Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобни ўз таълимотларига мослаштириш учун уни ўзгартиришганми?
Йўқ. Аксинча, ишониб келган таълимотлар Муқаддас Китобга зид бўлганини аниқлагандан сўнг нуқтаи назаримизни ўзгартирардик.
«Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»ни 1950 йили нашр этишни бошлаганимиздан анча йиллар олдин Муқаддас Китобни тадқиқ қилардик. Бор бўлган барча таржималарни қўллардик ва таълимотларимизни улар асосида аниқлардик. Яҳованинг Шоҳидлари кўп йиллар давомида ишониб келган баъзи таълимотларни кўриб чиқиб, улар Муқаддас Китобга зид ёки зид эмаслигини текширинг.
Худо учлик эмас. «Сион қўриқчи минораси»нинг (ингл.) 1882 йили июль сонида шундай ёзилган: «Ўқувчиларимизга маълумки, биз Яҳовага, Исо Масиҳга ва муқаддас руҳга ишонамиз, аммо учта худо бирикиб битта худони англатади ёки баъзиларнинг айтишича, Худо учта шахсдан иборат деган таълимотни Муқаддас Китобга умуман зид деб биламиз».
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Яҳова Худойимиз танҳо Яҳова». (Қонунлар 6:4, «Муқаддас Китоб. Роберт Янг») «Отамиз Худо бор... Исо Масиҳ бор. Ҳамма нарса у орқали вужудга келган». (1 Коринфликларга 8:6, Туркия, 1998) Исонинг ўзи: «Отам мендан улуғдир»,— деб айтган. (Юҳанно 14:28, Туркия, 1998)
Абадий оташин дўзахда азоблар йўқ. «Сион қўриқчи минораси»нинг (ингл.) 1882 йили июнь сони Римликларга 6:23 га («Қирол Жеймс Библияси»га) асосланган бўлиб, «Гуноҳнинг эвази — ўлим» деб номланган мақола чиққан. У ерда шундай ёзилган: «Бу аниқ ва тушунарли сўзлар. Қизиғи шундаки, Муқаддас Китобни Худонинг Каломи деб тан олаётган кўп одамлар уларни қатъиян рад этиб, гуноҳнинг эвази — оташин дўзахда абадий азоб чекиш дейилганига ишонишади ва Муқаддас Китобда шундай дейилган деб таъкидлашади».
Муқаддас Китобда шундай дейилган: Худога қарши бўлганлар учун сўнгги жазо сифатида абадий азоблар эмас, «абадий ҳалокат» бўлади. (2 Салоникаликларга 1:9, Туркия, 1998)
Худонинг Шоҳлиги шунчаки қалб ҳолати эмас, мавжуд бўлган ҳукумат. «Сион қўриқчи минораси»нинг (ингл.) 1881 йили декабрь сонида у ҳақида қуйидагича ёзилган: «Бу Шоҳликнинг ўрнатилиши ер юзидаги барча шоҳликларнинг қулашини ўз ичига олади».
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ўша шоҳларнинг даврида Самовий Худо битмас-туганмас бир шоҳлик ўрнатади. Ҳеч ким уни енга олмайди. Бу шоҳлик бошқа барча шоҳликларни ер билан яксон қилиб, ўзи абадий туради». (Дониёр 2:44, Туркия, 1998)
Яҳованинг Шоҳидлари фақат «Янги дунё таржимаси»дан фойдаланишадими?
Йўқ. Муқаддас Китоб асосидаги таълим бериш фаолиятимизда кўпгина турлича таржималарни қўллаймиз. Муқаддас Китобни тадқиқ қилмоқчи бўлганларга «Янги дунё таржимаси»ни бепул тарзда берамиз, лекин Муқаддас Китобнинг бошқа таржималари асосида тадқиқ ўтишни хоҳлаган кишиларга улардан фойдаланиб тадқиқ ўтказишга тайёрмиз.