Ёқубнинг мактуби 1:1–27
1 Аллоҳнинг ҳамда Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг қули бўлмиш мен, Ёқубдан+:
Ҳар ёққа тарқаб кетган 12 қабилага салом!
2 Биродарларим, бошингизга тушаётган турли синовларни қувонч билан қабул қилинглар+.
3 Билингларки, синалган имонингиз сабр-бардошни ҳосил қилади+.
4 Ҳар томонлама етук, бекаму кўст ва бенуқсон бўлишингиз учун сабр-бардош тўла самарасини кўрсатсин+.
5 Агар орангиздаги бирор кишига донолик етишмаётган бўлса, ҳаммага саховат билан, таъна қилмасдан берадиган+ Худодан сўраб турсин+. Шунда унга берилади+.
6 Аммо у ишонч билан+, асло шубҳаланмай сўрасин+, боиси, шубҳаланаётган киши шамолда тебраниб, чайқалаётган денгиз тўлқинига ўхшайди.
7 Бундай киши Яҳовадан* бирор нарса оламан, деб ўйламасин.
8 Чунки у барча тутган йўлида беқарор ва иккиланадиган одамдир+.
9 Камбағал биродар юксалтирилганидан қувонсин+.
10 Бой биродар эса пасайтирилганидан севинсин+. Сабаби, бойлар даладаги гул каби сўлиб йўқ бўлади.
11 Қуёш чиқиб жазирама бўлганида, ўсимлик қуриб, гули тўкилади-да, гўзаллиги йўқолади. Худди шундай бой одам ҳам мол-дунё ортидан қуваётиб йўқ бўлиб кетади+.
12 Синовларни сабр-тоқат билан бошдан кечираётган инсон бахтлидир+. Зеро у Яҳованинг* марҳаматига эга бўлиб, Уни севганларга ваъда қилган+ ҳаёт тожини олади+.
13 Синовга дучор бўлганда ҳеч ким: «Мени Худо синаяпти»,— деб айтмасин. Чунки Аллоҳни ҳеч ким ёмонлик билан синай олмайди, Унинг Ўзи ҳам ҳеч кимни ёмонлик билан синамайди.
14 Аксинча, ҳар ким ўз эҳтиросига берилиб+, алданиб синовга дучор бўлади.
15 Сўнгра эҳтирос ҳомиладор бўлиб гуноҳни туғади. Гуноҳ эса охир-оқибат ўлимга олиб келади+.
16 Адашманглар, азиз биродарларим.
17 Яхши ва мукаммал ҳадяларнинг барчаси юқоридан келади+. Боиси, улар самовий ёриткичларнинг Отаси+, ўзгарувчан кўланка сингари ўзгармайдиган Тангридан келиб чиқади+.
18 Унинг ижодлари ичида гўё биринчи ҳосилдек бўлишимиз учун+, У Ўз иродаси бўйича, ҳақиқат каломи орқали бизларни вужудга келтирди+.
19 Эй азиз биродарларим, шуни билингларки, ҳар бир киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга+ ва ғазабланишга эса шошилмасин+.
20 Чунки ғазабга бериладиган одам, Аллоҳ талаб этган адолатга мувофиқ йўл тута олмайди+.
21 Шундай экан, ҳар қандай ифлосликдан покланинглар, ёмонликнинг изи ҳам қолмасин*+. Жонларингизни қутқара оладиган каломнинг ичингизга экилишини камтарлик* билан қабул қилинглар.
22 Ҳақиқатга зид фикрлар билан ўзингизни алдаманглар. Худо каломининг тингловчиларигина эмас, балки бажарувчилари ҳам бўлинглар+.
23 Агар бирор киши каломни тинглаб бажармаса+, у кўзгуда юзининг асл ҳолини кўрган одамга ўхшайди.
24 У ўзига қарайди-ю, лекин кетиши биланоқ ўзининг қандай одам эканини унутиб қўяди.
25 Аммо ким эркинлик бахш этувчи мукаммал қонунга+ диққат билан қараб, унга амал қилишни давом эттирса, у унутувчан тингловчи эмас, бажарувчи бўлиб, қилган ишидан бахтиёр бўлади+.
26 Агар бирор ким Аллоҳга топиняпман деб ўйласа-ю, аммо тилини тиймаса+, у ўзини ўзи* алдаган бўлади ва унинг топиниши бефойдадир.
27 Отамиз Худонинг назарида тоза ва бенуқсон топиниш*, қайғу чекаётган+ етим-есирларга ғамхўрлик қилишдан+ ҳамда дунёда ўзини пок сақлашдан иборатдир+.
Изоҳлар
^ Бошқа вариант «кенг тарқалган ёмонликдан фориғ бўлинглар».
^ Ёки «мулойимлик».
^ Сўзма-сўз «ўз қалбини».
^ Ёки «дин».