Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Қай йўсин вақтни тўғри режалаштириш мумкин?

Қай йўсин вақтни тўғри режалаштириш мумкин?

 Нега вақтни тўғри тақсимлаш керак?

  •   Вақтни пулга ўхшатса бўлади. Агар уни беҳуда сарфлаб юборсангиз, керак бўлганида топа олмайсиз. Лекин вақтни тўғри тақсимласангиз, ўзингиз ёқтирадиган ишларни ҳам бемалол қила оласиз.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Ялқов одамнинг орзулари кўп, лекин ҳеч вақоси йўқ, тиришқоқ эса ниятига эришади». (Ҳикматлар 13:4)

     Хулоса. Вақтни тўғри тақсимлаб, ўзингизни чекламайсиз, аксинча, янада эркинроқ бўласиз.

  •   Вақтни тўғри режалаштириш сизга катта ҳаётда асқатадиган ажойиб қобилиятдир. Ким билсин, эҳтимол, вақтдан тўғри фойдаланиш келажакда ишингизни йўқотмасликка ёрдам берар. Бир ўйлаб кўринг, доим кечикиб келадиган инсонни ишда қолдирармидингиз?

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Кичик нарсада ишончли бўлган, катта нарсада ҳам ишончли бўлади». (Луқо 16:10)

     Хулоса. Вақтни қай тариқа режалаштиришингизга қараб, қандай инсон эканингиз аён бўлади.

 Шуни тан олиш керакки, вақтни тўғри режалаштириш осон эмас. Масалан, бир неча тўсиққа эътибор қаратайлик.

 1- тўсиқ. Дўстлар

 «Дўстларим бирга айланишга таклиф қилишса, ҳатто умуман вақтим бўлмаса ҳам, уларга йўқ дея олмайман. “Уйга келганимда, ҳаммасини тезда қилиб қўяман”,— деб ўйлайман. Лекин бу доим ҳам ўхшамайди ва оқибатда барчаси чаппасига кетади». (Синтия)

 2- тўсиқ. Чалғишлар

 «Телевизор пилесосга ўхшайди. У сизни теледастурлар ва фильмлар билан ютиб юборади. Васвасага қарши туриш деярли имконсиз бўлади». (Айви)

 «Баъзида планшетимдан қўлимни уза олмайман. Айтишга ҳам уяламан, лекин фақатгина қуввати тугаганида, ўзимни тўхтата оламан». (Мари)

 3- тўсиқ. Ишни кейинга қолдириш

 «Мактабда олган уй вазифаларимни ва қилишим керак бўлган ҳар қандай ишни кейинга қолдираман. Вақтимни бўлмағур ишларга сарфлайман-да, кейин вақт озгина қолганида қимирлаб қоламан. Тан олишим керакки, вақтимни тўғри режалаштира олмайман». (Бет)

Вақтни тўғри тақсимлаб, ўзингизни чекламайсиз, аксинча, янада эркинроқ бўласиз

 Нима қила оласиз?

  1.   Муҳим ишлар рўйхатини тузинг. Масалан, бу рўйхатга уй юмушларини ва дарс тайёрлашни киритишингиз мумкин. Ҳафта мобайнида ҳар бир вазифани бажариш учун қанча вақт сарфламоқчи эканингизни ёзиб чиқинг.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Қайси нарсалар муҳимроқ эканини фарқланглар». (Филиппиликларга 1:10)

  2.   Бўш вақтингизда нима билан шуғулланишни ёқтиришингизни ёзиб чиқинг. Мисол учун, бу ижтимоий тармоқларда ўтириш ёки телевизор томоша қилиш бўлиши мумкин. Бу ерда ҳам, ҳар бир машғулотга ҳафта мобайнида қанча вақт сарфламоқчи эканингизни белгилаб қўйинг.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Оқилона йўл тутиб, фурсатни бой берманглар». (Колосаликларга 4:5)

  3.   Режа тузинг. Тузган иккита рўйхатингизга диққат қаратинг. Муҳим ишлар учун етарлича вақт ажратдингизми? Дам олишга кетадиган вақтни қисқартириш керак эмасми?

     Маслаҳат: кундалик ишлар рўйхатини тузиб, ҳар бирини бажариб бўлгач, текширинг.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Тиришқоқнинг режалари муваффақият келтиради». (Ҳикматлар 21:5)

  4.   Режангизга амал қилинг. Эҳтимол, дўстларингиз бирга дам олишга таклиф қилганда, таклифни рад этиб, муҳимроқ ишларни бажарарсиз. Шунда бўш вақтингиз кўпроқ эканини пайқайсиз ҳамда ўзингизга ёқадиган ишни бажара оласиз.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Ялқов эмас, меҳнатсевар бўлинглар». (Римликларга 12:11)

  5.   Вақтли ҳаракат — охири баракат. Тара исмли бир қиз қуйидагича деди: «Рўйхатимдаги бир-иккита ишни қиламан-да, 15 дақиқа телевизор томоша қилиб олай, кейин қолган ишларни давом эттиравераман, дейман. 15 дақиқа 30 дақиқага, 30 дақиқа эса 1 соатга айланади. Қарабсизки, телевизор олдида нақ икки соат ўтирган бўламан!»

     Бунинг ечими қандай? Дам олишни кунингизнинг ажралмас қисми деб эмас, якунлаган ишларингиз учун мукофот деб билинг.

     Муқаддас Китобдаги принцип: «Инсон учун... қилган меҳнатининг роҳатини кўришдан яхшироқ нарса йўқ». (Воиз 2:24)