Тирилиш бу нима?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Муқаддас Китобдаги «тирилиш» деб таржима қилинган сўз «кўтарилиш» ёки «қайта туриш» маъносини билдирувчи юнонча ана́стасис сўзидан келиб чиққан. Тирилган инсон ўлим ҳолатидан ҳаётга қайтади ва ўтмишда қандай инсон бўлган бўлса, худди шундай бўлиб тирилади. (1 Коринфликларга 15:12, 13)
Гарчи «тирилиш» сўзи Эски Аҳд деб аталган Ибронийча ёзувларда учрамаса-да, у ерда тирилиш таълимоти аниқ кўрсатилган. Масалан, Худо Ҳўшея пайғамбар орқали шундай ваъда берган: «Мозор чангалидан уларни қутқараман, ўлимдан уларни қайтариб оламан». (Ҳўшея 13:14; Аюб 14:13–15; Ишаё 26:19; Дониёр 12:2, 13)
Одамлар қаерда тирилади? Баъзи инсонлар Масиҳ билан бошқариш мақсадида самовий ҳаёт учун тирилади. (2 Коринфликларга 5:1; Ваҳий 5:9, 10) Муқаддас Китобда бу «биринчи тирилиш» деб номланган ва «биринчи» сўзидан яна бошқа тирилиш борлигини тушунса бўлади. (Ваҳий 20:6; Филиппиликларга 3:11) Кейинги тирилиш ер юзида содир бўлади ва аксарият инсонлар айнан мана шу тирилиш пайтида ҳаётга қайтади. (Забур 37:29)
Тирилиш қандай содир бўлади? Худо Исога ўлганларни тирилтириш қудратини берган. (Юҳанно 11:25) Исо «мозорларда бўлган ҳаммани», яъни ҳар бир инсоннинг шахсияти, феъл-атвори ва хотиралари қандай бўлган бўлса, шундайлигича ҳаётга қайтаради. (Юҳанно 5:28, 29) Самовий ҳаёт учун тириладиганлар руҳий танага эга бўлади. Ер юзидаги ҳаёт учун тириладиганлар эса мутлақ соғлом жисмоний танага эга бўлади. (Ишаё 33:24; 35:5, 6; 1 Коринфликларга 15:42–44, 50)
Кимлар тирилади? Муқаддас Китобда «адолатли ва адолатсиз одамларнинг тирилиши» ҳақида айтилган. (Ҳаворийлар 24:15) Адолатли инсонлар қаторига Нуҳ, Сора ва Иброҳим каби садоқатли одамлар киради. (Ибтидо 6:9; Ибронийларга 11:11; Ёқуб 2:21) Адолатсиз инсонлар қаторига эса Худонинг меъёрлари бўйича яшамаган одамлар киради, чунки бу одамлар Унинг меъёрларини ўрганиб, уларга амал қилиш имкониятига эга бўлмаган.
Бироқ ёвузлашиб кетган инсонлар ўзгаришни истамагани учун умуман тирилмайди. Бундай инсонлар ўлганида батамом йўқ бўлади ва уларнинг ҳаётга қайтиш умиди бошқа бўлмайди. (Матто 23:33; Ибронийларга 10:26, 27)
Тирилиш қачон юз беради? Муқаддас Китобга биноан, самода яшаш умидига эга бўлганлар Масиҳнинг ҳозир бўлиш пайтида тирилиши башорат қилинган эди ва бу давр 1914 йилда бошланган. (1 Коринфликларга 15:21–23) Ер юзида яшаш умидига эга бўлганлар эса Исо Масиҳ минг йил бошқарган пайтда, яъни рўйи замин жаннатга айланганида ҳаётга қайтади. (Луқо 23:43; Ваҳий 20:6, 12, 13)
Нега тирилишга ишониш оқилона? Муқаддас Китобда тўққизта тирилиш ҳақидаги батафсил баёнотни топса бўлади. Бу тирилишларнинг гувоҳлари ҳам бўлган. (3 Шоҳлар 17:17–24; 4 Шоҳлар 4:32–37; 13:20, 21; Луқо 7:11–17; 8:40–56; Юҳанно 11:38–44; Ҳаворийлар 9:36–42; 20:7–12; 1 Коринфликларга 15:3–6) Лазарнинг тирилиши алоҳида эътиборга лойиқ. Боиси унинг ўлганига тўрт кун бўлганди ва Исо халойиқ олдида мўъжиза яратиб, Лазарни тирилтирганди. (Юҳанно 11:39, 42) Ҳатто Исонинг душманлари ҳам бу мўъжизани инкор эта олишмаган, шунинг учун Исо билан Лазарни ўлдиришга тил бириктиришган. (Юҳанно 11:47, 53; 12:9–11)
Муқаддас Китобдан кўриняптики, ўлганларни ҳаётга қайтариш учун Худонинг ҳам кучи, ҳам истаги бор. У Ўзининг мукаммал хотирасида ҳар бир инсон шахсиятига доир барча тафсилотларни сақлаб, барча нарсага қодир кучи ёрдамида уларни тирилтира олади. (Аюб 37:23; Матто 10:30; Луқо 20:37, 38) Худо марҳумларни ҳаётга қайтара олади ва буни истайди! Муқаддас Китобда келажакдаги тирилиш тўғрисида гап кетганида, Худо ҳақида шундай дейилган: «Қўлларинг билан яратган ижодингни соғинасан». (Аюб 14:15)
Тирилиш борасидаги нотўғри фикрлар
Нотўғри фикр: тирилиш — бу жон билан тананинг бирлашишидир.
Тўғри фикр: Муқаддас Китобга кўра, жон — бу инсон ўлимидан кейин яшашда давом этадиган шахс эмас, балки инсоннинг ўзидир. (Ибтидо 2:7; Ҳизқиё 18:4) Тирилган инсон жон билан бирлашмайди; у тирик жон сифатида ҳаётга қайтади.
Нотўғри фикр: айрим инсонлар тирилиб, дарҳол йўқ қилинади.
Тўғри фикр: Муқаддас Китобга кўра, «ёмонлик қилганлар... ҳукм этилиш учун тирилади». (Юҳанно 5:29) Лекин улар ўтмишдаги эмас, балки тирилганидан кейин қилган ишлари асосида ҳукм қилинади. Исо шундай деб айтган: «Ўлганлар Худо Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келяпти... Унинг овозига қулоқ тутганлар тирилади». (Юҳанно 5:25) «Қулоқ тутганлар»нинг, яъни тирилганидан кейин ўрганганлари бўйича йўл тутган инсонларнинг исмлари «ҳаёт китобига» ёзиб қўйилади. (Ваҳий 20:12, 13)
Нотўғри фикр: инсон тирилганида яна ўлимидан олдинги танасида ҳаётга қайтади.
Тўғри фикр: ўлимдан кейин инсоннинг танаси чириб, тупроққа айланади. (Воиз 3:19, 20)