9- ДАРС
Йиғилишларга тайёрланишнинг энг зўр усули қандай?
Агар Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни ўрганаётган бўлсангиз, ўтиладиган маълумотни олдиндан кўриб чиқаётгандирсиз. Йиғилишларга ҳам худди шундай тайёрлансангиз яхши бўлади. Тайёргарлик кўришни одат қилсангиз, самарасини кўрасиз.
Қачон ва қаерда тайёрланишни ҳал қилиб олинг. Қайси пайтда фикрларингизни жамлай оласиз? Саҳарлаб ишга боришингиздан олдинми ёки кечқурун болаларингиз ухлаганидан кейинми? Узоқ тадқиқ қилиб ўтира олмасангиз ҳам, бунга қанча вақт ажрата олишингизни аниқланг ва ҳеч нарса халақит беришига йўл қўйманг. Тинчроқ жой топиб, чалғитадиган нарсаларни, масалан, радио, телевизор ҳамда телефонни ўчириб қўйинг. Тадқиқ қилишдан аввал ибодат қилсангиз, кундалик ташвишларни бир четга суриб, бутун диққатингизни Аллоҳнинг Каломига қарата оласиз. (Филиппиликларга 4:6, 7)
Жавобларни топиб, муҳокамага тайёрланинг. Дастлаб, мавзудаги асосий фикрни аниқланг. Мақола ёки бобнинг сарлавҳаси устида мулоҳаза юритинг ва ҳар бир кичик сарлавҳа мавзу билан қандай боғлиқлигини кўриб чиқинг. Шунингдек, асосий фикрларни ёритиб берувчи расмларни ва такрорлаш саволларини кўриб чиқинг. Сўнг, ҳар бир хатбошини ўқиб, унга берилган саволнинг жавобини топишга ҳаракат қилинг. Келтирилган оятларни ўқиб, улар мавзуни қандай очиб бераётгани ҳақида фикрланг. (Ҳаворийлар 17:11) Жавобни топгач, уни белгилаб олинг. Мисол учун, хатбошидаги бир нечта калит сўз ёки иборанинг тагига чизиб қўйинг. Бу сизга жавобни эслашга ёрдам беради. Кейин, агар хоҳласангиз, йиғилишда қўлингизни кўтариб, ўз сўзларингиз билан қисқача шарҳ берсангиз бўлади.
Ҳар ҳафта йиғилишларда муҳокама қилинаётган турли хил мавзуларни ўрганиб чиқиш орқали, «хазинангиз»га, яъни Муқаддас Китобдан олаётган билимларингизга янги-янги фикрларни қўшасиз. (Матто 13:51, 52, изоҳ)
-
Йиғилишларга қайси пайтда ва қаерда тайёрланишингиз мумкин?
-
Йиғилишларда яхши шарҳ бериш учун қай йўсин тайёргарлик кўриш лозим?