ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Қачон эркин бўлиб яшайман?
Нега ота-онам доим ҳаётимга аралашади?
Ота-онангизнинг фикрича, улар сиз ҳақингизда шунчаки қайғуришмоқда. Лекин сизнинг фикрингизча, улар эркинлигингизни чеклаб қўйишяпти. Масалан:
«Дадам телефонимни олиб қўяди, паролни айтишимни талаб қилади ва ҳамма СМСларимни ўқийди. Агар бир нима дейдиган бўлсам, дадам мен ниманидир яширмоқчи эканимни айтади»,— деб бўлишди ўсмир Эрин.
Ёши 20 ларда бўлган Дениз онаси илгари телефон учун тўловларни синчковлик ила текширганини эслайди. У шундай деди: «Ҳар бир рақам кимга тегишли эканини суриштириб, у билан нима ҳақида гаплашганимни сўрарди».
Ёши 19 да бўлган Кайла бир куни онаси унинг хотира дафтарчаларининг бирини ўқиб чиққанини айтди. «У ерда ҳар хил туйғуларимни ва ҳатто ойим ҳақида бир-иккита гап ёзгандим. Бундан кейин хотира дафтарча тутмайдиган бўлдим»,— деди Кайла.
Хулоса. Ота-онангиз сиз учун жавобгар ва сизни қанчалик қаттиққўллик ила тарбиялашини назорат қила олмайсиз. Гоҳида улар ҳаддан ошириб юборишгандай туюладими? Балким. Лекин қувонарлиси шуки, ҳаддан ортиқ эзилмаслик учун баъзи чоралар кўра оласиз.
Нима қилишингиз мумкин?
Очиқ-ойдин гаплашинг. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳар нарсада ҳалол бўл». (Ибронийларга 13:18) Ота-онангиз билан суҳбатлашганда бу маслаҳатга амал қилинг. Улар билан ростгўй бўлиб, ҳаммасини очиқ-ойдин айтинг, шунда сизга ишончлари ортиб, кўпроқ эркинлик беришар.
Ўйлаб кўринг: қандай обрўга эгаман? Менга ишонишадими? Уйга айтилган вақтда келаманми? Дўстларим кимлигини ва нималар қилиб юрганимни яширмаяпманми?
«Ота-онам билан ўзаро келишиб олдик. Ҳаётим қандай кечаётганини очиқ-ойдин гапириб бераман. Улар билмоқчи бўлган барчасини айтиб бераман, улар эса менга ишониб, эркинлик беришади». (Делия)
Сабрли бўлинг. Муқаддас Китобда: «Юриш-туришингиз ўрнакли бўлсин»,— дейилган. (1 Бутрус 2:12) Ишонч қозониш учун биргина яхши ҳаракатнинг ўзи етарли эмас. Ота-онангизнинг ишончига сазовор бўлмоқчи бўлсангиз, юриш-туришда ўрнакли бўлишингиз зарур. Ишонч қозониш учун анчагина вақт талаб қилиниши мумкин, аммо ҳаракат қилиш арзийди.
Ўйлаб кўринг: ота-онангиз ҳам қачонлардир ўсмир бўлган. Эҳтимол, шунинг учун улар ҳаётингизга шунчалик қизиқиш кўрсатаётгандир.
«Менимча, ота-оналар қилган хатоларини эслаб туришади ва биз уларни такрорламаслигимизни исташади». (Даньел)
Тушунишга интилинг. Ўзингизни ота-онангизнинг ўрнига қўйиб кўринг. Худонинг Каломида яхши хотин «уйидаги ишларни назорат қилади» ва яхши ота болаларига «Яҳованинг тарбиясини бериб, Унинг йўл-йўриғи билан уларни ўстиради» деб ёзилган. (Ҳикматлар 31:27; Эфесликларга 6:4, изоҳ) Ҳаммаси тушунарли, улар ўз вазифасини яхши бажаришлари учун сизнинг ҳаётингизда иштирок этишлари керак.
Ўйлаб кўринг: айтайлик, сиз ота ёки онасиз ва ўсмир болангиз бор. Сиз ўсмирлар дуч келаётган барчасини билган ҳолда унинг ҳаётида умуман иштирок этмаган ва ҳеч қандай савол бермаган бўлармидингиз?
«Ўсмир бўлганингизда, ота-онангиз доимо ишларингизга “суқилаётгандай” туюлади. Энди ёшим улғайганда, нега улар шундай қилишганининг сабабини тушуняпман. Бу уларнинг севгисидан далолат беради». (Жеймс)