ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Муқаддас Китобдан қандай фойда оламан? 1- қисм. Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш
«Муқаддас Китобни ўқишга ҳаракат қилганман, аммо жуда катта китоб эканини кўриб, юрагим орқага тортарди». (Бриана, 15 ёш)
Сизда ҳам шундай туйғулар бўладими? Ушбу мақола сизга қўл келиши мумкин!
Нима учун Муқаддас Китобни ўқиш керак?
Муқаддас Китобни ўқиш зерикарлими? Агар ҳа бўлса, тушунарли. Муқаддас Китоб майда ҳарфлари бор минглаб саҳифадан иборат ва ҳеч қандай расми йўқ китоб, деб ўйларсиз. Телевизор ва видеолар билан солиштирганда, бу зерикарли туюлиши мумкин.
Лекин бир ўйлаб кўринг: борди-ю, хазина солинган қадимги сандиққа дуч келсангиз, ичида нима бор экан, деб қизиқасизми?
Муқаддас Китоб айнан шундай хазина солинган сандиққа ўхшайди. У ерда доноликка эга бўлишингизга ёрдам берадиган кўп марваридлар бор. Масалан:
-
тўғри қарор қабул қилиш;
-
ота-она билан тил топишиш;
-
энг яхши дўстларни топиш;
-
стрессни енгиш.
Ушбу қадимий китоб қай йўсин бугунги кунда шунчалик амалий бўлиши мумкин? Чунки «Муқаддас Ёзувларнинг ҳаммаси Худо томонидан илҳомлантирилган». (2 Тимўтийга 3:16) Бу Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар энг ишончли Шахсдан эканини англатади.
Муқаддас Китобни қай йўсин ўқишим керак?
Йўлларидан бири — Муқаддас Китобни бошидан охиригача ўқиб чиқиш. Бу туфайли Муқаддас Китобда нима ёзилгани борасида тасаввурга эга бўласиз. Уни турли усуллар ёрдамида ўқиш мумкин. Қуйидаги иккита усулга эътибор беринг:
-
66 та китобни бирин-кетин тартиб билан Ибтидодан Ваҳийгача ўқиб чиқишингиз мумкин.
-
Шунингдек, Муқаддас Китобни хронологик тартибда, яъни ўзаро боғлиқ воқеаларни содир бўлиш тартиби бўйича ўқишингиз мумкин.
Маслаҳат: «Янги дунё таржимаси»нинг А7 иловасидан Исонинг ердаги ҳаётининг асосий ҳодисалари хронологик тартибда келтирилган маълумотни топишингиз мумкин.
Муқаддас Китобни ўқишнинг иккинчи йўли сиз дуч келаётган қийинчиликлар билан боғлиқ воқеаларни топиш. Мисол учун:
-
Ишончли дўстлар орттиришни истайсизми? Йўнатан ва Довуднинг ҳикоясини ўқинг. (1 Шоҳлар 18–20- боблар) Довуднинг қайси фазилатлари Йўнатан билан яқин муносабатларга эга бўлишига ёрдам берган?
-
Васвасага қарши туриш қарорингизни мустаҳкамлашни истайсизми? Қай йўсин Юсуф васвасага қарши тургани ҳақида ўқиб кўринг. (Ибтидо 39- боб) Юсуфга васвасага қарши туриш учун қаердан куч олган?
-
Ибодат орқали қандай ёрдам олишингиз мумкинлигини билмоқчимисиз? Нахимиё билан юз берган воқеани ўқиб кўринг. (Нахимиё 1- ва 2- боблар) Унинг ибодатлари қай йўсин бажо бўлганининг тасдиғини билиб олинг.
Маслаҳат: Муқаддас Китобни ўқиётганингизда чалғимаслик учун тинч жойни танланг.
Муқаддас Китобни ўқишнинг учинчи йўли бирон воқеа ёки санони мутолаа қилиб, сўнг билиб олганларингиз сизга қандай тегишли экани борасида мулоҳаза юритишдир. Ўқиб бўлгач, ўзингизга қуйидагига ўхшаш саволларни беринг:
-
Нега Яҳова бу Муқаддас Китобда ёзиб қолдирилишига ғамхўрлик қилди?
-
Бу Яҳованинг шахсияти ёки у қандай йўл тутиши борасида нимани очиб беряпти?
-
Қай йўсин бу маълумотни амалда қўллай оламан?
Маслаҳат: ўзингизга мақсад қўйинг! Қачондан Муқаддас Китобни ўқиш дастурини бошламоқчи эканингизни ёзиб қўйинг.