржималарида Аллоҳнинг исмини олиб ташлаб, Эгамиз ва Раббий деган унвонларга алмаштиришган. Лекин Муқаддас Китобнинг асл нусхасида Худонинг исми тахминан 7 000 марта қўлланилган. Ҳазрати Исо Худо ҳақида таълим берганида бу исмни тилга олган. Юҳанно 17:26 ни ўқинг.
4. Яҳова бизга ғамхўрлик қиладими?
Дунёда кўп одамлар азоб чекаётгани Тангри Яҳова бизга ғамхўрлик қилмаётганидан дарак берадими? Баъзилар: «Худо бизни синаш учун азобларга дучор қилади»,— дейишади. Аммо бу ғирт ёлғон. Ёқуб 1:13 ни ўқинг.
Аллоҳ инсонга ирода эркинлигини ато этган. Худо Унга топиниш қарорини чиқаришни ўзимизга ҳавола этганидан миннатдор бўлишимиз даркор. (Ёшуа 24:15) Лекин кўплар бошқаларга ёмонлик қилишни танлаётгани сабабли, азоб-уқубат кўпайиб кетяпти. Бундай ноҳақликни кўриш Яҳовани ранжитади. Ибтидо 6:5, 6 ни ўқинг.
Яҳова — ғамхўр Худо. У ҳаётдан завқланиб яшашимизни истайди. Яқинда Аллоҳ азоб-уқубатларни ва уларга сабабчи бўлаётганларни йўқ қилади. Гарчи У ҳозир бунга йўл қўяётган бўлса-да, бу фақат вақтинчалик ва бунинг жиддий сабаби бор. Ушбу рисоланинг 8- дарсида бу ҳақда билиб оламиз. 2 Бутрус 2:9; 3:7, 13 ни ўқинг.
5. Қай йўсин Аллоҳга яқинлаша оламиз?
Яҳова ибодат орқали Унга яқинлашишга таклиф қилмоқда. У ҳар биримизга қизиқиш кўрсатади. (Забур 65:2; 145:18) У кечиришга тайёр. Тўғри, баъзида Худога маъқул келадиган ишларни қилиш осон эмас. Лекин У ҳаракатларимизни назаридан четда қолдирмайди. Шундай экан, номукаммал бўлишимизга қарамай, Худо билан яқин муносабатларга эга бўлишимиз мумкин. Забур 103:12–14; Ёқуб 4:8 ни ўқинг.
Яҳова бизга ҳаётни туҳфа этган экан, Уни ҳаммадан кўра кўпроқ севишимиз лозим. (Марк 12:30) Аллоҳга севгингизни намоён этиш учун, бундан буён ҳам У ҳақида билим олишингиз ва амрларига бўйсунишингиз даркор. Шунда Унга янада яқинлаша оласиз. 1 Тимўтийга 2:4; 1 Юҳанно 5:3 ни ўқинг.