Луқо баён этган хушхабар 12:1–59

  • Фарзийларнинг хамиртуруши (1–3)

  • Одамлардан эмас, Худодан қўрқиш (4–7)

  • Масиҳни тан олиш (8–12)

  • Нодон бой киши ҳақидаги масал (13–21)

  • Ташвишланмаслик (22–34)

    • Кичик пода (32)

  • Ҳушёр туриш (35–40)

  • Ишончли ва ишончсиз хизматкор (41–48)

  • Тинчлик эмас, бўлиниш келтиради (49–53)

  • Воқеаларнинг маъносини аниқлаш (54–56)

  • Баҳсларни ҳал қилиш (57–59)

12  Ўша пайтда мингларча одам йиғилиб, бир-бирини эзиб юборай деяётган эди. Шунда Исо ўзининг шогирдларига мурожаат қилиб, қуйидагиларни айтди: «Фарзийларнинг хамиртурушидан, яъни иккиюзламачилигидан эҳтиёт бўлинглар+. 2  Зеро ошкор бўлмайдиган ҳеч нарса ва маълум бўлмайдиган бирон сир йўқ+. 3  Қоронғида айтган сўзингиз ёруғликда эшитилади, бировга пичирлаб айтган гапингиз томларда туриб эълон қилинади. 4  Сизларга айтиб қўяй дўстларим+, сизларни ўлдиришдан бошқа нарсага қурби етмайдиган одамлардан қўрқманг+. 5  Кимдан қўрқишингиз кераклигини мен сизларга айтай: одамни ўлдиргандан сўнг жаҳаннамда* йўқ қилиб юборишга қодир бўлган Зотдан қўрқинглар+. Ҳа, айнан Ундан қўрқинглар+. 6  Бешта чумчуқ икки тангага* сотилмайдими? Бироқ Аллоҳ улардан биттасини ҳам унутмаган+. 7  Сизларга келсак, сочларингизнинг ҳар бир толаси саналган+. Қўрқманглар, сизлар кўпгина чумчуқлардан кўра қадрлироқсиз+. 8  Шуни билиб қўйингларки, бошқалар олдида мени тан олган ҳар кимсани+, Инсон Ўғли ҳам Худонинг фаришталари олдида тан олади+. 9  Кимки бошқалар олдида мени инкор этса, у ҳам Тангрининг фаришталари олдида инкор этилади+. 10  Инсон Ўғлига қарши бирон сўз айтган одам кечирилади, лекин муқаддас руҳга қарши ҳақоратли сўзлар айтган одам кечирилмайди+. 11  Сизларни халқ йиғинларига*, амалдору ҳукмдорлар олдига олиб боришганда, ўзимни қандай ҳимоя қиламан, нима дейман, деб ташвишланманглар+. 12  Боиси, ўшанда нима дейиш кераклигини муқаддас руҳ сизларга ўргатади»+. 13  Шу пайт омма ичидан бир киши Исога: «Устоз, акамга айтинг, меросни мен билан бўлишсин»,— деди. 14  Исо бўлса унга: «Эй инсон, мени сизларга қози ёки мерос бўлувчи қилиб ким тайинлади?» — деб жавоб берди. 15  Кейин у шундай деди: «Ўзингизни ҳар турли очкўзликдан сақланглар+, чунки одамнинг мол-мулки кўп бўлган тақдирда ҳам, унинг ҳаёти бунга боғлиқ эмас»+. 16  Шунингдек, Исо уларга қуйидаги масални келтирди: «Бир бой кишининг ери яхши ҳосил берибди. 17  У ўзича ўйлабди: “Нима қилсам экан? Ахир ҳосилни қўядиган жойим йўқ-ку”. 18  Охири у шундай дебди: “Мана бундай қиламан+: омборларимни бузиб, каттароғини қураман-да, бутун ғаллаю мол-мулкимни ўша ерга жамлайман. 19  Кейин ўзимга: “Мен кўп йилларга етадиган мол-мулк йиғиб қўйдим. Энди маза қилиб еб-ичиб роҳатини кўраман”,— деб айтаман”. 20  Лекин Аллоҳ унга дебди: “Эй нодон, шу кечанинг ўзидаёқ сенинг жонинг* олинади. Ўшанда жамлаб қўйган нарсаларинг кимга қолади?”+ 21  Ўзи учун мол-мулк тўплаб, Худо назарида бойимаган одамнинг охирати ана шундай бўлади»+. 22  Кейин Исо ўз шогирдларига қуйидагиларни айтди: «Хуллас, нима еймиз деб жонингиз* учун ёки нима киямиз деб танангиз учун ташвишланманглар+. 23  Ахир жон* егуликдан, тана эса кийимдан афзалроқ-ку. 24  Қарғаларга эътибор беринглар: улар уруғ ҳам экмайди, ҳосил ҳам йиғмайди. Ҳатто омборлари ҳам йўқ, аммо Тангри уларнинг ризқини беради+. Сизлар-чи, қушлардан анча афзалроқ эмасмисиз?+ 25  Сизлардан ким ташвишланиб, ўз умрини бир лаҳзага* бўлса-да узайтира олади? 26  Шундай кичик ишни қила олмас экансизлар, бошқа нарсалар учун ташвишланишга не ҳожат?+ 27  Лолаларнинг қандай ўсишига эътибор беринглар: улар на меҳнат қилади, на чарх йигиради. Лекин сизларга айтиб қўяй: ҳатто шоҳ Сулаймон ҳам ўзининг шуҳрат чўққисида уларнинг ҳеч биридай кийинмаган+. 28  Агар Аллоҳ бугун бор бўлиб, эртага оловга ташланадиган дашт ўтини шундай кийинтириб қўйган бўлса, унда сизларни ҳам кийинтириб қўймасмикин, эҳ имони сустлар?! 29  Хуллас: “Нима еймиз, нима ичамиз?” — деб ортиқ ташвишланманглар+. 30  Ўзга халқлар ҳадеб бу нарсалар ҳақида қайғуришади. Ахир самовий Отангиз буларнинг барига муҳтож эканингизни билади-ку+. 31  Шундай экан, Худонинг Шоҳлиги ҳаётингизда ҳамиша биринчи ўринда бўлсин, ўшандагина буларнинг бари сизларга қўшимча қилиб берилади+. 32  Қўрқма, эй кичик пода+, чунки самовий Отангиз сизларга Шоҳликни беришни маъқул кўрди+. 33  Мол-мулкингизни сотиб, хайр-садақа беринглар+. Ўзингиз учун эскирмайдиган ҳамёнлар қилиб, осмонда битмас-туганмас хазина тўпланглар+. У ерга ўғри ҳам, куя ҳам тушмайди. 34  Зеро хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади. 35  Кийиниб, тайёр туринглар*+, мойчироқларингиз ёқилган бўлсин+. 36  Ўзларингиз эса, хўжайини никоҳ тўйидан+ қайтиб келиб+, эшикни тақиллатганида, дарҳол очишга тайёр бўлиб, кутиб турган хизматкорлардай бўлинглар. 37  Хўжайини келганида, ҳушёр турган хизматкорлар бахтлидир! Ишонаверинг, хўжайини белини боғлаб, уларни дастурхон атрофига ёнбошлатади. Кейин ёнларига келиб уларга хизмат қилади. 38  Хоҳ ярим кечада*, хоҳ тонготарда* хўжайин келиб хизматкорларини шундай ҳолда топса, улар нақадар бахтлидир! 39  Шуни билиб қўйингларки, ўғри кечаси соат нечада келишини уй эгаси билганида, уйига ўғри тушишига йўл қўймасди+. 40  Шунга ўхшаб, сизлар ҳам тайёр туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар ўйламаган соатда келади»+. 41  Шу пайт Бутрус Исодан сўради: «Ҳазрат, бу мисол бизга тегишлими ёки ҳаммагами?» 42  Ҳазрат шундай жавоб берди: «Хизматкорларига ризқ-рўзни вақтида етказиб туриш учун Хўжайини уларнинг устидан тайинлайдиган ишончли ва ақлли* бошқарувчи ким экан?+ 43  Хўжайин қайтиб келгач, хизматкорни ўз вазифасини бажараётган ҳолда кўрса, бу хизматкор нақадар бахтлидир! 44  Ишонаверинг, у бор мол-мулкини унга ишониб топширади. 45  Борди-ю, хизматкор кўнглида ёмон ният билан: “Хўжайиним ҳали-бери келмайди”,— деса ва қулу чўриларни урса, еб-ичиб маст бўлиб юрса+, 46  хўжайини кутилмаган кунда ва у билмаган соатда келиб қолади. Шунда у хизматкорини қаттиқ жазога мубтало қилиб, бошига имонсизларнинг кунини солади. 47  Хўжайинининг истагини билиб туриб, керакли тайёргарликни кўрмаган ёки у сўраган ишни қилмаган хизматкор кўп таёқ ейди+. 48  Билмаган ҳолда жазога лойиқ иш қилиб қўйган эса, озроқ таёқ ейди. Кимга кўп берилган бўлса, ундан кўп талаб қилинади. Кимга кўп ишониб топширилган бўлса, ундан кўпроқ талаб қилинади+. 49  Мен ер юзига ўт ёққани келдим. У аллақачон ёқилди ҳам. Менга бундан ортиғи керак эмас. 50  Мен ўзгача тарзда чўмдирилишим лозим ва бу амалга ошгунча мен қаттиқ азоб чекаман!+ 51  Мени ер юзига тинчлик келтириш учун келган, деб ўйлаяпсизларми? Асло. Сизларга шуни айтиб қўяй, мен тинчлик эмас, бўлиниш келтирдим+. 52  Бундан буён бир уйда беш киши ўзаро бўлиниб, учтаси иккитасига ва иккитаси учтасига қарши чиқади. 53  Ота ўғлига, ўғли эса отасига қарши, она қизига, қизи эса онасига қарши, қайнана келинига, келини эса қайнанасига қарши чиқиб, бўлиниб кетишади»+. 54  Шундан кейин Исо халойиққа қараб деди: «Ғарбдан булут кўтарилаётганини кўришингиз биланоқ: “Бўрон бўлади”,— дейсизлар ва худди айтганингиздай юз беради. 55  Жанубдан шамол эсганда: “Жазирама иссиқ бўлади”,— дейсизлар ва айтганингиз келади. 56  Эй иккиюзламачилар! Сизлар еру кўк юзига қараб, об-ҳавони аниқлай оласиз-у, нега ҳозир юз бераётган воқеаларнинг маъносини аниқлай олмаяпсиз?+ 57  Адолат нима эканини наҳотки ўзингиз тушунмаётган бўлсангиз? 58  Мисол учун, даъвогар одам билан бошлиқнинг олдига бораркансиз, йўл-йўлакай у билан масалани ҳал қилишга шошилинг. Тағин даъвогар сизни ҳакамга, ҳакам эса сизни ҳукмни ижро этувчига топшириб, қамоққа тушиб қолманг+. 59  Сизга айтиб қўяй, қарзингизни охирги тийинигача* тўламагунча, у ердан чиқмайсиз».

Изоҳлар

Сўзма-сўз «ассарийга». Илованинг Б14 мавзусига қ.
Бошқа вариант «ибодатхоналарга».
Ёки «ҳаётинг».
Ёки «ҳаётингиз».
Ёки «ҳаёт».
Сўзма-сўз «бир тирсакка». Илованинг Б14 мавзусига қ.
Сўзма-сўз «Белингизга камар тақилган бўлсин».
Сўзма-сўз «туннинг иккинчи қоровуллигида».
Сўзма-сўз «туннинг учинчи қоровуллигида».
Ёки «доно; мулоҳазали».
Сўзма-сўз «лепта». Илованинг Б14 мавзусига қ.