Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

«Жанг санъати жону дилим эди»

«Жанг санъати жону дилим эди»
  • Туғилган йили: 1962

  • Мамлакати: Қўшма Штатлар

  • Ўтмишда: жанг санъатига муккасидан кетган

ОЛДИНЛАРИ

 Машғулотлар пайтида рақибимни қўққисдан жароҳатлаб қўйгандим, бурнига тепиб юборгандим. Роса виждоним қийнарди, жанг санъатига чек қўйишим ҳақида ўйлай бошладим. Нега ўша вазият дастидан шу қадар яхши кўрган ва ҳаётимнинг анчагина қисмини бағишлаган спортга бўлган муносабатимни ўзгартирдим? Аввал, бу соҳага қандай кириб қолганимни айтиб берай.

 Мен Буффало шаҳрида (Нью-Йорк, АҚШ) улғайганман. Ота-онам тинчликсевар католиклар эди. Мен католик мактабида ўқирдим ва руҳонийга қурбонгоҳ олдида ёрдам берардим. Ота-онам опам ва мен ҳаётда муваффақиятли бўлишимизни хоҳлашган. Шунинг учун, мактабдан сўнг спорт билан шуғулланишга ва ярим кун ишлашга рухсат беришган. Шу билан бирга яхши баҳоларга ўқишим керак эди. Бу туфайли болалигимданоқ ўзимни интизомга бўйсундиришга одатланганман.

 17 ёшимда жанг санъатига кириб кетдим. Кўп йиллар мобайнида ҳафтада олти кун, ҳар куни уч маҳал машқ қилардим. Ҳар ҳафта шунингдек, кўп соатлар давомида онг машғулотларини ўтказиб, яхшиланиш мақсадида видеолар томоша қилардим. Кўз боғланган ҳолда, ҳатто қурол-аслаҳалар билан машқ қилиш жону дилим эди. Биттагина зарба билан тахта ёки ғиштни синдира олардим. Натижада, энг зўр спортчиларнинг бирига айланиб, мусобақаларда мукофотларни қўлга киритдим. Жанг санъати ҳаётим мазмунига айланган эди.

 Ўзимни муваффақиятли деб ўйлардим. Университетни ҳам аъло баҳоларга битирдим. Сўнг машҳур бир компанияда компьютерлар муҳандиси бўлиб ишлардим. Компанияда мукофот пули бериларди, уй сотиб олдим ва битта қиз билан учрашардим. Четдан қараганда, бахтли ҳаёт кечирардим, лекин ундай эмас эди. Чунки ҳаёт мазмуни ҳақидаги саволлар тинчлик бермасди.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ

 Жавоблар топиш учун ҳафтада икки марта черковга борадиган бўлдим ва Худодан ёрдам сўрардим. Бир сафар ошнам билан қурган суҳбат ҳаётимни ўзгартириб юборди. Мен: «Ҳаёт мазмуни нимада, деб ўйлаб кўрганмисан? Ҳаётимиз муаммою ноҳақликка тўлиб-тошган»,— дедим. У худди шундай нарсалар ҳақида ўйлаганини ва Муқаддас Китоб асосида қониқарли жавоблар топганини айтди. У менга «Ер юзидаги жаннатда абадий яшай оласиз» a деган китобни бериб, Муқаддас Китобни Яҳованинг Шоҳидлари билан тадқиқ қилаётганини айтди. Бошида иккиландим, бошқа дин адабиётларини ўқимаслигим керак, деб ўйлардим. Аммо саволларимга жавоб топиш истагим барча шубҳалардан устун келди. «Яҳованинг Шоҳидлари мантиқан тўғри фикр юритишяптимикин?» — деб қизиқиб қолдим.

 Муқаддас Китобда ёзилган таълимотлар мени лол қолдирди. Худонинг инсонлар учун илк нияти улар ер юзида абадий яшашидан иборат эканини ва бу нияти ўзгармаганини билиб олдим. (Ибтидо 1:28) Ўзимда бор бўлган «Қирол Жеймс Библияси» нашридан Худонинг исми Яҳова ва у мен айтадиган намунали ибодатимдаги исм эканини билиб ҳайратда қолган эдим. (Забур 83:18; Матто 6:9) Қолаверса, нега Тангри одамлар азоб чекишига йўл қўйганини ҳам охир-оқибат тушундим. Билиб олган ҳамма нарсам мантиқан тўғри эди! Ҳайратда эдим.

 Яҳова Шоҳидларининг йиғилишига биринчи борганим ҳали ҳам эсимда. Ҳамма хушмуомала бўлиб, мен билан танишарди. Маърузачи Худо ибодатларни эшитиб, уларга жавоб бериши учун қандай ибодат қилиш кераклиги тўғрисида айтиб берган эди. Бу мен учун жуда қизиқ эди, сабаби Худога тез-тез ибодат қилиб ёрдам сўрардим. Кейин Қутлуғ Кечлик маросимига бордим. Йиғилишларда болалар ҳам Муқаддас Китобни очиб, оятларни ўқиганини кўриб таажжубланардим. Аввал, оятларни қандай топиш мумкинлигини билмасдим, аммо Яҳованинг Шоҳидлари меҳрибон бўлиб, мени Муқаддас Китобдан фойдаланишга ўргатишди.

 Борган сайин Яҳова Шоҳидларининг юқори сифатли таълим бериш усулини қадрлай бошладим. Ҳар бир йиғилишда янги бир нарсани билиб олардим ва доим таскин топардим. Сўнг менга Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни таклиф қилишди.

 Черковда кўрганларим Яҳованинг Шоҳидлари орасида кўрган барчасидан тубдан фарқ қиларди. Улар якдил бўлиб, Худони мамнун қилиш ниятида қўлидан келганини қилишга жон куйдиришарди. Уларнинг орасида ҳақиқий масиҳийларни ошкор этадиган бир белги, яъни меҳр-муҳаббат борлигига ишонч ҳосил қилдим. (Юҳанно 13:35)

 Муқаддас Китобни тадқиқ қилганим сари, ундаги меъёрлар асосида яшаш учун ҳаётимга ўзгаришлар кирита бошладим. Бироқ жанг санъатига умримда ҳам чек қўяман, деб ўйламаган эдим. Машқ қилишни ва мусобақаларни роса яхши кўрардим. Бир куни бу ҳақида мен билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказган биродарга айтдим. У меҳр ила: «Тадқиқ қилишни давом этиб турайлик. Сиз тўғри қарор чиқаришингизга аминман»,— деб жавоб берди. Бу, эшитишим керак бўлган сўзлар эди. Ҳақиқатдан ҳам, тадқиқ қилганим сайин, Тангри Яҳовани мамнун қилиш истагим кучайиб борарди.

 Юқорида, рақибимнинг бурнини жароҳатлаганим ҳақида айтиб ўтган воқеа ҳаётимни кескин ўзгартирди. Ўшандан кейин, жанг санъати билан шуғулланишни давом эттирсам, Исо Масиҳнинг тинчликсевар издоши бўла оламанми, деб жиддий ўйлай бошладим. Ишаё 2:3, 4 га биноан, Яҳованинг қонунлари бўйича яшайдиганлар «жанг қилишни бошқа ўрганмайди». Исо Масиҳ ҳам ҳатто бошқалар ноҳақ йўл тутганда, зўравонликка қўл урмасликка ўргатган. (Матто 26:52) Шунинг учун, роса яхши кўрган спортга чек қўйдим.

 Сўнг эса, Муқаддас Китобдаги «художўйлик йўлида машқ қил», деган маслаҳатга амал қилардим. (1 Тимўтийга 4:7) Ҳозир, олдинлари жанг санъатига кетказган вақт ҳамда кучимни Худога кўпроқ яқинлашишга ва Унга хизмат қилишга сарфлаяпман. Учрашиб юрган қиз мен Муқаддас Китобдан билиб олганларимга қўшилмади, шунинг учун алоқани уздик. 1987 йили 24 январда Яҳованинг Шоҳиди сифатида сувга чўмдим. Вақт ўтиб, тўла вақтли хизматни бошлаб, бошқаларга Муқаддас Китоб асосида ихтиёрий равишда таълим берадиган бўлдим. Ўшандан бери тўла вақтли хизматимни давом эттиряпман. Шунингдек, Яҳова Шоҳидларининг халқаро бош идорасида (Нью-Йорк, АҚШ) меҳнат қилганман.

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

 Худо тўғрисида ҳақиқатни билиб олдим. Ҳаётим беҳуда ўтиб кетаётганини ҳис этмаяпман. Аксинча, ҳаёт мазмунига эгаман ва келажакка нисбатан қатъий умидим бор, чин дилдан бахтиёрман. Ҳозир ҳам машқ қилиб тураман, аммо жисмоний машқлар энди биринчи ўринда эмас. Мен учун биринчи навбатда Тангри Яҳовага хизмат қилиш.

 Жанг санъати билан шуғулланганимда, доим ҳушёр бўлиб юрардим, чунки кимдир менга ҳужум қилиши мумкин, деган фикрда эдим. Ҳозир ҳам ҳушёрман, бироқ бошқа сабабга кўра, уларга ёрдам бермоқчиман. Муқаддас Китоб туфайли сахий инсонга айландим. Гўзал рафиқам Бренда учун ғамхўр эр бўла оляпман.

 Тўғри, жанг санъати жону дилим эди. Лекин ундан ҳам яхшироқ нарсани топдим. Муқаддас Китобда шундай деб ёзилган: «Жисмоний машқ оз фойда келтиради. Аммо художўйлик ҳар нарса учун фойдалидир, зеро у ҳозирги ва келажак ҳаётга тегишли ваъдаларни ўз ичига олган». (1 Тимўтийга 4:8)

a Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган, ҳозир эса чоп этилмайди.