Ишаё 36:1–22

  • Синахериб Яҳудони забт этади (1–3)

  • Рабшак Яҳовани мазах қилади (4–22)

36  Шоҳ Ҳизқиё бошқарувининг 14- йили Оссурия шоҳи Синахериб*+ Яҳудонинг барча мустаҳкам шаҳарларига ҳужум қилиб, уларни забт этди+. 2  Оссурия шоҳи рабшакни* катта қўшин билан Лахишдан+ Қуддусга, шоҳ Ҳизқиёнинг олдига юборди+. Улар кир ювувчилар даласига олиб борадиган катта йўл бўйидаги юқори ҳовуз қувури олдига келиб ўрнашишди+. 3  Шунда унинг олдига сарой бошқарувчиси Хилқиё ўғли Элияқим+, котиб Шавна+ ва тарихнавис Осиф ўғли Йўх чиқди. 4  Рабшак уларга деди: «Ҳизқиёга етказинглар. Оссуриянинг улуғ шоҳи шундай демоқда: “Сен нимангга ишоняпсан ўзи?+ 5  Сен: “Жанг қилишга маҳоратим ҳам, куч-қудратим ҳам бор”,— деб айтяпсан. Аммо бу қуруқ гап, холос. Кимга ишониб менга қарши чиқмоқчисан?+ 6  Сен мана шу синган қамишга, Мисрга умид боғлаяпсанми?! У ўзига суянган одамнинг қўлига санчилиб, тешиб чиқади-ку! Миср шоҳи фиръавн унга таянганларнинг барини шу кўйга солади+. 7  Балки сизлар: “Биз Худойимиз Яҳовага таянамиз”,— дерсизлар. Лекин Ҳизқиё Яҳудо билан Қуддус аҳолисига: “Сизлар мана бу қурбонгоҳ олдида сажда қилинглар”+,— деб буюриб, Тангрингизга аталган тепаликлару қурбонгоҳларни бузиб ташламадими?!”+ 8  Энди менинг хўжайиним, Оссурия шоҳи+ билан гаров ўйнаб кўр: мен сенга 2 000 та от берайин. Қани, уларга етарлича сувори топа олармикансан?! 9  Сен Мисрнинг жанг араваларию отлиқларига умид боғлаб ўтирган бўлсанг, хўжайинимнинг энг кичик хизматчиларидан бирига бас кела олармидинг?! 10  Сенингча, мен Яҳованинг ижозатисиз бу юртни хароб қилгани келганманми? Яҳованинг Ўзи менга: “Бу юртга қарши чиқиб, уни вайрон қил”,— деб айтди». 11  Бунга жавобан Элияқим, Шавна+ ва Йўх рабшакка+: «Илтимос, хизматкорларингиз билан оромий* тилида+ гапиринг, биз тушунамиз. Девор устидаги одамларга эшиттириб, яҳудий тилида гапирманг»,— дейишди+. 12  Аммо рабшак: «Хўжайиним мени бу хабарни фақат хўжайинингиз ва сизларга айтиш учун юборганми? Ахир бу хабар девор устида ўтирган одамларга ҳам тегишли эмасми?! Чунки улар ҳам сизлар билан бирга ўз нажасини еб, сийдигини ичади»,— дея жавоб қайтарди. 13  Кейин рабшак туриб, бор овози билан яҳудий тилида+ ҳайқирди: «Улуғ шоҳнинг, Оссурия шоҳининг сўзларига қулоқ солинглар!+ 14  Шоҳ мана бундай демоқда: “Ҳизқиё сизларни алдашига йўл қўйманглар! У сизларни қутқара олмайди+. 15  Ҳизқиё сизларни Яҳовага таянишга ундаб: “Яҳова бизни албатта қутқаради. Бу шаҳар Оссурия шоҳининг қўлига берилмайди”,— деган сўзларига ишонманглар+. 16  Ҳизқиёга қулоқ солманглар. Боиси, Оссурия шоҳи шундай демоқда: “Мен билан сулҳ тузиб, таслим бўлинглар. Шунда ҳар бирингиз ўз узумзорингизу анжир дарахтингиз мевасидан еб, ўз сардобангиздан сув ичасизлар. 17  Кейин мен қайтиб келиб, сизларни ўз юртингизга ўхшаган юртга+, дон-дун ва янги шароб, нон ва узумзорлар мўл-кўл бўлган юртга олиб кетаман. 18  Ҳизқиё сизларни: “Яҳова бизни қутқаради”,— деб алдашига йўл қўйманглар. Қайси халқнинг худоси ўз юртини Оссурия шоҳи қўлидан халос эта олган?!+ 19  Хомат билан Арпаднинг худолари қани?+ Сефарвайим худолари-чи?+ Улар Самарияни менинг қўлимдан қутқара олишдими?+ 20  Ўша худоларнинг ҳеч бири ўз юртини менинг қўлимдан қутқара олмаган экан, Яҳова Қуддусни менинг қўлимдан қутқара олармиди?!”»+ 21  Лекин улар унга жавобан бирор сўз айтмай, жим тураверди. Чунки шоҳ: «Унга жавоб қайтарманглар»,— деб тайинлаган эди+. 22  Сарой бошқарувчиси Хилқиё ўғли Элияқим, котиб Шавна+ ва тарихнавис Осиф ўғли Йўх кийимларини йиртишди ва Ҳизқиёнинг олдига келишди. Улар шоҳга рабшакнинг сўзларини айтиб беришди.

Изоҳлар

Ёки «Санхарив».
Ёки «бош соқийни».
Ёки «сурёний».