Гигиена борасидаги Худонинг қонунлари ўз вақтидан илгарилаб кетган
Исроил халқи ваъда қилинган юртга киришидан сал олдин, тахминан 35 аср аввал Аллоҳ уларга Мисрдаги «даҳшатли касалликлардан» ҳимоя қилишини айтган. (Қонунлар 7:15) У буни турли йўллар орқали қилган, масалан, гигиена ва касалликларнинг олдини олиш масаласида У батафсил йўл-йўриқлар берган. Бир нечта мисолни кўриб чиқайлик.
Қонунлар тўпламида Исроил халқидан чўмилиш ва кийим-кечакларини ювиш талаб этиларди. (Левилар 15:4–27)
Ҳожат чиқариш борасида Худо уларга шундай деган: «Қароргоҳнинг ташқарисида хилват жойингиз бўлсин. Ҳожат чиқариш учун ўша ерга боришингиз мумкин. Аслаҳа-анжомларингиз ичида куракча ҳам бўлсин. Ҳожат чиқариш учун ташқарига чиққанингизда унинг ёрдамида чуқурча қазиб, сўнг нажасни кўмиб қўясизлар». (Қонунлар 23:12, 13)
Юқумли касалликка чалинган деб тахмин қилинган кишилар карантин қилинарди, яъни уларни муайян вақтга алоҳида қилиб қўйишарди. У касалликдан фориғ бўлиши, кийимларини ювиши ва «пок» деб ҳисобланиши учун чўмилиши керак эди. Шундагина улар халқ орасига қайтиши мумкин бўлган. (Левилар 14:8, 9)
Жасадга теккан ҳам карантин қилинарди. (Левилар 5:2, 3; Саҳрода 19:16)
Худонинг қонунлари тиббиёт соҳасидаги тушунчалар ва тозалик борасидаги нуқтаи назарни акс эттириб, ўз вақтидан илгарилаб кетган эди.
Бошқа халқларда эса гигиена тушунчаси деярли йўқ эди. Мана бир нечта мисол:
Ахлат кўчаларда ётарди. Ифлосланган сув, бузилган озиқ-овқат ва бошқа қолдиқлар антисанитарияни юзага келтириб, касалликлар авжига чиқишига ва болаларнинг ўлимига сабаб бўларди.
Қадимда шифокорлар микроб ва касалликларни қўзғатувчи микроорганизмлар ҳақида ҳеч нима ёки кам нарса билишган. Мисрликлар «дориворлар» сифатида калтакесак қони, бирқозон нажаси, ўлик сичқонлар, сийдик ва моғорлаган нонни ишлатишарди. Тиббий муолажаларда ҳам одамнинг, ҳам ҳайвонларнинг ахлати кенг қўлланиларди.
Қадимда мисрликлар Нил дарёси ва суғориш каналларидаги ифлосланган сувдаги турли хил паразитлар дастидан касалликларга йўлиқарди. Масалан, Мисрда кўп чақалоқлар ич кетиш ва бузилган озиқ-овқат дастидан пайдо бўладиган бошқа касалликлардан ўлиб кетган.
Исроил халқи эса Худонинг қонунларига эга эди ва уларга риоя қилишгани учун бошқа халқлардаги инсонларга қараганда соғломроқ бўлишган.