4- САВОЛ
Хатоларимни қандай тўғриласам бўлади?
СИЗ ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТГАН БЎЛАРДИНГИЗ?
Қуйидаги вазиятни тасаввур қилинг: Тим дўстлари билан ўйнаётганда, коптокни шундай отадики, у қўшнисининг машинасига тушиб, ойнасини синдиради.
Агар Тимнинг ўрнида бўлганингизда, нима қилардингиз?
ТЎХТАБ, ЎЙЛАБ КЎРИНГ!
СИЗДА УЧТА ЙЎЛ БОР:
-
1. Қочиб кетиш.
-
2. Айбни бошқасига тўнкаш.
-
3. Қўшнингизга нима бўлганини айтиб, зарарни тўлашни таклиф қилиш.
Сизда 1- йўлни танлаш васвасаси пайдо бўлиши мумкин. Ойнани синдирасизми ёки бошқа бир иш қилиб қўясизми, хатоларингизни тан олиш учун доим асосли сабаблар бор.
ХАТОЛАРНИ ТАН ОЛИШ УЧУН 3 ТА САБАБ
-
1. Бундай қилиш тўғридир.
Аллоҳнинг Каломида: «Ҳар нарсада ҳалол бўлишни истаймиз»,— деб ёзилган. (Ибронийларга 13:18).
-
2. Хатоларини тан олган одамни кечириш осонроқдир.
Муқаддас Китобда қуйидагича айтилган: «Ўз гуноҳларини яширган ютуққа эришмайди, уларни тан олиб, воз кечган марҳамат топади». (Ҳикматлар 28:13).
-
3. Энг муҳими, бу Худога маъқулдир.
Муқаддас Ёзувларда шундай сўзлар қаламга олинган: «Эгамизга ёвузлар жирканчдир, У тўғри одамга яқин бўлади». (Ҳикматлар 3:32).
АҚШлик 20 ёшли Карина машинани ҳайдаётганда тезликни оширгани учун жарима қоғозини олганди. У буни дадасидан яширмоқчи бўлди. Лекин у буни умрбод яшира олмасди. Карина қуйидагича деди: «Тахминан бир йилдан кейин дадам бу ҳақда билиб қолди. Ўзиям ўшанда роса муаммо бўлди».
Хўш, Карина бундан қандай сабоқ олди? У шундай деб бўлишди: «Хатоларни яшириш вазиятни чигаллаштиради, холос. Ахир бир кун келиб хатоларингиз учун барибир жавоб беришга тўғри келади».
ХАТОЛАРДАН ҚАНДАЙ САБОҚ ОЛСА БЎЛАДИ?
Худонинг Каломида: «Барчамиз тез-тез хато қилиб турамиз»,— деб ёзилган. (Ёқуб 3:2) Хатоларни тан олиш ва буни шу заҳотиёқ қилиш — камтаринлик ва етукликнинг белгисидир.
Кейинги қадам — хатоларингиздан сабоқ олишдир. Вера исмли бир қиз шундай фикр билдирди: «Мен ҳар бир хатоимдан ўзим учун сабоқ олишга ҳаракат қиламан. Хатоларимдан келаси сафар шундай вазиятда бошқача йўл тутишим ва яхшиланишим кераклигини ўрганаман». Келинг, буни қандай қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
Сиз акангизнинг велосипедини фойдаланишга олиб, уни бузиб қўясиз. Бу вазиятда қандай йўл тутасиз?
-
Акангиз буни кўриб қолмайди, деб умид қилиб, унга бу ҳақда индамайсиз.
-
Нима бўлгани ҳақида акангизга ҳаммасини айтиб берасиз.
-
Акангизга нима бўлганини айтиб берасиз-у, аммо айбни бошқасига тўнкайсиз.
Тест синовига тайёргарлик кўрмаганингиз учун ундан ўта олмайсиз. Бу вазиятда қандай йўл тутасиз?
-
Тест саволлари жудаям қийин бўлди, деб айтасиз.
-
Паст баҳо олганингизда ўзингиз айбдор эканингизни тан оласиз.
-
Ўқитувчи сизни ёқтирмайди, деб баҳона қиласиз.
Энди юқоридаги вазиятларга қайтиб, ўзингизни 1) акангиз ва 2) ўқитувчингиз ўрнига қўйиб кўринг. Агар хатоларингизни тайёрлик ила тан олсангиз, акангиз ва ўқитувчингиз сиз ҳақингизда қандай фикрда бўлишади? Хатоларингизни яширганингизда эса улар сиз ҳақингизда нима деб ўйлашади?
Энди эса ўтган йили қилган хатоингиз борасида ўйлаб кўринг ва қуйидаги саволларга жавоб беринг:
Хато нимадан иборат эди? Бу хатони қандай тўғриладингиз?
-
Мен уни яширдим.
-
Айбни бошқага тўнкадим.
-
Хатоимни тайёрлик ила тан олдим.
Хатоингизни тан олмаган бўлсангиз, бундан сўнг ўзингизни қандай ҳис қилгансиз?
-
Зўр, чунки сувдан қуруқ чиқдим!
-
Айбдор, сабаби ростини айтишим керак эди.
Вазиятдан чиқишнинг янада яхшироқ йўли борми?
Хатоингиздан нимани ўргандингиз?
НИМА ДЕБ ЎЙЛАЙСИЗ?
Нега баъзи одамлар хатоларни тан олишни орқага суришади?
Хатоларингизни доимо яширишга ҳаракат қилсангиз, одамлар сиз ҳақингизда қандай фикрга боришади? Хатоларингизни тан олсангиз-чи? (Луқо 16:10)