Худо аёлларга ҳурмат ва эътибор кўрсатилишини хоҳлайди
ИСО ер юзида бўлганида самовий Отасининг шахсиятини ҳамда фикрлаш тарзини мукаммал равишда акс эттирган. У шундай деган: «Ҳеч нарсани ўз хоҳишимча қилмаётганимни биласизлар... Отам қандай ўргатган бўлса, шуларни айтяпман.... Мен доим Унга маъқул бўлган ишни қиламан». (Юҳанно 8:28, 29; Колосаликларга 1:15) Демак, Исонинг аёлларга нисбатан муносабати ва муомаласидан Худонинг уларга бўлган нуқтаи назарини ҳамда аёллардан нимани кутишини билиб оламиз.
Инжил баёнотидаги воқеаларни ўрганиб, баъзи олимлар Исонинг аёлларга нисбатан нуқтаи назари ўша давр учун катта янгилик бўлганини таъкидлашди. Нега шундай деса бўлади? Энг муҳими эса, Исонинг таълимотлари бугунги кунда ҳам аёлларга эркинлик бера оладими?
Исо аёлларга қандай муомала қилган?
Исо аёлларга жинсий эҳтиёжларни қондириш манбаи сифатида қарамаган. Баъзи яҳудий дин раҳбарлари аёллар билан мулоқот қилиш фақат васвасага олиб келади, деб ўйлашган. Аёлларни васваса манбаи деб ҳисоблашгани учун, улар жамоат жойларида эркак кишилар билан гаплашиши ёки паранжисиз кўчага чиқиши мумкин эмасди. Аммо Исо, аксинча, эркакларга эҳтиросларини назорат қилишни ҳамда, аёлларни жамиятдан ажратиб қўйишнинг ўрнига, уларни ҳурмат қилишни маслаҳат берган. (Матто 5:28)
Исо шунингдек: «Ким хотинидан ажралиб, бошқасига уйланса, биринчи хотинига бевафолик қилган бўлади»,— деб айтган. (Марк 10:11, 12) Шундай қилиб, у раввинларнинг «ҳар қандай сабабга кўра» ажрашишга рухсат берувчи таълимоти нотўғри эканини кўрсатган. (Матто 19:3, 9) Раввинлар фақатгина хотин бевафолик қилиши мумкин, деб ўргатишган. Ўша пайтда аксарият яҳудийлар орасида эр хотинига бевафолик қилиши мумкинлиги ҳақидаги фикрнинг ўзи ғайритабиий эди. Муқаддас Китобга келтирилган бир шарҳда шундай дейилган: «Эрлар хотинлари сингари ахлоқий меъёрларга бўйсунишлари шарт дея, Исо аёлларнинг обрўсини кўтариб, уларни ҳурмат қилиш лозимлигини кўрсатган».
Исонинг таълимоти бугунги кунда қандай таъсирга эга? Яҳова Шоҳидларининг жамоат учрашувларида аёллар эркаклар билан бемалол мулоқот қилишади. Улар жамоатдаги эркаклар ноз-карашма қилишади ёки гап отишади, деб қўрқмасликлари керак. Чунки масиҳий эркаклар «ёши улуғ хотинларга онадек, ёш аёлларга опа-сингиллардек софдиллик билан» муомала қилишади. (1 Тимўтийга 5:2)
Исо аёлларга таълим берган. Ўша пайтдаги раввинлар аёллар таълим олиши керак эмас, деб ҳисоблашган. Ваҳоланки, Исо уларга таълим бериб, ўз фикрини билдиришга чорлаган. Марям таълим олишга хоҳиш билдирганини кўргач, Исо аёл киши фақатгина ошхонада пишир-куйдир ишлари билан овора бўлиш учун яратилмаганини таъкидлаган. (Луқо 10:38–42) Марямнинг опаси Марта ҳам Исонинг таълимидан фойда олганга ўхшайди. Акаси Лазернинг ўлимидан кейин у Исонинг саволига қандай жавоб бергани буни яққол кўрсатади. (Юҳанно 11:21–27)
Исо аёлларнинг фикрига бефарқ эмасди. Ўша пайтдаги аксар яҳудий аёллар чинакам бахтнинг сири муносиб ўғилни, иложи бўлса, пайғамбарни дунёга келтириш, деб ҳисоблашган. Бир аёл: «Сени туққан ва эмизган аёл бахтлидир»,— деб ҳайқирганида, Исо имкониятдан фойдаланиб, кишини нима чинакамига бахтли қилишини айтиб ўтган. (Луқо 11:27, 28) Исо чинакам бахт фақатгина аёлларнинг зиммасига юкланган вазифани бажаришга эмас, балки маънавий нарсаларга боғлиқ эканини кўрсатган. (Юҳанно 8:32)
Исонинг таълимоти бугунги кунда қандай таъсирга эга? Яҳова Шоҳидларининг жамоат учрашувларида аёллар бемалол шарҳ беришлари мумкин. Маънан етук аёллар ўз сўзлари ва ишлари билан бошқаларни «яхшиликка ўргатишгани» учун, жамоатда таълим беришга масъул бўлган эркаклар уларни эъзозлашади. (Титусга 2:3) Аёлларга, шунингдек, Худонинг Шоҳлигини ваъз қилиш вазифаси ҳам ишониб топширилган. (Забур 68:11; « Ҳаворий Павлус аёлларга гапиришни ман этганми?» номли рамкага қаранг.)
Исо аёлларга ғамхўрлик қилган. Қадимда қиз болаларни ўғил болалар каби қадрлашмаган. Яҳудийларнинг Талмуд китобида: «Ўғил болани дунёга келтирган аёл бахтлидир, қиз болани дунё келтирган аёл эса бадбахтдир»,— деб ёзилган. Баъзи ота-оналарнинг фикрича, қиз болани катта қилиш оғир юк, чунки унга муносиб эр топиш керак, сарпо йиғиш лозим ҳамда қарилик чоғида у ота-онага ғамхўрлик қила олмайди.
Исо Наин шаҳридаги бева аёлнинг ўғлини ҳамда Яирнинг қизини тирилтиргани билан у учун қиз боланинг ҳаёти ўғил боланикидек қадрли эканини кўрсатди. (Марк 5:35, 41, 42; Луқо 7:11–15) Исо «18 йилдан бери ёвуз руҳ таъсиридан дардга чалинган бир аёл»ни даволагач, уни «Иброҳим қизи» деб атайди. Яҳудий муаллифлар бу иборани деярли ишлатишмаган. (Луқо 13:10–16) Меҳрга ва ҳурматга тўла сўзлари билан Исо бу аёлни нафақат жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканини, балки имони мустаҳкамлигини тан олади. (Луқо 19:9; Галатияликларга 3:7)
Исонинг таълимоти бугунги кунда қандай таъсирга эга? Осиё мамлакатларида шундай дейишади: «Қиз болани катта қилиш қўшнининг боғини суғоришдай гап». Лекин меҳрибон масиҳий оталар умуман бошқача фикрда: улар барча фарзандларига, ўғилу қизларига бирдек ғамхўрлик қилишади. Улар фарзандлари таълим олиши ҳамда соғлом бўлиши учун қайғуришади.
Исо аёлларга ишонган. Яҳудийларнинг маҳкамасида аёл кишининг гувоҳлиги қулнинг гувоҳлиги билан тенг кўрилган. Биринчи асрда яшаган тарихчи Иосиф Флавий шундай ёзган: «Аёллар енгил табиат ва ҳис-туйғуга берилиб иш тутгани сабаб, уларнинг гувоҳлигини эътиборга олмаслик керак».
Исонинг фикрлаш тарзи кескин фарқ қилган, чунки у тирилгани тўғрисида гувоҳлик беришлари учун аёлларни танлаган. (Матто 28:1, 8–10) Гарчи бу Худога садоқатли аёллар Исонинг қатл қилинганини ҳамда дафн этилганини ўз кўзлари билан кўрган бўлишса-да, ҳаворийлар уларнинг сўзларига ишонмаган. (Матто 27:55, 56, 61; Луқо 24:10, 11) Аммо тирилган Исо биринчи бўлиб аёлларга кўриниб, улар ҳам гувоҳлик беришга лойиқ эканини кўрсатган. (Ҳаворийлар 1:8, 14)
Исонинг таълимоти бугунги кунда қандай таъсирга эга? Яҳова Шоҳидларининг жамоатларидаги масъулиятли эркаклар аёлларнинг фикрини инобатга олиб, уларга ҳурмат кўрсатишади. Масиҳий эрлар ҳам хотинларини диққат билан тинглаб, уларни эъзозлаётганини намоён этишади. (1 Бутрус 3:7; Ибтидо 21:12)
Аёлларни бахтли қиладиган илоҳий принциплар
Масиҳга тақлид қилувчи эркаклар аёлларга Худо азалдан ният қилганидек муомала қилишади: уларни ҳурмат қилишади, эркинлигини чеклашмайди. (Ибтидо 1:27, 28) Масиҳий оила бошлари эркакларни аёллардан устун қўйиш ўрнига, Муқаддас Китоб принципларига амал қилиб, хотинларини бахтли қилишга интилишади. (Эфесликларга 5:28, 29)
Елена Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлаганида, турмуш ўртоғи унга шафқатсиз муносабатда бўлган. Эри шафқатсиз муҳитда катта бўлган. У ерларда қайлиғини ўғирлаш ҳамда оиладагиларга қўпол муносабатда бўлиш одатий ҳол эди. Елена шундай деди: «Муқаддас Китобдан ўрганиб олганларим менга куч берарди. Мени севадиган, қадрлайдиган ҳамда ғамхўрлик қиладиган Худо борлигини тушундим. Хаёлимда “Кошкийди, эрим Муқаддас Китобни тадқиқ қилса, шунда менга нисбатан муносабати ўзгарармиди” дердим». Унинг орзуси руёбга чиқди: эри Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошлади ва кейин сувга чўмиб, Яҳованинг Шоҳиди бўлди. Елена: «Эрим ўзини тута билиш фазилатини ривожлантирди. Биз бир-биримизни кечиришни ўргандик»,— деб қўшиб қўйди. Уларнинг оиласида нима ўзгарди? Елена гапининг охирида шундай деди: «Муқаддас Китоб принциплари туфайли ўзимни керакли ҳис қиляпман ҳамда оиламизда тинчлик ҳукм сурмоқда». (Колосаликларга 3:13, 18, 19)
Еленанинг мисоли ягона эмас. Миллионлаб бошқа масиҳий аёллар ҳам ўзини бахтли ҳис қилмоқда. Чунки улар ҳамда уларнинг турмуш ўртоқлари никоҳда Муқаддас Китоб принципларига амал қилишга жон кўйдиришади. Улар имондошлари даврасида ўзларини хотиржам ҳис қилишади, чунки уларнинг фикрлари инобатга олинади ҳамда эркинлиги ҳурмат қилинади. (Юҳанно 13:34, 35)
Масиҳий эркак ва аёллар гуноҳкор, номукаммал ҳамда Аллоҳнинг «беҳуда нарсаларга... тобе қилинган» ижодлари эканини тан оладилар. Аммо улар меҳрибон Отаси Яҳовага яқинлашиш орқали «чириш қуллигидан озод этилиб, Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эга бўладилар». Дарҳақиқат, Худованд эркагу аёлларга ажойиб келажакни ваъда қилмоқда! (Римликларга 8:20, 21)