Асосий материалларга ўтиш

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАДИ

«Энди зўравон эмасман»

«Энди зўравон эмасман»
  • Туғилган йили: 1973

  • Мамлакати: Уганда

  • Ўтмишда: зўравон ва ишратпараст ичкиликбоз

ОЛДИНЛАРИ

 Мен Уганданинг Гомба деган ҳудудида туғилганман. У ердаги кўпчилик жуда қашшоқ. Шаҳримизда электр қуввати бўлмагани учун кечки пайт керосин лампасини ёқардик.

 Ота-онам қишлоқ хўжалиги билан шуғулланарди. Улар Угандага Руандадан кўчиб келишди. Ота-онам қаҳва ҳамда банан етиштириб, банандан «вараги» деб аталадиган ҳудудимизда кенг тарқалган спиртли ичимликни тайёрлашарди. Қолаверса, улар товуқ, эчки, чўчқа ва мол боқишарди. Маданиятимизда хотин лом-мим демай эрига бўйсуниши кераклиги табиий ва мен бунга одатланиб улғайганман.

 23 ёшимда Руандага кўчиб кетдим ва у ерда тенгдошларим билан тунги клубларга борардик. Битта клубга тез-тез борганимдан, у ерга бепул кира олишим учун ҳатто карта беришди. Бундан ташқари, одамлар муштлашиб, кўз олдингизда қотиллик кўрсатилган кинолар кўришни яхши кўрардим. Бундай нарсаларни кўрганим ва бирга вақт ўтказган инсонлар дастидан зўравон ва ишратпараст ичкиликбозга айландим.

 2000 йили Сколастик Кабагвира исмли ёш аёл билан бирга яшай бошладик ва учта фарзанд кўрдик. Болалигимдан хотин эрини қаршилаганда ёки ундан нимадир сўраганда, тиз чўкиши кераклигини тўғри деб билганим учун, Сколастик ҳам шундай қилишини талаб қилардим. Қолаверса, биз эга бўлган барча нарса фақат меники деб, хоҳлаганимни қилишимни айтардим. Одатда кечки пайт уйдан кетиб, маст бўлиб тунда соат учларда қайтардим. Эшикни тақиллатганимда, Сколастик тезда очмаса, роса таъзирини берардим.

 Ўшанда хусусий муҳофаза корхонасида бошлиқ бўлиб ишлардим. Ойлигим зўр эди. Ўзгаришимга умид боғлаб Сколастик мен у билан бир черковга боришимни сўрарди. Аммо у ерга боргим келмасди. Бунинг ўрнига, бошқа бир аёлга илакишиб қолгандим. Охири, қўполлигим ва маишатпарастлигим дастидан Сколастик фарзандларимизни олиб, ота-онасиникига кетиб қолди.

 Бир куни ёши катта бир дўстим мен билан ҳаётим борасида гаплашиб қолди. У мени Сколастик билан ярашишга ундаб, ширинтой болаларимиз отасиз яшамаслиги керак деб айтди. Шундай қилиб, 2005 йили ичишни ташладим, бошқа аёл билан муносабатларга чек қўйиб, Сколастик билан ярашдим. 2006 йили эса турмуш қурдик. Аммо унга бурунгидай зўравонлик қилиб, қўл кўтарардим.

МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ

 2008 йили уйимизга Жоэль исмли Яҳованинг Шоҳиди келди ва мен уни тингладим. Бир неча ой давомида у ва Бонавантюр исмли яна бир Яҳованинг Шоҳиди меникига мунтазам равишда келарди. Биз Муқаддас Китоб асосида қизғин суҳбатлар қурардик. Турлича, айниқса, Ваҳий китоби борасида жуда кўп саволлар берардим. Улар нотўғри йўлда эканини исботламоқчи эдим. Масалан, қанақасига Ваҳий 7:9 да тилга олинган «улкан оломон» ер юзида яшайди, деб таъкидлаяпсиз, ахир бу оятнинг ўзида улар «тахт [Худо] ва Қўзининг [Исо Масиҳнинг] қаршисида туришарди» дейилмаганми, деб сўрадим. Жоэль саволларимга сабр ила жавоб берарди. У Ишаё 66:1 ни кўрсатди. Бу оятда Худо ерни оёқ қўядиган «курсим» деб атайди. Демак, улкан оломон Худонинг тахти қаршисида ер юзида тургани рост. Кейин одил кишилар ер юзида абадий яшашини кўрсатадиган Забур 37:29 ни ўқиб берди.

 Натижада у билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтишга рози бўлдим. Бонавантюр Сколастик иккимиз билан тадқиқ ўтказарди. Бу тадқиқ туфайли ҳаётимни ўзгартирдим. Хотинимни ҳурмат қилишни ўргандим. Мен билан саломлашганда ёки нимадир сўраганда, тиз чўкишини талаб қилмай, оиламиздаги бор нарса фақат меники, деб ҳисобламайдиган бўлдим. Зўравон киноларни томоша қилишни ҳам йиғиштирдим. Ўзгаришлар қилиш жуда қийин эди. Ўзимни тута билишим ва камтарин бўлишим зарур эди.

Муқаддас Китоб ёрдамида анча меҳрибонроқ эрга айландим

 Ўшандан бир неча йил аввал тўнғич ўғлим Кристьянни Угандага қариндошларимникига жўнатиб юборган эдим. Бироқ Қонунлар 6:4–7 ни ўқигач, Худо олдида болаларимизга мен ва хотиним ғамхўрлик қилишга, жумладан, Муқаддас Китобда ёзилганларни уларга ўргатишга масъулиятли эканимизни тушундим. Ўғлимизни уйга олиб келганимизда, ҳаммамиз роса суюнганмиз!

ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?

 Яҳова раҳмдил Худо эканини билиб олдим. У ўтмишдаги барча қилиқларимни кечирганига ишонаман. Сколастик билан биргалашиб Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаганимиздан хурсандман. Ҳаётимизни Яҳовага бағишлаб, 2010 йили 4 декабрда бирга сувга чўмдик. Ҳозир бир-биримизга тўлиқ ишонамиз ва оиламизда Муқаддас Китобдаги принципларга амал қилаётганимиздан бахтиёрмиз. Хотиним ишдан кейин дарров уйга келишимдан жуда қувонади. Бундан ташқари, унинг ҳурматини жойига қўйиб, яхши муомала қилганимдан, ичкиликни ташлаганимдан ва энди зўравон эмаслигимдан ҳам у хурсанд. 2015 йили жамоатдагиларга ғамхўрлик қилишга ёрдам бериш учун оқсоқол бўлиб тайинландим. Ҳозир бешта фарзандимиз бор, учтаси сувга чўмган.

 Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаганимда, айтилаётган нарсаларга кўр-кўрона ишониб қолмаганман. Менга таъсир қилган нарса, улар саволларимга Муқаддас Китоб асосида жавоб бергани бўлди. Вақт ўтиб, Сколастик иккимиз ўзини ҳақ Худонинг хизматчилари, деб атаётган инсонлар нафақат ўзлари хоҳлаган, балки Унинг барча меъёрлари бўйича яшаши кераклигини тушундик. Энг асосийси, Яҳова мени Ўзига жалб қилгани ва Унга садоқат ила топинаётганлар қаторида эканим учун жуда миннатдорман. Ўтмишга боқиб, шуни айта оламанки, Худонинг кўмаги билан ҳар қандай самимий инсон Унга маъқул келиш ниятида ҳаётини ўзгартира олади.